1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Хотиннинг эрдаги ҳақлари нималардан иборат?

 

 

 

Аллоҳ насиб этса, яқинда ўйланмоқчиман. Аммо ҳозиргача бўлажак рафиқамнинг менда қандай ҳақлари борлиги ҳақидаги шариатимиз кўрсатмаларини яхши билмайман. Шулар ҳақида кенгроқ тушунтириб беришингизни илтимос қилмоқчи эдим.

ЖАВОБ: Уламоларимиз хотиннинг эрдаги ҳақлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар. Хотиннинг эрдаги ҳақлари икки қисмга бўлинади: 1. Молиявий ҳуқуқлар; 2. Муомалавий ҳуқуқлар.
Молиявий ҳуқуқлар маҳр ва нафақадан иборат.
1. Маҳр ҳақи. «Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган молдир.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар, уни енглар, ош бўлсин» (4-оят), деган. Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта оятдан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Гарчи қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди-бердини кейинроқ қилса ҳам бўлаверади.
2. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.
Қуръонда келган далиллар: Аллоҳ таоло Талоқ сурасида: «Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур» (7-оят), деган; Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир» (233-оят), деган; Аллоҳ таоло Талоқ сурасида: «У (аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», (6-оят).
Суннатда келган далиллар: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида дедилар: «Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни жонлари ачишмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор» (Муслим, Абу Довуд ва Молик ривоят қилишган).
Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизларда хотинимизнинг нима ҳақи бор?» дедим. «Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан, қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот» (Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлур», деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот (Имом Бухорий ва Муслим  ривоят қилишган).
Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб эканига иттифоқ қилишган. Аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.
Шунингдек, аёлнинг эридаги муомалавий ҳуқуқлари, яъни, эрнинг зиммасида хотини олдидаги одоблари ҳам бор:
1. Эрнинг тўй қилиши мустаҳабдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ ранг асарини кўриб: «Бу нима?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим», деди у. «Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма қилгандек валийма қилмадилар. Унга бир қўй ила валийма қилдилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган).
Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳда ҳаром билан ҳалол орасининг ажратилиши чилдирма ва овозадир»,  дедилар» (Насаий ва Термизий ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу никоҳни эълон қилингиз, уни масжидларда ўтказингиз, унинг учун чилдирмалар чалингиз», дедилар» (Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган).
Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қуразата ибн Каъб ва Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳумонинг олдиларига бир никоҳ тўйида кирдим. Қарасам, жориялар қўшиқ айтишмоқда. «Икковингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлсангиз, Бадр аҳлидан бўлсангиз, ҳузурингизда шундай иш бўлиб туриши нимаси?» дедим. «Хоҳласанг, бизлар билан ўтириб эшит. Хоҳласанг, жўнаб кетавер. Батаҳқиқ, бизга никоҳ тўйида кўнгилхушликка рухсат берилган», деди икковлари” (Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган).
2. Эр хотинига чиройли муомалада бўлиши ва унинг озорларига чидаши лозим.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Ва улар ила яхшиликда яшанг» (19-оят), деган.
Ислом таълимотларига биноан эр-хотин орасидаги муомала муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфатлик алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» деганлар. Аллома Ибн Касир: «Уларга ширинсуханлик қилинг, яхши муомалада бўлинг, иложи борича кўринишингизни гўзал қилинг», деган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» (21-оят) деган. Никоҳ туфайли эр-хотин нафақат жисман, балки руҳан ҳам қўшилади. Уларнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, виждонлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахт-саодатлари – барча-барчаси қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳнинг исми ва Пайғамбарнинг суннатлари ила қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир. Ояти каримадаги «аҳду паймон»нинг маъноси ҳақида Суфён Саврий: «Яхшилик ила тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», деганлар. Робеъ ибн Анас эса: «Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз», деган ҳадисларидан иборатдир», деган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилсин! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман, деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!» дедилар» (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
Бошқа бир ривоятда: «Албатта, аёл киши қовурғадан яратилгандир. У сен учун бир йўлда мустақим турмас. Агар сен ундан эгрилиги бўйича ҳузурлансанг, ҳузурланиб қолдинг. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Уни синдиришинг талоқ қилишингдир», дейилган.
