1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қандай йўл тутган маъқул?

Укам хотини билан ажрашди. Хотини фарзандини укамнинг фамилиясига ўтказмай, ўз дадасининг фамилиясига ўтказди. Укам “бола менинг фамилиямда эмас”, деб нафақа бермайди. Онаси уни чақалоқлигидан ўзи катта қилган, шу боисми, болани кўрсатишга ҳам беришмайди. Шариатда бундай ҳолларда қандай йўл тутилади?

ЖАВОБ: Бу иш араб тилида «ҳизона» дейилиб, луғатда «қучоғига олиш» дейилади. Шариат истилоҳида эса ота-она ажрашгандан кейин болани ўз қарамоғига олиш ва тарбия қилишга айтилади.
Бола онага мажбурламасдан берилади. Талоқ қилинганми ёки бошқача бўлганми, бари бир. Яъни, қай тарзда бўлсин, ота-она ажрашганида кичик ёшдаги бола онаси истаб турса, унга берилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар» (Имом Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган).
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида Саъид ибн Мусаййабдан ривоят қилади: «Умар Умму Осимни талоқ қилди. Кейин унинг олдига борди. Осим унинг қучоғида турган эди. Болани ундан тортиб олмоқчи бўлди. Икковлари уни тортишиб кетди. Бола йиғлаб юборди. Икковлари Абу Бакрнинг ҳузурига борди. Бас, Абу Бакр унга: «Аёлнинг силаши, қучоғи ва ҳиди унинг учун сендан кўра яхшироқ. Бола улғайса, ўзи танлаб олади», деди».
Агар аёл болани олишни истамаса, уни мажбурланмайди. Фақат ундан бошқа шахс бўлмаса ёки бола ундан ўзгага кўнмаса, мажбурланади. Онадан кейинги турадиган қарамоғига олишга ҳақдорларнинг тартиби қуйида зикр қилинади:
Сўнг онанинг онаси, агар юқориласа ҳам. Кейин отасининг онаси, ота ва она бир опаси, она бир опаси, ота бир опаси. Сўнгра шу тартибда холаси ва аммаси. Улар ҳур бўлишлари шарти ила. Бу ҳукмга далил: Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зайд ибн Ҳориса Маккага бориб, Ҳамзанинг қизини олиб келди. Шунда Жаъфар: «Уни мен қарамоғимга оламан. Унга мен ҳақлиман. Чунки у амакимнинг қизи. Унинг холаси менинг қўлимда. Хола она билан баробар», деди. Али эса: «Унга мен ҳақлироқман. У амакимнинг қизи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари менинг қўлимда. У бу қизга ҳақлироқ», деди. Зайд эса: «Унга мен ҳақлиман. Уни олиб келгани мен бордим, мен сафар қилдим, мен олиб келдим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқдилар, уни Жаъфарга беришга ҳукм қилдилар ва: «У холаси билан бўлади. Хола она билан баробардир», дедилар» (Имом Абу Довуд, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг Иммора исмли қизи Маккада қолиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиз Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қарамоғига берилиши ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки, Жаъфар розияллоҳу анҳунинг хотини қизнинг холаси эди. Хола эса она ўрнидадир. Демак, кичкина болаларни қарамоққа олишда аёл кишиларга қаралар экан.
Энди бу хилдаги қарамоғига олиш қачонгача давом этиши баён қилинади. Бу то бола дин жиҳатидан ақлини танигунича бўлади. Уни мусулмон қилиб тарбиялаш керак. Имом Шофеъий, Аҳмад ва Моликлар, зиммияга қарамоғига олиш ҳақи берилмайди, деганлар. Болага маҳрам бўлмаганга никоҳланиши ила аёлнинг ҳақи соқит бўлади. Чунки бу ҳолатда болага зарар етиши муқаррар бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида келтирилган ҳадисда аёлга «Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар. Боланинг онаси амакисига ёки бувиси бобосига никоҳлангани каби маҳрамга бўлса, соқит бўлмайди.
