1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қайн уруғлар билан муносабат

Савол: Ислом шариати хотин ёки эр билан қайн уруғлар ўртасидаги муносабатларнинг қандай бўлишини талаб этади?

Жавоб: «Қайн уруғ» деганда эрнинг отаси, акаси, амакиси ва амакиваччаси ҳамда хотиннинг онаси, опа-сингиллари, амма-холаси кўзда тутилади.

Имом Бухорий, Муслим ва Термизий Уқба ибн Омирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аёллар олдига киришдан сақланинг!» дедилар. Шунда ансорий бир киши: «Қайни ҳақида нима дейсиз?» деб сўради. Унга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қайни ўлимдир», деб жавоб қилдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёллар олдига агар ёнида маҳрами, қариндоши ё зарурат бўлмаса, кириш ва боришдан қайтарганлар. Чунки бунда бузуқлик ва ёмонликлар келиб чиқиши эҳтимоли бор. Ансорий бир кишининг қайнлар, яъни эрининг қариндошлари ҳақидаги саволига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қайни ўлимдир», деб лўнда ва кескин жавоб қилдилар. Бунинг маъноси, Ибнул Амр «Ниҳоя» номли китобда ёзганларидек, «Аёл ўлақолсин, асло бундай қилмасин», деганидир. Қайни келин олдига ёнида эри бўлмаганида кирса, эр-хотин муносабатлари бузилиши мумкин. Чунки эр ўзи билан хотини ўртасидаги сирларидан биронта қариндошининг ҳам огоҳ бўлишини истамайди.

Эрнинг эркак қариндошларининг келин билан муносабати шариат доирасида, комил эҳтиёткорлик ва тўла ҳушёрлик билан бўлиши лозим. Хотиннинг аёл қариндошларининг куёв билан муносабатлари ҳам шу кабидир.

Аканинг хотини ё хотиннинг синглиси ва шунга ўхшаганлар бир-бирига маҳрам эмас. Шу боис улар билан тортинмай, эркин муомала қилиш тақиқланади. Аёлга ҳам шундай. Улар бир-бирларига бегона, ўрталарида маҳрамлик мутлақо йўқ. Улар шу ҳукмдан келиб чиқиб муомала қилишлари лозим. Акс ҳолда, оқибат хатарли бўлади.

"Динда саволим бор" китобидан