1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ота-онамга амалларимни бағишласам бўладими?

Аввалом бор ота-онамга оқ бўлмаслик учун нима қилай? Сизга тушунарли бўлиши учун баъзи нарсаларни айтиб ўтай. Ота-онам айтган нарсаларни кучим етганича қиламан. Баъзиларини бажаришга кучим ҳам, имкониятим ҳам етмайди. Кейин уришишади, иш қилмайсан дея. Ота-онамни қанчалик ҳурмат қилишимни ёлғиз Аллоҳ билади. Худо хоҳласа, охиратда ўзимни барча яхши ва солиҳ амалларимни ота-онамга бераман, деган ўй юрарди. Кейин билсам, охиратда ҳар ким ўз амали билан бўлар экан. Ҳозир шундай фикр келиб қолган: тирик юрган ота-онамга ўзимнинг барча солиҳ амалларимни бағишласам бўладими?

ЖАВОБ: Ислом фарзандлар зиммасида ота-оналарнинг бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони Каримда, Суннати набавияда ва Ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган. Мазкур ҳуқуқлар асосан учта муҳим қисмдан иборат:
Биринчи қисмдаги ҳақлар:
Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомалада ва ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларни тақдирлаб туришлари, Аллоҳ таолонинг шариатига зид бўлмаган барча буйруқ, талаб-истакларини бажармоқлари лозим.
Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай деган: «Роббинг ёлғиз Ўзидан бошқага ибодат қилмасликка ва ота-онага яхшилик қилишга буюради. Ота-онангдан бири ёки икковлари қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга ёмон сўз айтма, ҳатто «уф» демагин, уларга қаттиқ ҳам қарамагин. Доимо яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хокисор бўл, хорлик қанотини паст тут. «Роббим, мени ёшлигимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳмат қилгин!» дегин» (23-24-оятлар).
Аллоҳ таолонинг ота-онани бунчалар эъзозлашининг алоҳида ҳикмати бор: онангиз сизни ҳомиладорлик пайтида, туғилганингиздан сўнг авайлаб кўтариб юради, сутини, меҳрини, қалб қўрини бағишлаб парваришлайди, сизни деб бутун оромидан кечади. Отангиз ҳам сизнинг комил инсон бўлиб етишувингизда ўз ҳиссасини қўшади.
Аллоҳ таоло Луқмон сурасида: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик, чунки уни онаси ниҳоятда қийналган, оғир ҳолида ҳомила пайтида кўтариб юрди. Икки йил давомида эмизди. Менга, ота-онангга шукр қилгин! Албатта, ёлғиз Ўзимга қайтарсан!» деган (14-оят).
Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бани Исорилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз ва одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг», деган (83-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?» деб сўради. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлса ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак», деб жавоб бердилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга ижозат сўради. Шунда у зот: «Ота-онанг ҳаётми?» деб сўрадилар. «Ҳа, ҳаёт», деди. «Ота-оналаринг ҳақида жиҳод қил», дедилар». Яъни: «Ота-онангнинг кўнглини олиш учун жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал Аллоҳ таолога севимлироқ?» деб сўрадим. «Фарз намозларни ўз вақтида адо этиш», дедилар. «Сўнг қайсиниси?» дедим. «Ота-онасига яхшилик қилиш», дедилар. «Яна қайсиниси севикли?» дедим. «Сўнг Аллоҳ таоло йўлида жиҳоддир», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Бу ҳадис аниқ шуни кўрсатадики, ота-онага яхшилик Исломдаги энг оғир ва шарафли вазифа бўлган жиҳоддан ҳам олдин зикр қилиниб, афзал кўрилган. Ҳатто жиҳодда ҳалок бўлиб кетиш эҳтимолига қарамай, унинг мартабаси ота-онага қилинган яхши муомаладан кейинга қўйилишдан ҳам фарзанд олдида ота-она ҳаққининг нақадар оғир эканини, агар шу ҳадис шарифларга биноан иш қилса, фарзанд қанчалик савобларга эришишини яққол билса бўлади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Жаннат ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Унинг ҳидини амалини миннат қилувчи, оқ бўлган ва сурункали хамр ичганлар топа олмайди», дедилар» (Табароний ривоят қилган).
