1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ота зиммасида мажбурият қоладими?

Ҳозирда кўплаб оилаларнинг ажрашиб кетаётганларининг гувоҳи бўляпмиз. Натижада болалар етим қолишмоқда. Ажрашувлардан кейин кўпроқ фарзандлар онаси билан қолишади ва она қарамоғида бўлишади. Давлат қонунларига асосан, ота даромадидан ҳар ой болаларига маълум бир қисм (алимент) ажратилади. Бу эса, маълум бир моддий харажатларга ишлатилади. Билишимча, ота ўз пуштикамаридан бўлган болаларининг ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёжларига, уларнинг илму одобига масъулдир. Ўртага талоқ тушиб ёки бошқа сабабларга кўра ажрашиб кетганда ҳам бу мажбурият отанинг зиммасида турадими? Отанинг фарзанд тарбиясидаги мажбурияти фарзанд неча ёшга тўлгунча бўлиши керак?

ЖАВОБ:  Албатта, ёш боланинг нафақаси у балоғат ёшига етгунча отасининг зиммасидаги вожиб амалдир. Бу ҳақда фиқҳ китобларимизда қуйидагилар айтилади:
«Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади». Бу ҳукмнинг далили шуки, Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят). Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин, боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар, унга билдирмай олсамгина, бўлур»,  деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Унга бу ишда, худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби, бирор киши шерик бўлмайди. Яъни, боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди. Онасига уни эмизиш вожиб бўлмайди. Фақат ундан бошқа эмизувчи бўлмаса, вожиб бўлади. Яъни, онасидан бошқа эмизадиган аёл топилмаган чоғдагина болани эмизиш унга вожиб бўлади. Чунки болани эмизиш нафақадир. Нафақа эса отага вожибдир.
Ота болани эмизишга бировни ёллаши онанинг олдида бўлади. Агар ота эмизиш учун онани ўзига никоҳланган ёки ўзи қўйган ражъий талоқдан идда ўтирган ҳолида ёлласа, жоиз эмас. Боин талоқ қилинган она ҳақида икки хил ривоят бор. Агар болани эмизиш учун онани иддадан кейин ёлланса тўғри бўлади. У ажнабиядан кўра ҳаққлироқдир. Аммо она кўп ҳақ талаб қилса, ҳақли бўла олмайди.
Балоғатга етган қизнинг ва майиб ўғилнинг нафақаси отанинг зиммасига хос бўлади. Бунга фатво берилган. Балоғатга етган қизнинг эри бўлмаса, нафақаси отасига вожиб бўлади. Кўзи ожиз, ақли йўқ, толиби илм бўлган ўғиллар фақир бўлсалар, нафақалари отага вожиб бўлади (Аллоҳ билувчидир).