1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Туғиш одоблари қайсилар?

Савол: Устозимиз суҳбат асносида фарзанд кўрилганда ота-онанинг ҳам алоҳида одоблари бор, деб айтиб қолдилар. Ана шу одобларга нималар киради?

Жавоб: Туғиш одоблари деганимизда бола туғилганидан сўнг қилиниши лозим бўлган суннат ва мустаҳаб амалларни назарда тутамиз. У ишлар кўп бўлиб, муҳимлари қуйидагилар:
1.    Гўдак туғилганидан хушхабар бериш ва у билан қутлаш мустаҳабдир. Зеро, хушхабар мусулмонни қувонтиради ва хурсанд қилади. Инсон фарзанди туғилса ё аёлининг ҳомиладорлиги билинса ҳам, хурсанд бўлиши мустаҳабдир.
Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом) ва у зотнинг аёлларига фарзанд хушхабарини берган. Соффот сурасининг 101-ояти мазмуни бундай: «Сўнг унга мулойим ўғил хушхабарини бердик».
Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) табрик борасида бундай ривоят қилинади. У зотнинг олдиларида фарзанд кўрган бир киши ўтирар эди. Ҳузурларига яна бир одам келиб унга: «Отлиқ севинтирсин», деб табриклади. Шунда Ҳасан Басрий: «У отлиқми ёки эшакбоқарми, қаёқдан биласан?» дедилар. «Унда нима дейишимиз керак?» деди у одам. «Аллоҳ таоло фарзандингизни муборак қилсин, берган Зотга шукрли бўлинг, фарзандингиз камолига етсин ва унинг яхшилиги сизга насиб қилсин, деб айтинглар», дедилар Ҳасан Басрий.
2.    Чақалоқ туғилганидан сўнг биринчи эшитадиган сўзи азон бўлиши учун ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтиш мустаҳабдир.
3.    Чақалоқ тугилгач, отаси ё бошқа фозил киши хурмо ёки шунга ўхшаш нарсани чайнаб, уни чақалоқ оғзига суриши ҳам мустаҳабдир. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаи киромлардан бир нечталарининг фарзандларига шундай қилганлар.

"Динда саволим бор" китобидан