1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қош териш мумкинми?

Аёлларга қош териш ёки тердириш мумкинми? Ҳеч қаерда бу ҳақда аниқ жавоб эшитмаганман.

ЖАВОБ: Агар истаганингизда, аллақачон эшитган ёки ўқиган бўлар эдингиз. Чунки бу нарса ўн беш асрдан бери айтилиб келаётган ҳақиқатдир.
Абдуллоҳ  розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», деди. Бу гап Қуръон қироат қиладиган Бану Асадлик Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради. Шунда Абдуллоҳ: «Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди. «Батаҳқиқ, Мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди аёл. «Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нимани берса олингиз ва у сизни нимадан қайтарса, қайтингиз», деган», деди у. «Шу нарсадан баъзиси сенинг хотинингда бор деб ўйлайман», деди аёл. «Бориб, назар сол», деди у. Аёл унинг хотини олдига кириб, ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб: «Бирор нарса кўрмадим», деди. «Аммо ўша нарса бўлганида, у билан жамъ бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ривоят қилишган).
 Ушбу ривоятни синчиклаб ўргансак, муолажа қилинаётган масалага оид кўпгина нозик тарафларни англаб олишимиз мумкин. Маълумки, ривоятларнинг аввалидан келадиган «Абдуллоҳ»дан мурод, улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар. У киши аёллар ичида содир бўлиб турадиган баъзи ношаръий ишларнинг сабабчиси бўладиган аёлларни қоралаб: «Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», деди».
Ушбу жумлада беш тоифа аёллар лаънатланмоқда:
1. «Вашм қилувчи аёлларни…»
2. «Вашм қилдирувчи аёлларни…»
«Вашм» – ясама хол қўйиш жоҳилият давридаги араб аёллари орасида кенг тарқалган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида баданларининг турли жойларини игна билан тештириб, қон чиқарар, жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирор нарса сепиб, ясама хол ёки ҳар хил белгилар қилар эдилар. Баданга замонавий услублар билан расм чиздириш (татиуровка) ҳам вашмнинг айнан ўзидир. Турли ёпишқоқ тасвирларни (наклейкаларни) ёпиштириб олиш ҳам сохта чиройнинг кетидан қувишдир.
3. «Мўйчинак билан терувчи аёлларни…»
Бундайлар мўйчинак билан аёлларнинг қошларини, пешона ва юзларидаги толаларни терувчилардир.
4. «Мўйчинак ила тердирувчи аёлларни…»
Булар чиройли кўриниш мақсадида қошлари атрофидаги толаларни мўйчинак билан тердириб, қошларини ингичка қилдирадилар. Шунингдек, бошқа жойларидаги толаларни ҳам тердирадилар.
5. «Тиш орасини очувчиларни…»
Булар соғ тишларини эговлаб орасини очишади.
Мазкур ишларнинг ҳаммасини ривоятда айтилганидек «ҳусн учун» қилинса, лаънатга қолинади. Чунки бу ишларни «ҳусн учун» қилувчилар «Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчилар»дир. Аммо зарурат юзасидан, хасталик туфайли бўлса, жоиз.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ўша гаплари атрофга тарқалди. «Бу гап Қуръон қироат қиладиган Бану Асадлик Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради».
Гапнинг сиёқидан Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ушбу масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлганидан бехабар бўлганлару, бу гап Абдуллоҳнинг ўзидан чиққан, деб у киши билан тортишгани келганга ўхшайдилар. У кишининг «Нимага аёлларни лаънатлаяпсан?» қабилидаги гапларига Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди».
Бу билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Умму Яъқуб розияллоҳу анҳога мазкур ишларни қилган аёлларни аслида ўзи эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаганларининг хабарини берди. Шу билан бирга, у киши Умму Яъқубнинг Қуръони Каримдан яхши хабардор эканларини эътиборга олиб, «Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди». Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо бу гапни тўғрича тушуниб: «Батаҳқиқ, Мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди». Яъни, Қуръони Каримнинг ҳамма оятларини яхшилаб ўрганганман, унда сен лаънатлаган беш тоифа аёлларни лаънатлаш маъноси йўқ, деган гапни айтди. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридаги гапдан нимани ирода қилаётганларини очиқ баён қилдилар: «Агар яхшироқ ўқиганингда, уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нимани берса олингиз ва у сизни нимадан қайтарса, қайтингиз», деган…»
Абдуллоҳ ибн Масъуд бу гаплари билан аёлга шундай демоқчи бўлганлар: Мана шу ояти каримага асосан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳар бир шаръий нарсани олмоғимиз ёки тарк қилишга амр қилинган нарсани тарк қилмоғимиз лозим. Модомики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни қилган аёлларни лаънатлаган эканлар, биз ҳам уларни лаънатламоғимиз керак. Шунинг учун, мен айтган гаплардан аччиғинг чиқмасин. Аслида, у гапларни мен эмас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар.
