1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ҳар эркакка биттадан аёлми?

Қуръони каримда ҳамманинг жуфти билан яратилгани хабари бор. Энди бир савол туғилиб қолди: ҳамманинг жуфти бир аёлга бир эркакми, ёки бир эркакники битта аёл, бошқасиники иккита аёл ва ҳоказоми? Масалан, бир эркак аёлга уйланди ва ажрашди. Эркак ҳам бошқасига уйланиб кетди. Айтинг-чи, улар бир-бирларига вақтинча жуфт эдиларми? Ўзи умуман бир эркакка бир аёл умрининг охиригача жуфт бўлиб қоладими ёки вақтинча жуфт бўлиб туриши ҳам мумкинми?


ЖАВОБ: Қадимдан маълумки, ҳайвонларда ҳам, ўсимликларда ҳам жуфтлик бор. Қуръони каримда ўсимликлар ҳақида шундай дейилади: «Улар ерга қарамайдиларми?! Биз унда гўзал навлардан қанча жуфтларни ундириб қўйибмиз» (Шуаpо, 7).
Инсон ва ҳайвонлар ҳақида эса шундай дейилади: «У осмонлару Ерни йўқдан бор қилгувчи Зотдир. У сизларга ўз жинсингиздан жуфтлар яратди. Чорва ҳайвонларини ҳам жуфт қилиб яратди» (Шўро, 11).
Қуръони каримда бу билан кифояланиб қолинмайди, балки дунёдаги барча нарсаларда ҳам жуфтлик борлиги таъкидланади: «Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик» (Зарият, 49).
Шу ҳақда бир оз тўхталиб ўтсак. Маълумки, электр токи Қуръони карим нозил бўлганидан бир неча асрлар кейин кашф этилди. Унда манфий ва мусбат зарядлар бўлиб, ана шу зарядларнинг бирлашувидан электр токи ҳосил бўлади. Энди буни қўйиб туриб, энг кичкина нарса атом ҳақида сўз юритайлик. Олимларнинг аниқлашича, атомнинг маркази бўлиб, унинг атрофида электронлар бор экан. Электронларда эса манфий заряд, марказда мусбат зарядлар мавжудлиги аниқланди. Тажрибалар давом эттирилди, ниҳоят атом марказининг ўзи ҳам протон ва нейтронга бўлинишини 1932 йили инглиз олими Жеймс Чадвик кашф этди.
Очиқ кўриниб турибдики, сиз жуфтлик маъносини мутлақо нотўғри талқин қилгансиз. Сизнинг саволингизда бир эркакка бир аёл тўғри келиши керакми ёки кўпроқ бўлса ҳам бўлаверадими, деган фикр бор. Бу, албатта, нотўғри фикр (Аллоҳ билувчидир).