1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қўшилгандан сўнг ухлаш олдидан таҳорат қилиш

Қўшилгандан сўнг таҳорат қилиб, сўнг ухлашлик яхши ва фойдалидир. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар мавжуд:
Биринчи: Оиша (р.а) ривоят қилади:
 «Расулуллоҳ (с.а.в) жанобат ҳолатларида ухламоқчи ёки бирор нарса емоқчи бўлсалар, авратларини ювардилар ва намозга таҳорат олганларидек таҳорат қилардилар».[1]

Иккинчи: Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) ривоят қилади:
 Умар (р.а) Набий (с.а.в)дан: «Жанобат ҳолатимизда ухласак бўладими?»,- деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в): «Ҳа, таҳорат қилганингдан сўнг»,- деб жавоб бердилар».[2]

Бошқа бир ривоятда:
 «Таҳорат қил ва авратингни юв, сўнг ухлайвер»,- деганлар.[3]

Яна бир ривоятда:
 «Ҳа, таҳорат қилишинг, ухлашинг ва хоҳлаган вақтингда ғусл қилишинг мумкин»,- деганлар.[4]

Ва яна бошқа бир ривоятда эса: «Ҳа, агар хоҳласанг таҳорат қилишинг мумкин»,- деганлар.[5] (Сўнги ривоят бу таҳоратнинг вожиб эмаслигига далилдир).

Учинчи: Аммор ибн Ёсир (р.а) ривоят қилади:
 Расулуллоҳ (с.а.в): «Уч кимсага фаришталар яқинлашмайди: Кофирнинг мурдаси, (аёлларга хос бўлган) атир-упага беланган эркак ва жинсий алоқа қилган киши то таҳорат қилмагунича»,- деб марҳамат қилганлар».[6]

[1] Бухорий ва Муслим ривояти.
[2] Бухорий ва Муслим ривояти.
[3] Бухорий ва Муслим ривояти.
[4] Муслим ва Байҳақий ривояти.
[5] Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон, саҳиҳ
[6] Абу Довуд, Аҳмад ва бошқалар, ҳасан.