1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Истиғфор айтиб фарзандли бўлиш мумкинми?

САВОЛ: Мен бир неча йилдан бери оилалиман. Лекин фарзандимиз йўқ. Бир куни бир танишим келиб: «Мен бир олим одамдан эшитдим, агар икковларингиз юз минг мартадан истиғфор айтсангиз, фарзандли бўласизлар», деди. Агар шундоқ бўлса, унинг шартлари қандай бўлади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир бандага қўша-қўша фарзандларни ато этган бўлсин, жумладан, ушбу саволни йўллаган мухлисимизнинг оилаларига ҳам Роббул оламийн яхши-яхши фарзандларни ато этиб, ўша фарзандларни бу оиланинг аъзоларига кўз қорачиғи бўлишини насийб этган бўлсин.
Албатта, бефарзанд одам турли йўллар билан фарзанд топишнинг пайидан бўлади, Аллоҳ таоло-га илтижо қилади, мутахассисларга мурожаат эта-ди.
Фарзанд кўрмасликнинг сабаблари эрдаги ёки хотиндаги маълум бир беморлик, хасталик, камчи-лик бўлиши мумкин, буни тиббий йўллар билан муолажа қилишга ҳаракъат қилиш лозим бўлади.
Лекин асосий тилак, асосий истак Аллоҳ субҳану ва таолонинг Ўзидан бу нарсани сўраш бўлади. Аллоҳ таолодан фарзанд сўрашнинг, Аллоҳ таолога илтижо қилишнинг йўлларидан бири- Роббул оламийнга истиғфор айтиш, «Астағфируллоҳ» ёки «Астағфируллоҳал аълиял аъзим, аллазий лаа илааҳа илла ҳува ва аътубу илайк» сўзларини кўп марта ихлос билан, Аллоҳдан фарзанд сўраш ния-тида такрорлашдир. Мана бу ерда, демак, ўша маслаҳат берган одам бир олимдан эшитганидай юз минг марта айтишни тавсия қилибди. Бу, бир тажрибадан келиб чиққан нарса, юз минг мартадан кўп бўладими, оз бўладими, лекин ихлос билан қилинса, шу ният билан қилинса, шоядки, Аллоҳ таоло банданинг илтижосини тингласа, дуосини ижобат қилса, сўраган нарсасини берса. Қуръони Каримда Аллоҳ субҳану ва таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг тилидан у зот ўз қавмига истиғфор айтишини ва истиғфорнинг фойдаларини баён қилувчи ояти каримани нозил қилган. Нуҳ алайҳиссалом:
«Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим» («Нуҳ» сураси, 10-оят), дейдилар-да, кейин истиғфорнинг фойдаларини айтадилар:
«У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир». («Нуҳ» сураси, 11-12 оятлар). Ана шу ерда фарзанднинг кўпайишига ҳам Аллоҳ таолога истиғфор айтиш фойда бериши айтилган. Шунинг учун ҳам, Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кишилар келиб, турли нарсалардан: кимдир ёмғир ёғмай қўйганидан, кимдир камбағаллик тарқалганидан, кимдир бефарзандликдан ва бошқа нарсалардан шикоят қилишганида, «истиғфор айтинг», деганлар. Одамлар «Ҳаммага «истиғфор айтинг» деяпсиз, бу қанақа бўлди?» деганида мана шу оятларни ўқиб берганлар. Ҳақийқатан, истиғфорнинг фойдаси ниҳоятда кўп, ана шу фойдалардан бири фарзанд талабидаги кишилар ният билан истиғфорни кўп айтсалар, шоядки, Аллоҳ таоло ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқиб, ўша бефарзанд би-родарларга, опа-сингилларга ҳам фарзандларни ато этса. Аллоҳим, барча бефарзанд биродарларимизга, опа-сингилларимизга Ўзингнинг ғайб хазийнангдан қўша-қўша фарзандларни ато қилгин, уларнинг кўзини қувончга тўлдирсин, қалбини, кўксини фарзандга тўлдиргин, мурод-мақсадларига эриштиргин. Валлоҳу аълам.