1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ҳайзли аёл билан жинсий алоқа қилиш ҳаром

«Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади».[1]

Биринчи: Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилади:
Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Кимда-ким ҳайзли аёлга ёки аёлининг орқа (аъзо)сига қўшилса ёки фолбинга борса, Муҳаммад (с.а.в)га нозил қилинганларга кофир бўлибди».[2]

Иккинчи: Анас ибн Молик (р.а) ривоят қилади:

 «Яҳудийлар аёлларини ҳайз ҳолатида уйдан ташқарига чиқариб қўйишар, уй ичида улар билан бирга еб-ичмас ва бирга ухламасдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)дан бу ҳақда сўралганда оят нозил бўлди: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз!...»[3]. Расулуллоҳ (с.а.в): «Улар билан уй ичида бирга бўлинглар ва қўшилишдан бошқа барча нарсани қилаверинглар»,- дедилар. Яҳудийлар: Бу инсон биз  қилаётган ҳар бир ишнинг тескарисини қилмагунича тинчимайди шекилли?!- дейишди. Кейин Асъад ибн Ҳузайр ва Аббод ибн Бишр Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг элчиси, яҳудийлар шундай-шундай деяптилар, ҳайз пайтида жинсий алоқа қилавермайликми?»,- дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг юзлари ўзгарди, ҳатто биз бу иккисидан қаттиқ жаҳллари чиқди, деб ўйладик. Улар чиқиб кетаётганларида Расулуллоҳ (с.а.в)га ҳадя сифатида сут олиб келаётганларини кўришди. Расулуллоҳ (с.а.в) уларнинг орқаларидан одам юбордилар ва уларга сутдан ичирдилар. Шундан биз Расулуллоҳ (с.а.в) улардан жиддий аччиқланмаганлигини билдик».[4]

[1] «Бақара», 222.
[2] Абу Довуд, Термизий ва бошқалар, саҳиҳ.
[3] «Бақара», 222.
[4] Муслим, Абу Увона ва Абу Довуд ривояти.