Лекин Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ҳам бўш келмади. Бўлаётган баҳсни давом эттириб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга: «Шу нарсадан баъзисини сенинг хотинингда бор деб ўйлайман»,  деди…». Умму Яъқубнинг тушунчаси бўйича мазкур қалбаки ишларни ҳамма хотинлар қилишлари бор гапга ўхшайди. Шунинг учун у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни нозик жойидан тутмоқчи бўлиб, юқоридаги гапни айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Бориб, назар сол», деди». Яъни, менинг хотиним ҳам шариат ҳаром қилган ўша ишлардан баъзисини қилади деб хаёл қилаётган бўлсанг, бориб хотинимга назар сол. Яхшилаб қара. Ўша даъво қилаётган нарсалардан қай бирини кўрар экансан, дедилар. «Аёл унинг хотини олдига кириб, ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб: «Бирор нарса кўрмадим», деди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломга фақат ўзлари эмас, балки оила аъзолари билан биргаликда амал қилишлари аён бўлди. У киши шариат ишларида оилаларига ҳам қаттиқ турганларини Умму Яъқубга айтган қуйидаги гапларидан ҳам билиб олсак бўлади: «Аммо ўша нарса бўлганида, у билан жамъ бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ». Яъни, агар хотиним шариат ҳаром қилган ўша ишлардан бирортасини қилган бўлганида, ажраб кетган бўлар эдик. Ундай хотинни мен дарҳол талоқ қилардим.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Вашм қилиш ҳаром экани;
2. Вашм қилдириш ҳаром экани;
3. Мўйчинак ила аёлларнинг қош ва бошқа тукларини териш ҳаром экани;
4. Мўйчинак ила қош ва бошқа тукларини тердириш ҳаром экани;
5. Эговлаб ёки бошқа услуб ила тишларнинг орасини очиш ҳаром экани;
6. Мазкур ишларни ҳусн учун қилиш ҳаромлиги. Шаръий узр ила қилса, жоизлиги;
7. Мазкур ишларни ҳусн учун деб қилиш Аллоҳ таолонинг яратганини ўзгартиш ҳисобланиши;
8. Аёллар ичида Қуръони Каримни яхши ўрганиб ном чиқарган шахслар бўлгани;
9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапга ўхшаш гапни айтиш мумкинлиги;
10. Ўша пайтда аёллар ҳам шаръий масалаларда эркаклар билан тортишгани;
11. Бевосита зикр қилинмаган нарсани ҳам асли Қуръони Каримда бўлса, бу Қуръони Каримда бор, деб айтилса, жоизлиги;
12. Олим ва муқтадо кишилар бирор ҳукмни айтишдан олдин ўша ишни ўзи ва оила аъзолари қандай бажараётганларига бир назар солиб олиши кераклиги;
13. Эр ўз хотинига шариат ҳаром қилган ишни қилишга йўл қўймаслиги лозимлиги.
Ушбу мавзуда сўз кетар экан, шариатимиз Аллоҳ таоло яратган асл хилқатни ўзгартиришни, сохта чирой ҳосил қилиб ўзгаларни алдашни ҳаром қилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки бунга ўхшаш ишларда Аллоҳ таоло яратган нарсани ўзгартириш Яратганнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар. Бу каби нарсаларда қаллобликка ўрганган шахс бошқа нарсаларда қаллоблик қилмайдими? Албатта, қилади. Оқибатда ҳозиргига ўхшаб ҳамма нарса қаллобликдан иборат бўлиб қолади.
Ислом инсонларнинг гўзалликка интилишини тўғри баҳолайди. Ҳатто уларни гўзалликка ундайди. «Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир», дейилади ҳадиси шарифлардан бирида. Лекин Аллоҳ таоло халқ қилган нарсани бузиш гўзаллик ҳисобланмайди, балки табиати бузуқлик бўлади. Бўлмаса, соғ турган тишни эговлаб, бир қисмини олиб ташланар эдими? Бўлмаса, Аллоҳ таоло ато қилган табиий сочи туриб, бировларнинг сочини ёки ҳайвонларнинг ёлларини бошига улаб, ўзича хурсанд бўлиб юрармиди? Бўлмаса, соғ танасини игна билан жароҳатлаб, жароҳат устига ранг сепиб, терисини бузиб юрармиди?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, лозим топилган жойларда атир-упалар билан хушбўйлашиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Ана шундай манъ қилинган ишлар қаторига аёл кишининг сочига бошқа сочни улаш ва улатиш, ясама хол қўйиш ва қўйдириш, қошни ингичка қилиб териш ва тердириш, тишларининг орасини сунъий равишда очиш ва очдириш, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиш ва ювдириш каби амаллар ҳам киради. Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.
Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фаҳш гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади (Аллоҳ билувчидир).