Айбсиз инсон йўқ, жумладан, хато қилмайдиган аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Парвардигорнинг Ўзи. Аёл кишини Аллоҳ таоло ўзига хос табиат билан яратган. У хотин бўлиши, она бўлиши ва бу вазифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Шунинг учун ҳам аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур. Бунинг акси ўлароқ, унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага келган. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан юз нафар ва бундан ҳам ортиқ эркак киши кўтара олмайдиган нарсани кўтариши мумкин, аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги аниқ. Эр ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда хотинига яхши муомалада бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда: «Аёлларга доимо яхшилик қилинг!» демоқдалар.
Халқимизда ушбу маъно «аёл киши яхши сўзнинг гадоси», деган ҳикматли сўз билан ифода қилинган. Бундан аёл кишига нисбатан унинг муомаласига қараб эмас, доимо яхши муносабатда бўлиш кераклиги келиб чиқади. Чунки аёл кишининг яратилиш фитрати шуни тақозо қилади. Аллоҳ таоло аёл кишини аввал айтиб ўтилган ҳикматларга биноан шундай қилиб яратган. Шунинг учун аёлдан содир бўладиган ҳар бир нарсани тафтиш қилиб, унинг бошқача бўлиши учун уриниш маслаҳат берилмайди. Балки аёл табиатига мансуб нарсаларни ўз ҳолида қолдириб, сабр қилиш афзал бўлади. Ана шунда уруш-жанжаллар озаяди, оиланинг бузилиш ҳавфи йўқолади. Ҳадисда: «уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан», дейилмоқда. Аёл кишида содир бўлган ҳар бир эгриликни тўғрилаш учун уриниш яхши натижага олиб келмайди, балки оила бузилиши мумкин бўлади. Демак, аёл кишидан содир бўладиган хато-камчиликларга сабр қилиб, у билан яхши яшашга уриниш эрнинг вазифасидир.
Аёл кишининг эридаги ҳақларидан энг муҳими бўлмиш яхши яшаш, унга гўзал муомала қилиш ҳақида шариатимизнинг тавсиялари жуда ҳам кўпдир. Аллоҳ таоло эрларга хитоб қилиб: «Ва у(аёл)лар ила яхшиликда яшангиз!» деган. Бу эса яхши муомала, озор бермаслик, ҳаққини поймол қилмаслик, ёмон кўришни изҳор қилмаслик, ширинсуханлик, қилган яхшиликларини миннат қилмаслик каби ишларда намоён бўлади.
3. Эр ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушликлар билан аёлини эркалатиб туради.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари аёлларига гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсанд кайфиятда, уларни эркалаган, лутф кўрсатган ва нафақаларини кўпайтирган ҳолда яшаганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ҳазиллашиб, кулишиб турар эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом аёллари билан жуда яхши муомалада бўлар эдилар. Оиша онамиз: «У зот аёллари билан холи қолганларида энг мулойим, карамли, серкулги ва сертабассум киши бўлардилар», деб ривоят қилганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг вазним оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси пайтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинча, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан ҳам улуғ бўлган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ийд куни эди. Қоратанлилар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Шунда у зот: «Томоша қилишни хоҳлайсанми?» дедилар. «Ҳа», дедим. У зот мени орқаларига турғиздилар. Юзим у зотнинг юзларига тегиб турарди. У зот бўлсалар: «Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», дердилар. Бу ҳол то мен малол олгунимча давом этди. Кейин: «Бўлдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Кетавер», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Шовқин ва болаларнинг овозини эшитдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар. Қарасак, бир ҳабашия чилдирма чалиб, ўйин тушмоқда, атрофида болалар. «Эй Оиша, бу ёққа кел, қарагин», дедилар у зот. Бориб, жағимни Расулуллоҳнинг елкаларига қўйиб у(ҳабашия)га назар сола бошладим. У зот: «Тўймадингми? Тўймадингми?» дер эдилар. Мен у зотнинг ҳузурларида ўз манзиламни билиш учун, йўқ, дер эдим. Бирдан Умар пайдо бўлди. Одамлар у(ҳабашия)нинг атрофидан қочиб кетишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен инсу жиннинг шайтонлари Умардан қочганларини кўрмоқдаман», дедилар. Сўнг мен қайтдим» (Имом Термизий ривоят қилган).
Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо авваллари ҳам кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар. Ибн Саъд «Тобақот» номли машҳур китобида бу борадаги қуйидаги ривоятни келтиради: «Савда розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, кеча ортингиздан намоз ўқидим. Шунчалар (узоқ) рукуъ қилдингизки, қон оқиб кетмасин деб бурнимни ушлаб турдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. У аҳёнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эди».
4. Ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушликларга ўхшаш ишларда мўътадил бўлиши шарт.
Бу масалада аёлларга жуда ҳам эрк бериб, одоб доирасидан чиқиб кетишларига йўл қўйилмайди. Эр хотинининг шариатга хилоф ва мункар ишларига зинҳор рухсат бермайди. Нотўғри гап ёки иш содир бўлса, уни тўғрилайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Шунда у зот: «Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар. «У юмшоқкўнгил одам, агар сизнинг мақомингизга турса, одамларга намоз ўқиб бера олмайди», деди Оиша. «Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар. У яна ўз гапини қайтарди. «Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибалари (каби)сизлар», дедилар». Сўнг унга хабар қилинди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди» (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
5. Рашк қилишда мўътадил бўлиш керак. Эр бўлар-бўлмасга, беҳудага хотинига рашк қилмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидан келади», дедилар» (Имом Термизий ва Бухорий ривоят қилишган).
Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эр-хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишига рашк, деб одатланилган. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк Аллоҳ таолога ҳам мос нарса эканини айтиш билан бирга, мўмин кишида рашк бўлиши зарурлигини таъкидламоқдалар.
Аллоҳнинг рашки Ўзи қилмасликни амр этган ҳаром ишлар мўмин киши томонидан қилиниши туфайли келиши ҳам баён қилинмоқда. Яъни, Аллоҳ учун тарк қилиниши лозим бўлган ишнинг содир қилиниши, Аллоҳнинг амрини эмас, бошқанинг амрини тутилиши Аллоҳнинг рашкини, яъни ғазабини келтириши айтилмоқда. Ожиз инсон ўзига тобеъ шахс бошқанинг айтганини қилганида қанчалар аччиғи чиқади, аммо ҳамма нарсага Қодир Аллоҳнинг айтганини қилмай, бошқанинг айтганини қилишни ўзига эп кўради. Аллоҳ таоло рашк қиладиган бўлганидан кейин мўмин киши ҳам рашк қилиши лозим. Мўътадил, васваса даражасига ўтмаган рашк яхши сифатдир. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўътадил рашк яхши нарса. Бу сифат Аллоҳнинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифатидир.
6. Нафақада мўътадил бўлиши зарур. Бунда эр аҳли-аёлини жуда қисиб, танг  ҳам қилиб қўймайди, исрофга йўл ҳам қўймайди.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида: «Еб-ичинг ва исроф қилманг» (31-оят), деган; Исро сурасида эса: «Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма» (29-оят), яъни ўта хасис ҳам бўлма, жуда исрофгар ҳам бўлма, деган.
Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назирнинг хурмосидан сотиб, ўз аҳлларига бир йиллик қутларини (захирасини) сақлаб қўяр эдилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилган диноринг, қул озод қилиш учун инфоқ қилган диноринг, мискинга садақа қилган диноринг ва аҳлингга нафақа қилиб берган диноринг ичида энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир» дедилар» (Имом Муслим, Термизий, Аҳмад ривоят қилишган). Чунки аҳлига нафақа қилиш вожиб бўлса, Аллоҳнинг йўлида, қул озод қилиш ва мискинга пул сарфлаш ихтиёрийдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи молик бўлган одамларнинг қутини тутиб туриши етарлидир», дедилар» (Имом Муслим, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Абу Довуднинг лафзида: «Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи қутини берадиган шахсни зоеъ қилмоғи етарли», дейилган).
