1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

«Бугун «Бунёдкор» ютқазса, хотиним талоқ бўлсин», деса?

Ўзига боғлиқ бўлмаган нарсага боғлаб туриб талоқ қўйса, талоқ тушадими? Масалан, «Бугун «Бунёдкор» ютқазса, хотиним талоқ бўлсин», деса? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ: Ўзига боғлиқ бўлмаган нарсага боғлаб туриб талоқ қўйса ҳам, барибир, талоқ тушаверади. Ҳаттоки, ҳазиллашиб талоқ қўйса ҳам, рост талоқ қўйган ҳисобланади. Талоқни бирор нарсага боғлаб қўйишни арабчада «таҳлийқ» дейилади. Бунда талоқни келажакда бирор ишнинг содир бўлишига боғланган бўлади. Мазкур боғлаш «агар», «қачонки», «вақтики» каби шартни ифода қилувчи лафзлар билан бўлади.
Талоқни боғланган иш ихтиёрий нарса бўлиб, уни эрга нисбат берилган бўлиши мумкин. Мисол учун, «Агар фалон ишни қилсам, хотиним талоқ бўлсин» каби. Ихтиёрий иш хотинга боғланган бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, «Агар фалон ишни қилсанг, талоқсан» каби. Ёки ихтиёрий иш учинчи шахсга боғланган бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, «Агар отанг фалон гапни айтса, талоқсан» каби. Талоқ боғланган иш ғайриихтиёрий бўлиши ҳам мумкин. Масалан, қуёш чиқиши, бировнинг ўлиши, ойнинг бошланиши каби.
Мазкур ҳолатларнинг барчасида боғланган иш содир бўлиши билан талоқ тушади. Бу гаплар қанчалик ғалати туюлмасин, айни ҳақиқатдир. Мақсад, аёл кишини эрмак қилиш эмас. Аксинча, динни, ўзига берилган масъулиятни эрмак қилган, оилавий турмушни енгил санаган жоҳил эркакни жазолашдир. Чунки, шаръий ҳукмга кўра, талоққа фақат ночор қолинган ҳолдагина рухсат берилади. Талоқ ҳуқуқининг эркакка берилиши ҳам аслида унинг аёлга нисбатан босиқроқ, мулоҳазалироқ, масъулиятлироқ экани эътиборидандир. Энди эр киши ана шу масъулиятини унутиб, ўзига берилган ҳуқуқни суиистеъмол қилса, унга албатта жазо бериш лозим.
Аммо қаттиқ ғазаб туфайли ақли бошидан учган киши эс-ҳушини йўқотиб талоқ қўйса, бу гапи бекор саналади. Чунки фуқаҳоларимиз: «Осмон билан ернинг фарқига бормайдиган даражада аччиғи чиққан одамнинг талоғи тушмайди», дейишган. Яна «талоқ» лафзини ичида, ўзи ва биров эшитадиган даражада айтмаса, талоқ тушмайди (Аллоҳ билувчидир).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф