1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

SMS ёки электрон почта орқали қилинган талоқ тушадими?

Савол: SMS ёки электрон почта орқали қилинган талоқ тушадими?

Жавоб: Ушбу саволга бевосита жавоб қилишдан олдин талоқни сўз билан эмас балки ёзиш орқали қилишнинг ҳукми ҳақида ёзилганларни кўриб чиқсак: “Раддул муҳторнинг ҳошияси”, 3-жуз, 271-бетида шундай дейилади: “Ҳиндийя”да айтилади: “Ёзиш икки хил бўлади: Марсум ва марсуммас. Марсум—одатда йироқдаги кишига ёзиладиган адресли, унвонли мактуб. Марсуммас—адрессиз, эгаси аниқ бўлмаган мактуб. Марсуммас мактуб ҳам иккига бўлинади: мустабин ва мустабин бўлмаган. Мустабин—саҳифа, девор ва ерга тушуниш ва ўқиш мумкин бўлган юзада ёзиш. Мустабин бўлмаган эса—тушуниш ва ўқиш мумкин бўлмас шаклда ҳавога ва сувга ёзиш.
Мустабин бўлмаганида гарчи ният қилган бўлса ҳам талоқ тушмайди. Агар мустабин, лекин марсуммас бўлса талоқни ният қилса, тушади. Ният қилмаса, тушмайди. Агар мустабин ва марсумли бўлса ният қилса ҳам, қилмаса ҳам, талоқ тушади. Бу ҳолатда талоқ ёзилган пайтдан бошлаб тушади ва хотиннинг иддаси шу вақтдан бошланади”.  
Мазкурлардан хулоса қилсак, саволда сўралаётган ҳолатлар ҳукмларнинг мустабин ва марсумли ҳолатига тўғри келади. Яъни, эр SMS ёки электрон почта орқали талоқ қилганда муайян адресга, яъни хотинининг телефон рақамига ёки электрон адресига, ҳамда мустабин, яъни тушунарли шаклда мактуб ёзмоқда. Бинобарин бу ҳолатда эр ният қилмаса ҳам талоқ тушади ва хотинининг иддаси эр мактубни ёзиб, жўнатган пайтдан бошланади. Агар эр мактубни ўз кўзланган адресига жўнатмаса ният бўлгандагина талоқ тушади.
Аммо мазкурлар масаланинг шаръий томони. Энди унинг амалий томонига келсак, телефон бировнинг қўлига тушиб қолиб, ёки очиқ турган электрон почтадан фойдаланиб, бошқа биров томонидан  эрнинг номидан талоқ қўйилиши мумкин. Замонавий алоқа воситаларида ёлғон, алдов, ҳийла ва фитналар кўп учрашини ҳисобга олиб, агар киши хотинидан йироқда бўлса, талоқни ўз қўли билан қоғозга ёзиши ёки вакил орқали қилиши мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад