1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Манийни ташқарига тўкиш мумкин

Мусулмон киши аёли билан қўшилганда (ҳомиланинг олдини олиш мақсадида) манийни ташқарига тўкиши жоиз. Бу тўғрида бир қанча ҳадислар мавжуд:

Биринчи: Жобир (р.а) ривоят қилади:
 «Биз (ҳатто) Қуръон нозил бўлаётган даврда (ҳам) манийни ташқарига тўкардик»[1]. Ҳадиснинг ровийларидан Суфён айтади: «Агар қайтариладиган иш бўлганида Қуръон албатта бизни қайтарган бўларди».
Бошқа бир ривоятда: «Биз Расулуллоҳ (с.а.в) даврларида ҳам манийни ташқарига тўкар эдик. Бунинг хабари Набий (с.а.в)га етган эса-да, бизни қайтармаганлар».[2]
Иккинчи: Абу Саъид Ал-Худрий (р.а) ривоят қилади:
«Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг бир чўрим бор. Унинг ҳомиладор бўлишини ҳоҳламайман, у билан қўшилганимда манийни ташқарига тўкаман ва мен эркаклар хоҳлаган нарсани хоҳлайман. Аммо яҳудийлар: «Бу иш болани тириклай кўмишдек гап»,- деб даъво қилишяпти»,- деди. Расулуллоҳ (с.а.в): «Яҳудийлар бекор айтибди. Агар Аллоҳ бола яратишни хоҳласа, сен бунга тўсқинлик қилишга қодир эмассан»,- дедилар».[3]
Учинчи: Жобир (р.а) бир кишининг Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига келиб шундай дегани тўғрисида ривоят қилади:
«Менда хизматимизни қиладиган ва хурмоларимизни суғорадиган бир чўри бор. Баъзан мен унга бораман (яъни у билан жинсий алоқада бўламан), аммо у мендан хомиладор бўлишини хоҳламайман». Расулуллоҳ (с.а.в): «Агар хоҳласанг манийингни ташқарига тўк, аммо барибир унга тақдир қилинган нарса бўлади»,- дедилар. Бироз муддатдан сўнг ўша одам яна Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига келиб: «У ҳомиладор бўлиб қолди»,- деди. Расулуллоҳ (с.а.в) унга: «Мен сенга: «Унга тақдир қилинган нарса барибир келади»,- деган эдим-ку?!»,- дедилар.[4]

[1] Бухорий ва Муслим ривояти.
[2] Муслим, Насоий ва Термизий ривояти.
[3] Насоий «ал-Ишра» номли асарида, Абу Довуд ва бошқалар ривояти, саҳиҳ.
[4] Муслим, Абу Довуд ва бошқалар ривояти.