Мусулмон одам учун ўз қарамоғидаги шахсларнинг тумуши учун зарур «қути ла ямути» – етарли озуқасини ўз вақтида етказиб бериши лозим. Агар шуни ўз вақтида қилмаса, бошқа гуноҳнинг кераги йўқ бўлиб қолади. Яъни, мазкур камчилик етарли гуноҳ ҳисобланади. Бу дунё ва охират азобини тортаверади. Шунинг учун, ҳар бир мусулмон гуноҳкор бўлмай деса, ўз қарамоғидаги кишиларни вақтида таъминлаб туриши лозим. Бу ишни ҳеч қачон кечга қолдирмаслик керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа қилишга амр қилдилар. Шунда бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, менда динор бор», деди. «Ўзингга инфоқ қил», дедилар. «Менда бошқаси ҳам бор», деди. «Хотинингга нафақа қил», дедилар. «Менда яна бошқаси бор», деди. «Болангга нафақа қил», дедилар. «Менда яна бошқаси бор», деди. «Ўзинг биласан», дедилар» (Абу Довуд, Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган).
Энг муҳими, нафақанинг ҳалолдан бўлишини таъминлашдир. Эр аёлига ортиб қолган ва тез бузилиб қоладиган таомларни садақа қилиб туришга амр қилади. Бу эҳсоннинг энг паст даражасидир. Бу каби ишларни аёл эри буюрмаса ҳам қилавериши керак.
7. Эр ҳайз, нифос ва истиҳозага ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўзи ўрганиб, аёлига ҳам ўргатиши керак.
Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг» (6-оят), деган.
Аҳли-аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «ўзингни бил, ўзгани қўй», деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради. Хотинга диний таълим бериш ва одоб ўргатиш ҳам эрнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Агар хотиндан баъзи одобсизликлар ўтса, эр яхшилик билан уни тарбия қилади ва одоб чораларини қўллайди. Эр хотинига Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ақидасини яхшилаб ўргатади. Унинг қалбидаги бидъат ва хурофотларни кетказади. Ибодатларни ўз вақтида, ихлос билан адо этишга одатлантиради. Ҳайз, нифос ва истиҳоза каби аёлларга хос масалаларни пухта ўрганиб олишини таъминлайди.
8. Эр хотини билан бўладиган жинсий алоқанинг барча ҳукм ва одобларини яхшилаб ўрганиб, уларга амал қилиши керак.
Жинсий тарбия муҳим масалалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло уни Қуръонда зикр қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида бу тарбияга аҳамият берганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирингиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида, «Бисмиллаҳи. Аллоҳим, биздан шайтонни четда қилгин, шайтондан бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин», деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий  ривоят қилишган).
Жуфти ҳалолига жинсий яқинлик қилаётган киши юқоридаги дуони ўқиши лозим. Ўшанда шайтоннинг ёмонлигидан покланган бўлади. Мабодо, ўша яқинликдан ораларида фарзанд пайдо бўладиган бўлса, у болага шайтон ҳеч қачон зарар етказа олмайдиган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар» (Имом Термизий “одоб боби”да ривоят қилган).
Бу ривоятдаги фақат икки ҳолатдан бошқа пайтда одамдан ажралмайдиганлар, деб айтилаётган шахслар фаришталардир. Бу фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало-офатлардан қўриқлаб турса, бошқалари қилган амалларини ёзиб туради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар ўша фаришталарнинг риоясини қилиб туришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда авратларини асло очмасликлари лозим, токи бу нарса фаришталарга озор бўлиб тушмасин. Шунингдек, уламоларимиз бу ишни қиблага қараб қилмасликни маслаҳат берганлар.
«Сунан» эгалари ривоятида: «Ким аёл кишининг орқасига яқинлик қилса, малъундир», дейилган. Хотинининг олдини қўйиб, орқасига яқинлик қилиш катта гуноҳдир. Бундай одам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки бу шаръан ҳаром қилинган ишдир. Эр-хотиннинг орасидаги шариат иши фақат иккисининг сири бўлиб қолиши керак. Эр ҳам, хотин ҳам жинсий алоқа пайтида бўладиган нарсаларни бошқаларга айтмаслиги лозим. Мазкур сирни бошқаларга айтиб юриш одобсизлик, шарму ҳаёсизлик ва гуноҳ иш ҳисобланади. Жамиятда фаҳш гап-сўз ва ишларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
9. Эр орада чиққан келишмовчиликларни иложи борича яхшилик билан ҳал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим.
Эрнинг хотинига ваъз қилиши, ўрнини бошқа қилиб ётиши каби чоралар аввал айтиб ўтилган. Энди ораларига ислоҳ учун ҳакам қўйиш ҳақидаги оятни ўрганамиз. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (35-оят), деган.
Эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган бир қариндошини ҳакамликка тайин қилади. Бу розилик кейинчалик ҳакамлар чиқарган ҳукмга ҳам рози бўлишлари учун керак бўлади. Албатта, ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг паст-баландидан хабардор кишилар бўлиши лозим. Табиийки, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрққан ҳолда, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак.
Ҳакамларнинг асосий вазифаси эр-хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада: «Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур», деб ҳакамларга ислоҳчилик нисбати берилмоқда. Худди шу тушунчадан келиб чиқиб, баъзи уламолар: «Ҳакамларга  фақат яраштириш – ислоҳ ҳуқуқи берилган», дейишади. Бошқалари эса, ҳолатни ўргангач, ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эр-хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, уларга тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади, дейдилар.
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) вақтларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритилгани тафсир китобларимизда нақл қилинади: «Ақийл ибн Абу Толиб Фотима бинти Утба ибн Робиҳага уйланган эди. Аёл: «Сен менга сабр қилсанг, мен сенга нафақа бераман», деган эди. Эри кўчадан келса, «Утба ибн Робиҳа ва Шайба ибн Робиҳалар қаерда?» деб сўрарди. Бир куни эри: «Дўзахга кирсанг, сенинг чап томонингда бўлади», деб жавоб қилди. Хотин кийимларини кийиб, халифа Ҳазрати Усмон ҳузурига бориб бўлган воқеани айтди. Ҳазрати Усмон кулди-да, Абдуллоҳ ибн Аббос билан Муовия ибн Абу Суфённи чақириб, ҳакам этиб тайинлади ва уларга: «Агар яраштиришни истасангиз, яраштиринг, ажратишни истасангиз, ажратинглар», деди».
Албатта, ҳакамлар инсон бўлишгани учун ўзларининг чекланган илмлари ва имконлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Қолгани эса, ҳар бир нарсани ўзининг чексиз илми ила билувчи ва ҳар бир ишдан хабардор Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола. «Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир».
10. Эрдан бола туғилганда қилиниши лозим бўлган барча амалларни яхшилаб ўрганиб, татбиқ қилиши талаб этилади.
Бола туғилиши муносабати ила амал қилинадиган одоблар қуйидагилардан иборат:
a) ўғил туғилганда суюниб, қиз туғилганда хафа бўлмаслиги керак. Балки қиз туғилганда хурсандчилигини кўпроқ изҳор қилиши керак. Чунки қизлар учун кўп савоб ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръонда фарзанд беришни зикр қилганда олдин қизларни ёдга олган. Кофирлар эса қиз фарзанд кўришганда хафа бўлишарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кўп фарзандлари қиз бўлган. У зот ҳадисларидан бирида: «Кимнинг қиз фарзанди бўлса, унга яхшилаб одоб ва таълим берса, Аллоҳ ўзига берган неъматлардан унга ҳам кенгчилик ила берса, ўша қиз унинг учун дўзахдан ман қилувчи ва парда бўлади», деганлар.
б) фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиши зарур.
Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим» (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
Ушбу ҳадиси шарифга биноан янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади. Ривоятлардан бирида: «Кимнинг боласи туғилсаю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмайди», дейилган. Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.
в) фарзандга гўзал исм танлаши керак.
