1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Оиламиз у қадар тақводор, исломий оила эмас...

САВОЛ: Очиғини айтсам, оиламиз у қадар тақводор, исломий оила эмас. Оилада фақат ўзим имкон қадар динимиз буйруқларига амал қилишга ҳаракат қилиб келаман. Уйдагилар беш вақт намоз ўқишмайди, рўзани ҳам ҳар доим тутишмайди, умуман, тақво сустроқ. Мен намозларимда Аллоҳдан уларга тавфиқ сўраб дуо қиламан. Энди муаммо шуки, мен суннатларни маҳкам ушлаган, ота-онаси ҳам тақводор бўлган бир қизни, иншааллоҳ, жуфти ҳалолликка олиш ниятидаман. Лекин мени ўйлантираётган муаммо – бу оилалар ўртасидаги тафовут. Яъни ота-онамнинг кўпроқ дунёвий эканликлари. Кейин қудалар ўртасида ҳар хил тушунмовчиликлар келиб чиқмасмикан, деган хавотирдаман, балки, бу хавотирим ўринсиздир.
Шунга сиз нима маслаҳат берасиз, қандай йўл тутганим маъқул бўлади?


ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.
Агар келинликка номзод битта қизда ушбу тўрт сифат топилса, жуда яхши бўлади. Мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши бўлади.
Аммо мазкур тўрт сифатни бир-бири билан солиштирганда, диндорликка тенг келадиган сифат йўқ. Балки қолганлари ҳаммаси қўшилса ҳам, уларга бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам, диндорлик сифатига ета олмайдилар.
Чунки молдорлик вақтинчалик сифат. Қолаверса, келиннинг мол-мулкининг кўплиги унинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасаби-насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасаби-насабига ишониш ҳам бир ўзи яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар, яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчидир. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига, фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Чунки диндорлик ҳақиқий ва бардавом, энг яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича, ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик – ҳақиқий бойликдир!
Диндорлик – ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик – ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз лозим.
Насаий ва Муслимнинг ривоятларида:
«Дунёнинг ҳаммаси матоъдир. Дунё матоъларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир», дейилган.
«Матоъ» сўзи «ҳузурбахш» деган маънони англатади.
Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги ҳамма нарса матоъ экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда.
Бу аҳли солиҳ бўлиш қандай яхши эканини билдиради.
Солиҳ инсон дегани эса шариат томонидан қилинган амрни бажариб, қайтариқдан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча, нафл амаллар қиладиган деганидир.
Солиҳлик – фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.
Солиҳлик банданинг тузилишида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ» сўзидан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатишга айтилади.
Солиҳлик ҳам дунё, ҳам охират ишларида яхши бўлишни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дунё матоъларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир», деганлари юқорида зикр этилган маъноларни ўз ичига олган.
Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига қараш керак экан. Бу эса унинг ҳам халқи – яратилишида, ҳам хулқи-одобида етук бўлишидир. Валлоҳу аълам.