1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Бошқоронғиликда ўзни қандай тутилади?

Келиним биринчи марта бошқоронғи бўлганида эркалик ва тантиқликни шунақанги ошириб юбордики, ҳалигача “туғаман” деса юрагим безиллайди. Бу борада шариатнинг алоҳида кўрсатмалари борми?  

ЖАВОБ: Бошқоронғилик аёл ҳомиладорлигининг илк даврида унда намоён бўладиган ҳиссий ҳолатдир. Кўнгил айниши, муайян нарса ҳидини ё муайян таомни ёқтирмаслик ёки муайян таомни, кўпинча нордон таомларни ейишни исташ, жиззакилик кабилар бошқоронғилик белгиларидир. Бошқоронғи аёл кўнгли нордон таомларни қаттиқ тусашини сезади.
Бошқоронғиликнинг эр-хотин иноқлигига ва уларнинг алоқаларидаги жозибага таъсири борми ёки йўқми? Бошқоронғиликнинг ҳомиладор аёл мизожи ва кўнгли ўзгаришига, унинг асаблари ва жисмига таъсир кўрсатиши сир эмас. Бошқоронғилик аёлнинг туйғу ва истакларида ҳамда кўп ҳолларда эри билан муносабатларида акс этадиган ҳолатдир. Бошқоронғи аёл гоҳо эрининг ҳидини ёқтирмайди, эри унга яқинлашганида нафратланади. Бу эрини ёмон кўрганидан эмас, балки бутун мизожи ўзгаргани, безовталиги ва ҳаяжонидан бўлади. Аёл бу ҳолда ўз туйғу ва истакларини бошқаролмайди. Шунинг учун бу ҳолдан эсон-омон ўтиб олгунича унинг бу ҳолини ҳисобга олиш, бу даврда унга ғамхўрлик қилиш лозим бўлади.
Ақлли, зийрак эр хотинининг бошқоронғи бўлганини билганидан унга вазифаларни кўп айтмаслиги, юмшоқ бўлиши, аёлининг оромини ҳисобга олиши, қийинчиликларини тушуниши, ўз истак ва талаблари билан аёлига оғирлик туширмаслиги керак.
Ўз навбатида бошқоронғи аёл ҳам эрини бахтиёр қилиш ва унга ором етказиш учун бор имконини сарфлаши лозим. У доимо шуни ёдда тутиши керакки, бошқоронғилик она бўлишнинг биринчи белгисидир. Оналик эса шафқат, меҳр, яхшиликдир (Аллоҳ билувчидир).