1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Йигит қизни ҳозирги оиласидан ажратиб, унга уйланмоқчи

Бир йигит ёш жувонни ёқтириб қолди. Йигит қизни ҳозирги оиласидан ажратиб, унга уйланмоқчи. Йигит тутаётган йўл тўғрими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Бировнинг оиласини бузиш катта гуноҳ. Эри бор аёлга уйланишни хаёлга ҳам келтирмаслик керак. Бу иш мутлақо мумкин эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир эр билан аёлнинг ёки хожа билан қулнинг орасини бузса, биздан эмас», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Хотин киши ишонувчан бўлади. Унга эри ҳақида бўлмағур гаплар-ни айтиб, уриштириб, оилани бузишга олиб келадиган кимса мусул-монлардан бўлмас экан. Мафҳумул мухолафа қоидасига биноан, эрга хотин ҳақида турли бўлмағур гапларни айтиб, уни хотинга қарши қайрайдиган кишилар ҳам мусулмонларга хос бўлмаган ишни қилган бўлади. Аксинча, мусулмон инсон нима қилиб бўлса ҳам эру хотин-нинг орасини яхшилашга ҳаракат қилмоғи лозим. Ҳатто бу маънода шариатимиз ёлғон гапиришга ҳам изн берган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб, ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, унга ҳам тақдир қилингани бўлур», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Аёл кишилардан ким бўлишидан қатъи назар, ҳеч ким бой-бадавлат, мансабли, обрўли эркакни ўзиники қилиб олиш учун аввалги хотинини талоқ қилдиришга уринмаслиги лозим. Ризқу рўз, оилавий бахт масалалари тақдирга қараб бўлади. Бировнинг оиласини бузишга урингандан кўра, уларга бахт-саодат тилаб, ўзига ҳам худди ўшандоқ, балки ундан ҳам яхшироқ оила бўлишини тилаш ва бунга ҳалол-пок йўл билан ҳаракат қилиш керак.
Афсуски, баъзи бир аёллар бу ҳақиқатни тушуниб етмайдилар, тўғрироғи, тушуниб етишга уринмайдилар ҳам. Улар учун тайёр оилага осон йўл билан кириб олиш бахт-саодат манбаи бўлиб кўринади. Ҳадиси шарифга яхшилаб эътибор берадиган бўлсак, бировнинг хотинини талоқ қилдириб демасдан, «ўз синглисини» дейилмоқда. Ўша аёл ким бўлишидан қатъи назар, мазкур ёмон ниятли аёл учун Ислом бўйича сингил бўлади. Бу сингиллик эса туғишган сингилдан кўра яқинроқ бўлади, чунки ўртада иймон ва Ислом ҳурмати бор. Ҳар бир мўмина-муслима аёл ушбу ҳақиқатни англаб етмоғи керак.
Мафҳумул мухолафа қоидасига биноан, хотинни эридан айнитиб, ўзиники қилиб олган одам ҳам гуноҳкор бўлади. Валлоҳу аълам.