1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Одамларга таъзим ширк бўлиб қолмайдими?

 

 

 

Кўпгина тўйларда “келинсалом” деган маросим ўтказилади, янги келин тўпланган оила аъзолари ва қариндошларга таъзим қилади (айниқса Бухорода). Шу нарса жоизми, бунинг ҳукми қандай бўлади, одамларга таъзим қилиш ширк бўлиб қолмайдими? 

ЖАВОБ: Бу савол жуда кўп берилади, лекин одамлар фатволарни мунтазам ўқиб боришмагани учун қайта-қайта савол беришаверади.
Гап тўйларимизда бўладиган «келинсалом» деб аталадиган маросим ҳақида бормоқда. Ўша маросимда келинни янги оиласининг катталари билан таништирилади. Шунда келин уларга ўзига хос салом беради. Мазкур салом чоғида келиннинг эгилиши бор. Келиннинг ана шу эгилишини баъзилар «ширк» дейишмоқда. Яъни, Аллоҳни қўйиб куёвнинг отаси ёки бошқа қариндошларига ибодат қилиш, дейишмоқда. Эҳтимол, ўша «ширк» деганлар ўзлари нима дейишаётганини билишмас? Лекин ўзлари билмаса ҳам, гапларининг маъноси шу.
Аслида бу маросим ибодат эмас, шунчаки саломлашиш. Бундай пайтда бирор киши Аллоҳни қўйиб, бандага ибодат қилишни хаёлига ҳам келтирмайди. Бордию келин салом пайтида намоздаги рукуъ миқдорида эгилиб юборса, саломлашиш одобини бузган бўлади.
“Келинсалом”га қарши бўлаётганлардан фақат бир киши бир ҳадис таржимасини далил қилса бўлармикан, деган гап ила эслагани ёдимда. Ўша ҳадисни излаб топдим. Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган эканлар: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бирортамиз ўз биродари ёки дўстини учратиб қолади. Ўшанда унга инҳиноъ қиладими?» деди. «Йўқ», дедилар. «Уни қучоқлаб ўпадими?» деди. «Йўқ», дедилар. «Қўл ушлашиб кўришадими?» деди. «Ҳа», дедилар».
Ҳадисдаги «инҳиноъ» сўзини «эгилиш» деб таржима қилинганидан келиннинг салом берганидаги эгилиши шу ҳадисга биноан мумкин эмас, деган хулоса чиқариш мумкин. Аммо эгилиш билан эгилишнинг фарқи бор. Уламоларимиз бу ҳадисдаги «инҳиноъ»ни намоздаги рукуъга ўхшаш эгилиш, дейишган. Фақиҳлар жумҳури агар бир киши бошқа одамни Аллоҳни улуғлагандек улуғлаш нияти ила унга намоздаги рукуъ даражасида эгилиб таъзим қилса, ҳаром ишни қилган бўлади, дейишган. Аммо Аллоҳни улуғлагандек улуғлаш нияти бўлмаса, қаттиқ макруҳ иш бўлади. Одамлар одатланиб қолган саломлашиш вақтида бошни эгиш ва энг оз рукуъ даражасига етмай эгилишда куфр ҳам, ҳаром ҳам йўқ, деганлар.
Яқинда Тошкент шаҳрининг бир қанча отинойилари ва маросим ўтказишда бош бўладиган хонимлар жамланишиб, тўй ва маъракалардаги бидъат-хурофот, исрофгарчилик, ортиқча дабдабаларга қарши кураш бўйича жуда яхши қарорларни қабул қилишди. Мазкур мажлисда «келинсалом» масаласи ҳам кўрилди ва бу маросимни динимиздаги саломлашиш одобларига мос равишда ўтказишга келишиб олинди. Яъни, келиннинг салом пайтида рукуъ даражасида эгилмасдан салом беришини йўлга қўйишга қарор қилинди (Аллоҳ билувчидир).