Иккинчи қисмдаги ҳақлар:
Ота-она ўзига тўқ бўлса ҳам, уларнинг нафақаларини яхшилаш, нафақа бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай иззат кўрсатишдир. Ота-оналари заифлашган, қартайган вақтларида фарзандлари уларнинг ҳақини адо қилишларини Ислом биринчи ўринга қўяди. Ислом шариати қодир фарзандларга ожиз бўлган ота-оналар ҳақини кафолатга олишга ҳукм этади. Ишни уларнинг ўзларига топширмайди, балки бу кафолат фарздирки, агар вақтида вафо қилмаса ҳам, кейинчалик қазоси вожиб бўлади. Бола ота-онасига қанчалик эҳсон қилмасин, қанчалик ўзидан ортиқ кўрмасин, ўзи дунёга келишига сабаб бўлган мукофотни қайтара олмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола отаси мукофотини қайтара олмайди. Фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса, фарзанд уни сотиб олиб, озод қилсагина мукофот бўлиши мумкин», дедилар».
Абу Бурда ибн Абу Муъаид ал-Ашъарий айтади: «Абдуллоҳ ибн Умар бир яманлик киши ўз онасини елкасига опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрибди. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юраркан:
«Онаизори учун бўйнини эккан теваман,
Тева минган она ҳориса-да, мен ҳоримасман».
У буни ўқиркан Абдуллоҳга қараб: «Эй Абдуллоҳ ибн Умар, мана шу хизматим билан онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?» деб сўрабди. Абдуллоҳ ибн Умар: «Йўқ, бу хизматинг онангнинг сени туғиш пайтида тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди», деди» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Учинчи қисмдаги ҳақлар:
Фарзанд ота-она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам уларнинг розилигини топиши, вафотларидан сўнг шариат ҳукмига кўра ҳақларини адо этиши лозим. Шунга кўра, ота-она томонидан яқин қариндошлик алоқаси бор кишилардан ҳам алоқани узмаслик вожиб. Яна ота-она ҳақларига ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам дуода бўлиб туриш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар банда вафот этса, унинг савоб келтирадиган барча амаллари кесилади. Лекин садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган). Яъни, садақаи жория – “оқиб турувчи садақа” Аллоҳ ризолиги учун, кўпчиликка хизмат қилувчи масжид, мадраса, кўприк, йўл ва бошқа бинолар, жамият манфаати учун ёзиб қолдирилган илмий асарлар ва ўзидан кейин хайр-дуода бўлувчи солиҳ фарзанд қолдирган бўлса, ана шулар воситасидаги савоб вафотидан сўнг ҳам давом этади, деганларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамга вафотларидан кейин ҳам мен қила оладиган эзгу амаллар қолдими?» деди. «Ҳа, тўрт хислат бор: уларнинг ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечиришини Аллоҳ таолодан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икромда тутиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттиришдир», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Онам вафот этди, лекин васият қилмади. Мен унинг номидан садақа берсам, фойдаси тегадими?» деди. «Ҳа», дедилар у зот (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир аъробий Макканинг йўлида у кишига учраб қолди. Ибн Умар унга салом берди ва уни ўз эшагига миндириб олди. Кейин унга бошидаги салласини берди. Шунда Ибн Динор унга: «Аллоҳ сенинг ишингни ўнгласин. Булар аъробийлар, улар оз нарсага ҳам рози бўлаверадилар», деди. «Бунинг отаси Умар ибн Хаттобнинг оғайниси эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, яхшиликларнинг яхшилиги бола отасининг оғайнисига сила           қилишидир» деганларини эшитган эдим», деди» (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
 Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Шунинг учун Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши Аллоҳ таоло чизган чегарада ота-онасини рози қилишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ таолони норози қилмайман деган одам Аллоҳ таоло чизган чегарада ота-онасини норози қилмасликка ҳаракат қилмоғи лозим.
Ҳасандан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холиқнинг маъсиятида махлуққа тоат йўқ», дедилар» (Ибн Абу Шайба ривоят қилган). Яъни, бандани рози қиламан деб Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.
Мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши талаб этилади. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда, банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади. Тирик юрган ота-онага савобни аташ йўқ (Аллоҳ билувчидир).