1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Янги уйга қайси куни кўчилади?

 Уйдан уйга ёки янги ҳовлига қайси кунлари кўчган маъқул, умуман, суннатга мувофиқ кунлар борми? Биз кўчиб кетмоқчи эдик, аммо қайси куни кўчиш яхшилигини била олмаяпмиз. Жавоб учун олдиндан раҳмат. 

ЖАВОБ:  Бу маънода қатъий кўрсатма йўқ. Аммо чоршанба куни дуолар қабул бўлишидан умидворлик борлиги сабабли, баъзи аҳли фазл кишилар ўша кунни ихтиёр қилганлар.
 Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда – Фатҳ масжидида – душанба куни, сешанба куни ва чоршанба куни дуо қилдилар. Чоршанба куни икки намознинг ўртасида ижобат қилиндилар. Шундан кейин мен қачон бир оғир иш қилмоқчи бўлсам, ўша вақтни пойлаб, чоршанба куни, икки намознинг ўртасида дуо қиладиган бўлдим. Албатта, ижобат билдим».
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ривоятда келган дуолари Аҳзоб урушида бўлган. Фатҳ масжиди ғарб тарафдаги Силаъ тоғининг тепаликларидан бирида бўлган. Уни «Аҳзоб масжиди» ҳам дейилади. Ўшанда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам тинимсиз дуо қилдилар. Ушбу ривоятда келганидек, чоршанба куни у зотнинг дуолари қабул бўлди. Аллоҳ таоло душманларга қишнинг совуқ кечасида ўта совуқ шамол юборди. Шамол душманнинг чодирларини, қозонларини учириб кета бошлади. Улар енгилиб, ортга қочишга турдилар.
Чоршанба куни икки намознинг ўртасидаги дуолар ҳам қабул бўлар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қабул бўлганини кўрган саҳобалар шу дуонинг қабул бўлиш шартларини ўрганиб олиб, ҳаётларида бунга амал қилган эканлар.
Ҳозиргача ҳам илмли ва аҳли фазл кишилар ўзларининг муҳим ишларини чоршанба куни бошлайдилар ва аҳамиятли дуоларини ҳам ўша куни қилиш пайидан бўладилар (Аллоҳ билувчидир).