1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Исмни қисқартириб чақириш мумкинми?

Кўпгина ёш болалар исмини қисқартириб чақиришади ёки инсонни бир лақаб билан чақириш одатлари ҳам бор. Ислом дини бу каби ҳолатларга нима дейди?

ЖАВОБ: Хоҳ ёш бола бўлсин, хоҳ катта киши бўлсин, номини қисқартириб айтиш яхши эмас. Хусусан ёш болаларга бундай муомала қилиш уларнинг тарбиясига қаттиқ таъсир қилади. Шу маънода кишининг номини қисқартириб чақириш мумкин эмас.
Баъзи бир қисқартиришлар эса жуда ҳам қўпол тарзда бўлади. Агар қаттиқроқ қилиб айтадиган бўлсак, гуноҳга айланиб қолиши ҳам мумкин. Масалан, Абдулқаҳҳор деган номни Қаҳҳор ёки Абдусаттор деган исмни Саттор дейишади. Бу ҳам қисқартириш. Лекин маънони тескарига айлантириб қўядиган даражадаги қисқартириш. Саттор дегани гуноҳларни сатр қилувчи, тўсувчи бўлган Аллоҳ дегани, Абдусаттор дегани Саттор сифатли Аллоҳнинг бандаси деганидир. Энди ўйлаб кўрсак, бировнинг исми Абдусаттор бўлса, Саттор сифатли Аллоҳнинг бандаси маъносидадир. Энди бандасини олиб ташлаб Саттор десак, гуноҳларни сатр қилувчи сифатга эга бўлган Аллоҳ деган маънода бўлади. Бу мутлақо мумкин эмас. Афсуски, одамларнинг тили ўрганиб қолган, бу ҳақда шунча гапирилса ҳам эътибор берилмайди. Шу шаклдаги қисқартиришми ёки бошқа шаклдаги қисқартиришми, кишиларнинг исмини қисқартириб чақириш беодоблик ва ношаръий иш бўлади.
Лақаб қўйишга келсак, бу ҳаром нарса. Чунки Қуръони Каримнинг Ҳужурот сурасида «Бир-бирингизни лақаб билан атаманг», дейилган. Одатда лақаб кишиларни масхара қилиш, нуқсонини уларга нисбат бериш учун ишлатилади. Лақаблар кўп, уни айтгани ҳам киши тортинади. Кўпинча инсоннинг жисмоний нуқсонларини ёки ҳайвонларнинг номини лақаб қилиб қўйиб ишлатишади. Яна такрор айтамиз, бундай  қилиш мутлақо мумкин эмас (Аллоҳ билувчидир).