1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Жунуб киши ҳаром бўладими?

 Ҳар бир мусулмон ўз жуфти билан бирга бўлганидан сўнг ўзларини ҳаром ҳисоблаб, ғусл қилишади. Улар бу ишни қилишдан олдин ҳалол бўлишадими? Ёки бу ишни бажаришнинг ҳам ўзига яраша фарз, суннат амаллари борми ёки дуо ўқиш керакми? 

ЖАВОБ: Одамнинг сиз айтган ҳолати ҳалол ёки ҳаром дейилмайди, балки пок ёки нопок дейилади. Бундай ҳолатдаги шахс шаръий китобларда «жунуб» деб аталади. «Жунуб» сўзи луғатда “четда турувчи” маъносини англатади. Шариатда эса жинсий яқинлик, уйқуда булғаниш ва бошқа сабабга кўра маний чиқариб, ғусл вожиб бўлган шахсга айтилади. Ғусл вожиб бўлган одам намоздан, Қуръондан, масжиддан ва шариат кўрсатган бошқа нарсалардан четда бўлгани учун ҳам «жунуб» номини олган. Жунуб киши ҳаромга айланиб қолмайди, у қўлини ювиб, оғзини чайгач ҳатто таом истеъмол қилиши, одамлар билан суҳбатлашиши мумкин. Лекин жунуб бўлган киши ғусл қилмагунича Қуръон қироати, намоз, ҳаж каби ибодатларни адо этиши мумкин эмас (Аллоҳ билувчидир).