1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳ саҳиҳ бўлишининг шартлари нималар?

Никоҳ ўқитиш учун илмли одам топилмаган пайтларда тўғри келган мусулмон икки эркак гувоҳлигида никоҳ ўқиши мумкинми ва бу никоҳ саҳиҳ бўлиши учун энг ками нималарни ўқиши керак?

ЖАВОБ:  Илмли одам бўлмаса, никоҳнинг тўғри ёки нотўғрилигини ким  белгилайди ва бу қандай ажратилади? Никоҳни тўғри бўлиши учун қуйидагиларга эътибор бериш керак:
Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар. «Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томонни биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, “қабул” эса, иккинчи ўринда содир бўлган нарсалардир. Мисол учун, бир эркак аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан деса, «ийжоб» бўлади. Аёл унга, розиман, деб жавоб берса, “қабул” бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам ийжоб қабул бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади. Бошқа мазҳабларда эса ийжоб ва қабулга қуйидаги нарсалар ҳам қўшилади:
1. Хотин. 2. Эр. 3. Валий.
Шу билан Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда никоҳ рукни тўртта бўлади. Никоҳнинг тўғри бўлиши учун бир нечта шарт юзага чиққан бўлиши шарт:
1. Никоҳ маҳали аслий ва фаръий равишда мавжуд бўлиши керак.
Бошқача қилиб айтганда, никоҳда иштирок этиши кўзланган аёл эркакка абадий равишда ҳам, вақтинчалик равишда ҳам ҳаром бўлмаслиги керак. Маҳрамларга ва баъзи аёлларга вақтинчалик уйланиб бўлмаслиги ҳақида китобларда етарли маълумот бор.
2. “Ийжоб” ва “қабул”да ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт.
Вақтинчаликни ифода қилса бўлмайди. Вақтини тайин қилиб, фалон ойга, фалон йилга никоҳландик, дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам, муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром бўлади.
3. Гувоҳлик.
Шоҳидликсиз никоҳ бўлмайди. Ана ўша гувоҳлар икки шахснинг ҳалол йўл – никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига гувоҳ бўладилар. Бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Шунингдек, эру хотин орасида никоҳ маласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътиборлардан никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.
Никоҳда гувоҳлар икки эр киши, Ҳанафий мазҳабида икки эр киши бўлмаса, бир эр киши, икки аёл киши бўлса ҳам бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги  кифоя қилмайди.
Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:
1. Ақл.
Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.
2. Балоғатга етганлик.
Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.
3. Ҳур.
Қул гувоҳ бўлмаган.
4. Мусулмонлик.
Мусулмон бўлмаган киши гувоҳ бўлмайди.
5. Икки гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитиши керак.
6. Гувоҳ адолатли (диний жиҳатдан тўлиқ) одам бўлса, яхши бўлади. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.
Ҳамма мазҳаблар ва ҳамма уламолар гувоҳликсиз никоҳ бўлмайди, деб иттифоқ қилишган. Моликийлар: ҳатто гувоҳлардан никоҳни сир тутиши сўралса, никоҳ ботил бўлади, дейишган.
4. Икки томоннинг розилиги.
Эр ҳам, аёл ҳам ўз ихтиёри билан никоҳга ҳаракат қилиши шарт. Бўлмаса, никоҳ тўғри бўлмайди.
Имом Насоий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган: «Бир қиз у кишининг олдига келиб, отам мени ўз укасиниг ўғлига турмушга берди. Бу билан пастлигини кўтармоқчи, мен буни хуш кўрмайман, деди. У киши, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича ўтириб тур, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин хабар бердим. У зот унинг отасига одам юбориб, чақиртириб келдилар. Сўнгра ихтиёрни қизга бердилар. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, отам қилган нарсани жоиз қилдим. Лекин аёлларга бу ишда оталарга ҳеч нарса йўқлигини ўргатишни ирода қилган эдим», деди. (Қизнинг исми Хансаъ бинти Ҳишом ал-Ансория эди). Ҳанафий мазҳаби, бу масалада никоҳ бўлаверади, деган фикрни олға суради.
5. Валий.
Валийни Ҳанафий мазҳаби никоҳнинг шартларидан бири деса ҳам, бошқа мазҳаблар никоҳнинг рукнларидан бири, деган. Шунга биноан, валий никоҳнингтўғри бўлиши, унга боғлиқ шахс бўлади. Одатда ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби: ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади. Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам никоҳда валий бўла олмайди. Чунки шариатники оёқ-ости қилганидан кейин ўзига тақдири ишониб топшириб қўйилган қизларнинг ҳуқуқларини ҳам поймол қилиши ҳеч гап эмас. Ҳанафий мазҳабида: одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди, дейилган. Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил тайин қилиши жоиздир.
6. Маҳр.
«Маҳр» никоҳ ақди ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган, хотинга бериш лозим бўлган молдир. Маҳр турли номлар билан номланади, Қуръони Каримда садоқ, садақа, ажр, фарийза, ниҳла сўзлари ишлатилган. Баъзи уламолар, маҳрнинг ўнта номи бор, дейишган. Бизда «маҳр» сўзи машҳур бўлгани учун шу сўзни қўллаймиз.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтади: «Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар. Бас, уни енглар, ош бўлсин»  (4-оят).
Ушбу ояти карима эрнинг маҳр бериши вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Никоҳ ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди-бердиси қачондир амалга оширилиши керак.
Ушбу оятдан эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда. Маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда. Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, юқоридаги оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши. Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига:  «Агар бир темир узук бўлса ҳам топ», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).
У зот бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир. Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар. Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир. Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дедилар» (Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилишган). Агар ўндан озни айтган бўлса ҳам ўн дирҳам вожиб бўлади.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади (Аллоҳ билувчидир).