1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳ ўқиш эвазига тугун ва пул олишларига ислом дини қандай қарайди?

CАВОЛ - Домлаларнинг никоҳ ўқиш эвазига тугун ва пул олишларига ислом дини қандай қарайди?

Аслида қадимдан баъзи бир ишларни қилишга, мисол учун масжидда имомлик қилишга, Қуръон таълими беришга ёки фиқҳ илмини ёки бошқа илмларни ўргатишга ҳақ олиш ман қилинган: «Бу нарсалар ибодат, савобли ишлар, ибодат ҳисобланган нарсага ҳақ олиб бўлмайди» дейилган. Кейин вақт ўтиши билан одамларнинг ташвиши, турмуш қийинчиликлари, сарф-харажатлари кўпайиб борган сари бундай ишларга ажраб чиқадиган одамлар йўқолиб борган. Ҳамманинг оиласи бор, бола-чақаси бор, тирикчилиги бор, яшаши керак, шунинг учун хизмат қилиш, тижорат, деҳқончилик, ҳунармандлик қилишга ҳамма ўтиб кетган, диний ишлар оқсашни бошлаган. Одамлар кўпайиб боргани сари, диний маълумоти бор одамлар камайиб боргани сари бу эҳтиёж янада ортиб бораверган. Ана шунда уламолар аввалги фатволарига тескари бўлган фатволарни чиқаришган. Балки одамлар ажралиб чиқиб шу диний ишларнинг бошини тутмаса, масжидларда имомлик қилмаса, кимлардир муаззинлик қилмаса, кимлардир таълим бериб илмни бардавом бўлишини таъминламаса диний илмлар йўқолиши, динга амал қилишда путур етиши катта хавф туғдирганлигини билиб «Илм эгалари - мана шу ишларни бажарадиганлар ҳақ олишларига рухсат» дейилган ва кўпчилик жойларда имомлар, олимлар дин хизматига ажраб чиққанларни тирикчилик учун кетадиган сарф-харажатларини ўша ернинг қавмига вазифа қилиб бериш даражасига етилган, бу нарсалар китобларда айтиб қўйилган. Ҳозирги кунда домлаларнинг никоҳ ўқиши эвазига тугун ёки пул берилаётган бўлса, албатта буни домлалар талаб қилиб олишмайди, шартнома тузишмайди ёки яна бирор шунга ўхшаган таъмагирлик маънолари очиқ-ойдин кўринмайди, балки халқнинг ўзи урф даражасига чиқариб олган, ўрганишиб қолган, кўнгилдан чиқариб бирон нарса беришни ўзларига лозим деб биладилар. Агар ўша бераётган одам кўнглидан чиқариб «бир дуога сабаб бўлсин» деган бўлса ҳечқиси йўқ. Бермайдиган бўлса домлага бормасдан ўзлари никоҳ ўқишиб қўйса, тугун ёки пул бериш масъулиятидан қутилишади, бу жуда яхши бўлади, домлалар ҳақида мана бу саволга ўхшаш турли ёмон гумонлар ҳам тарқамасдан яхши бир ҳолатга ўтилган бўлади.