1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Таҳоратнинг ҳукми

Ушбу таҳорат вожиб эмас, аммо энг афзал ва юқори қўйилган мустаҳабдир. Унинг вожиб саналмаслиги ибн Умар (р.а)дан: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан: «Жанобат ҳолатимизда ухласак бўладими?»,- деб сўраган саволимга Расулуллоҳ (с.а.в): «Ҳа, агар хоҳласанг таҳорат қил»,- деб жавоб бердилар»[1],- деб ривоят қилинган ҳадисга асосланади.
Оиша (р.а) ҳадиси ҳам уни қўллаб-қувватлайди:
 «Расулуллоҳ (с.а.в) жунуб бўлардилар, сўнг сув тегмаган ҳолларида ухлар эдилар, кейин туриб ғусл қилардилар».[2]
Оиша (р.а)дан ривоят қилинган бошқа бир ривоятда:
 «Расулуллоҳ (с.а.в) тунни жанобат ҳолатида ўтказар, Билол (р.а) эрталаб келиб азон чақиргач, туриб ғусл қилардилар. Мен сочларидан сув томчилаб турганини кўрардим. Сўнг бомдод намозида қилаётган қироатларини эшитардим. Сўнг рўзадор бўлардилар». Мутарриф айтади: «Ровийга: «Рамазон ойидами?»- дедим. У: «Ҳа, Рамазонда ва Рамазондан бошқа (ойлар)да»,- деб жавоб берди.[3]

[1] Ибн Ҳиббон ривояти, саҳиҳ
[2] Ибн Можа, Термизий, Абу Довуд ва бошқалар, саҳиҳ.
[3] Ибн Аби Шайба, Аҳмад ва бошқалар, саҳиҳ.