1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Чимилдиққа кирганда келинга ширин муомала қилиш

Келиннинг олдига кирганда унга ширин муомала қилиш, мисол учун, келинга (ширинлик ёки) ичиш учун бирор-нарса олиб келиш мақсадга мувофиқдир. Бу Асмо бинти Язид (р.а) ривоят қилган ҳадисга асосланади:

«Мен Оиша (р.а)ни Аллоҳнинг элчиси (с.а.в) учун пардоз андоз қилдим. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в)ни уни пардасиз кўриши учун чақирдим. Набий (с.а.в) келдилар ва Оишанинг ёнига ўтирдилар. Бир коса сут келтирилди. Расулуллоҳ (с.а.в) ичдилар, сўнг уни Оишага узатдилар, аммо у уялиб бошини эгди. Мен уни койидим ва: «Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қўлидан ол»,- дедим. У сутни олиб озгина ичди. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в) унга: «Дугонангга ҳам бер»,- дедилар. Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, яхшиси уни ўзингиз олиб ичинг-да, кейин менга ўз қўлингиз билан беринг»,- дедим. Расулуллоҳ (с.а.в) сутни олиб озгина ичдилар-да сўнг менга узатдилар. Мен ўтирдим ва уни тиззамга қўйдим. Лабимни қўйиб, косани айлантириб ича бошладим. Бу билан Расулуллоҳ (с.а.в) ичган жойдан ҳам ичдим. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) мен билан бирга келган аёлларни назарда тутиб: «Уларга ҳам бер»,- дедилар. Аммо улар: «Биз хоҳламаймиз (яъни қорнимиз тўқ)»,- дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в) уларга: «Очлик билан ёлғонни жамламанглар!»,- дедилар».[1]

[1] Аҳмад ва Ҳумайдий. Аҳмад бир-бирини қувватлайдиган икки хил иснод билан ривоят қилган.