1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қай ҳолларда истинжо қилинади?

Дин ишларида уялиб бўлмайди, деган гап борлиги учун, сиздан мен учун мавҳум қолаётган бир масалани сўрамоқчиман. Бир биродарим: «Агар хожатхонага фақат кичик хожат билан кирсанг, истинжо қилмаса ҳам бўлаверади. Фақат кийимга тегмаслиги учун қоғозга ёки кесакка яхшилаб артиб олса бўлди», деди. Чунки кўп ювавериш оқибатида шамоллаш хасталиги келиб чиқиши мумкин экан. Масжидимиз имомидан бу ҳақда сўрасам, “ундай эмас, иккала авратнинг қайси биридан келса ҳам, истинжо қилинади”, деди. Бу масалани яна бир-икки илмли одамлардан сўрадим. Лекин икки хил жавоб оляпман. Қай ҳолларда истинжо қилиш керак?

ЖАВОБ: «Истинжо» сўзи луғатда ахлат кетказиш деганидир. Фуқаҳолар истилоҳида эса, нажосатни сув ва шунга ўхшаш нарса билан кетказиш ёки тошга ўхшаш нарсалар билан артиш “истинжо” дейилади. Демак, сизнинг саволингизда келган «қоғозга ёки кесакка яхшилаб артиб олиш» ҳам истинжо. Сўнг уни ювиш одобдир.
Ибн Можа, Ҳоким ва Байҳақийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор» ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ансорийлар жамоаси! Аллоҳ сизларни покликда мақтади. Сизнинг поклигингиз нимадир?» дедилар. «Намозга таҳорат қиламиз. Жанобатдан ғусл қиламиз. Сув ила истинжо қиламиз», дейишди. «Мана шунингиз! Уни маҳкам тутингиз!» дедилар» (Аллоҳ билувчидир).