Агар болани қарамоғига олган аёл болага маҳрам бўлган кишига эрга тегса, ўша одам ҳам қариндошлик юзасидан болага меҳр кўрсатишининг эътиборидан аёлнинг қарамоққа олиш ҳақи соқит бўлмайди. Мисол учун, болани онаси қарамоғига олиб туриб унинг амакисига никоҳланиши ёки онадан бўлган момоси қарамоғига олиб туриб отадан бўлган бобосига никоҳланиши каби. Қарамоққа олиш ҳақи уни соқит қилган никоҳнинг зоил бўлиши билан қайтади.
Мисол учун, онаси бегона кишига эрга тегиши билан болани қарамоғига олиш ҳақидан маҳрум бўлади. Аммо она ўша эрдан ажрашса, қарамоққа олиш ҳақи яна унга қайтади. Кейин асабалар ўз тартибларига қараб ҳақли бўладилар.
«Асаба» сўзи луғатда «яқин турган», «ёпишган» деган маъноларни англатади. Киши бошини маҳкам боғлаб олишига ишлатган боғичга ҳам шу сўз ишлатилади. Шу маънода кишининг яқин эркак қариндошлари ҳам «асаба» дейилади. Чунки унга нисбатан бирор хавф-хатар туғилганда ўша қариндошлар келиб, уни ҳимоя қиладилар. Ундан душманни даф қиладилар. Ўзларининг ҳаётларини хавф остига қўядилар. Шунингдек, молиявий тўловларга ожиз бўлиб қолса ҳам, ўшалар тўлайдилар. Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақли бўлганлар.
Асабага ота, бобо, ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, туғишган ака-уканинг ўғиллари, туғишган амакилар, уларнинг ўғиллари ва бошқалар киради. аёллардан қарамоққа оладиган шахс топилмаганда Ана шулар болани ўз қарамоғига олишга ҳақлилар. Уларнинг ҳақлари тартиблари асосида бўлади. Лекин қиз бола озод қилиш туфайли мавло бўлган ва амакининг ўғли каби маҳрам бўлмаган асабага ва шармсиз фосиққа берилмайди. Улар қиз болани ўз қарамоғига олсалар, фитна бўлишидан қўрқилади.
Ёш болани қарамоғига олиш уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни едириб-ичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар билан таъминлаб, тарбиялашдан иборатдир. Ёш гўдакнинг ўз қарамоғига олишга энг ҳақли шахс бошқа эрга тегмаслик шарти билан онаси эканини ва ундан кейин кимлар бўлишини юқорида ўрганиб чиқдик.
Лекин болани ўз қарамоғига олувчи шахсда бир неча шартлар бўлиши шарт:
1. Оқил бўлиши керак.
2. Балоғатга етган бўлиши керак.
3. Диндан чиққан, муртад бўлмаслиги керак.
4. Фосиқ, ишончсиз бўлмаслиги керак. Баъзи фисқу фужур ишларни қиладиган, ўғри, бетайин раққоса кабилар ёш болаларни ўз қарамоғига олишга ҳақли эмаслар.
5. Болани қаровсиз қолдирмаслиги керак. Агар қаровсиз қолдирадиган бўлса, қарамоғига олиш ҳаққидан маҳрум қилинади.
6. Ота камбағал бўлиб, она ажрсиз тарбия қилишдан бош тортса, ажрсиз тарбия қилишни хоҳлаган яқин аёл қариндош болани ўз қарамоғига олади.
Бунда ёш болага ихтиёр берилмайди. Яъни, кичик ёшдаги болага сен ким билан бўласан, ўзинг танлаб ол, дейилмайди. То бола ўзи еб-ичадиган ва истинжо қиладиган бўлгунча онаси ва момоси унга ҳақлидир. Қиз болага то ҳайз кўргунча. Имом Муҳаммад “иштаҳа тортадиган бўлгунча”, деган. Замоннинг фасоди туфайли шу гап мўътабардир. Кичик болани отаси ва онаси талашиб қолса, онасига берилади.
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида Саъид ибн Мусаййабдан ривоят қилади: «Умар Умму Осимни талоқ қилди. Кейин унинг олдига борди. Осим унинг қучоғида турган эди. Болани ундан тортиб олмоқчи бўлди. Икковлари уни тортишиб кетишди. Бола йиғлаб юборди. Икковлари Абу Бакрнинг ҳузурига боришди. Шунда Абу Бакр унга: «Аёлнинг силаши, қучоғи ва ҳиди унинг учун сендан кўра яхшироқ. Бола улғайса, ўзи танлаб олади», деди».
 Ўзи еб-ичадиган ва истинжо қиладиган бўлган ўғил бола отасига берилади. Чунки у эркакларга хос нарсаларни отасидан ўрганиши зарур. Қиз болалар эса ҳайз кўрадиган бўлгунча оналари билан қоладилар. Чунки улар аёлларга хос нарсаларни оналаридан ўрганишлари лозим. Қизлар балоғатга етганларидан кейин уларни асрашга ва турмушга чиқаришга оталар қодир бўлганлари учун вақти етганда улар ота қарамоғига ўтадилар.
Талоқ қилинган аёл боласи билан ўзи никоҳдан ўтган ватанидан бошқа ерга сафар қилмайди. Бу фақат онага хосдир. Онадан ўзга болани қарамоғига олган шахслар ҳеч қаерга сафар қилмайдилар. Чунки бу нарса болага зарар келтиради. Ражъий ва боин талоқ қилинган, озод бўлгандаги ва балоғатга етгандаги каби маъсиятсиз хиёр туфайли ёки куфуъ бўлмагани учун ажрашган аёлга нафақа ва маскан берилади. Бу ҳукмга қуйидаги далиллар мавжуд:
Аллоҳ таоло Талоқ сурасида: «У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», (6-оят) деган.
Абу Исҳоқдан ривоят қилинади: «Асвад ибн Язид билан катта масжидда ўтирган эдим. Биз билан Шаъбий ҳам бирга эди. Шаъбий Фотима бинти Қайснинг ҳадисини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маскан ҳам, нафақа ҳам ҳам буюрмаганлар, деди. Шунда Асвад бир кафт майда тошни олиб, сочиб юборди-да: «Шўринг қурсин! Шунга ўхшаш гапни айтасанми?! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Бир ёд олгани ёки унутганини билмаганимиз аёлнинг гапи деб Аллоҳнинг китобини ва Пайғамбаримизнинг суннатини тарк қилмаймиз. Ундай аёлга маскан ҳам, нафақа ҳам берилади. Аллоҳ азза ва жалла: «Уларни уйларидан чиқарманг ва ўзлари ҳам чиқмасинлар. Фақат очиқ-ойдин фаҳш иш келтирсалар, истисно» деган, деди» (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).
 Фақир ёш боланинг нақафаси отасига вожиб бўлади. Бу ҳукмнинг далили:
Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», (233-оят) деган. Бола сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишига сира шубҳа қолмайди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлур», деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди. Яъни, боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди. Онасига уни эмизиш вожиб бўлмайди. Фақат ундан бошқа эмизадиган бўлмаса, бўлади. Яъни, онасидан бошқа эмизадиган топилмаган чоғдагина болани эмизиш унга вожиб бўлади. Чунки болани эмизиш нафақадир. Нафақа эса отага вожибдир.
Ота болани эмизишга бировни ёллаши онанинг олдида бўлади. Агар ота эмизиш учун онани ўзига никоҳланган ёки ўзи қўйган ражъий талоқдан идда ўтирган ҳолида ёлласа, жоиз эмас. Боин талоқ қилинган она ҳақида икки хил ривоят бор. Агар болани эмизиш учун онани иддадан кейин ёлланса, тўғри бўлади. У ажнабиядан кўра ҳақлироқдир. Аммо она кўп ҳақ талаб қилса, ҳақли бўла олмайди.
Балоғатга етган қизнинг ва майиб ўғилнинг нафақаси отанинг зиммасига хос бўлади. Бунга фатво берилган. Балоғатга етган қизнинг эри бўлмаса, нафақаси отасига вожиб бўлади. Кўзи ожиз, ақли йўқ, толиби илм бўлган ўғиллар фақир бўлсалар, нафақаси ҳам отага вожиб бўлади (Аллоҳ билувчидир).