Абу Зуҳайр Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон исм қўйсангиз, бандалик маъносини ифода этинг», дедилар» (Тобароний ривоят қилган).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун энг маҳбуб исмлар Абдуллоҳ ва Абдурроҳмандир», дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан чақираласизлар. Бас, исмларингизни гўзал қилинг», дедилар» (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
г) янги туғилган фарзандига ақиқа қилади.
д) фарзанднинг танглайини ширинлик билан кўтаради.
 11. Эр талоқ масалаларини яхшилаб ўрганиши, талоқ сўзини айтишга зинҳор шошилмаслиги лозим.
Ислом динида талоқ фақат ноилож қолгандагина ишлатиш учун берилган рухсатдир. Энг муҳими, мўмин-мусулмон эркак иложи борича талоқ қилмаслик руҳида тарбия топган бўлади. Умуман, Ислом жамиятида талоқ ёмон олинади. У сабабли Аллоҳнинг Арши ларзага келади, деган тушунча мавжуд. Талоқ қуйидаги ҳадиси шарифда таъкидланганидек, Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол нарса ҳисобланади:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир», дедилар» (Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган).
Демак, эрнинг салгина жаҳли чиқса ёки хотини билан ғижиллашиб қолганида ёки мастликда бўлар-бўлмасга талоқ қилиши мумкин эмас. Талоқ эркакларнинг аёлларга нисбатан зулм ўтказиш воситаси эмас, балки энг сўнгги чорадир. Шунингдек, аёл киши эридан талоқ сўраши керак эмас.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади», дедилар» («Сунан» эгалари ривоят қилган). Эридан беҳудага талоқ қилишни сўраган аёл жаннатга кириш у ёқда турсин, унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Аёл киши ким бўлишидан қатъи назар, бой-бадавлат, мансабли, обрўли эркакни ўзиники қилиб олиш учун аввалги хотинини талоқ қилдиришга уринмаслиги лозим. Ризқу рўз, оилавий бахт масалалари тақдирга қараб бўлади. Бировнинг оиласини бузишга урингандан кўра, уларга бахт-саодат тилаб, ўзига ҳам худди ўшандай, балки ундан ҳам яхшироқ оила бўлишини тилаш, бунинг учун ҳалол  йўл билан ҳаракат қилиш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб, ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, унга ҳам тақдир қилингани бўлур», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).
 Ҳеч иложи қолмай талоқ қилишга мажбур бўлиб қолса, сунний талоқ қилади. Сунний талоқ хотинни ҳайз ва нифосдан пок бўлганидан сўнг, жинсий яқинлик қилмай туриб бир талоқ қўйишдир. Яна ҳайз кўрганидан сўнг, жинсий алоқа қилмай туриб, яна бир талоқ қўйилади. Шундай қилиб учинчи мартадан кейин уч талоқ бўлади. Талоқнинг сунний – шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши учун унда иккита шарт мавжуд бўлиши керак. Биринчи шарт: талоқ аёл киши ҳайз ёки нифосдан пок бўлганидан кейин, унга жинсий яқинлик қилмай туриб қилиниши шарт; иккинчи шарт: талоқнинг биттадан ортиқ бўлмаслиги.
Албатта, талоқ аёл ва унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида талоқ бўлиши катта мусибатдир. Бунинг устига дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, талоқ қилинган аёлга  шариатда мутҳа (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш жорий қилинган. Бериладиган мутҳанинг миқдори эр тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутҳа учун ўн минг дирҳам берган эканлар. Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади. Кўнгиллари таскин топади. Дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутиладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг далолати бўлади. Ажрашганда ҳам икки тараф бир-бирини бошқаларга ёмонлаб юрмайди. Салафи солиҳлардан бири аёли билан ажрашганда, одамлар аёлнинг ёмонлиги учун ажрашганига ишора қилишган. Шунда у зот: «Агар мен қайта ярашадиган бўлсам, ўз хотинимни ёмонлаган бўламан. Агар қайта ярашмасам, бировнинг хотинини ёмонлаган бўламан», деган ва аёли ҳақида бирор оғиз ёмон гап айтмаган (Аллоҳ билувчидир).