1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Суннатга мувофиқ валима

Валимада қуйидаги ҳолатлар топилиши керак:
Биринчи: Валима никоҳ кечасидан сўнг 3 кун ичида бўлиши керак.[1] Бу Расулуллоҳ (с.а.в)нинг суннатларидир.
Анас (р.а) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в) аёлларининг олдига кирдилар ва мени одамларни таомга таклиф қилиш учун юбордилар»[2].
Яна Анас (р.а) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в) София (р.а)га уйландилар ва унга (асираликдан) озодликни маҳр қилдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) 3 кун зиёфат бердилар».[3]

Иккинчи: Киши зиёфатига, хоҳ бой, хоҳ камбағал бўлсин, тақволи кишиларни таклиф қилиши керак.
Абу Саид ал-Худрий (р.а) ривоят қилади:
Расулуллоҳ (с.а.в): «Фақат мўмин билан дўстлаш ва таомингни фақат тақволи киши есин»,- деб марҳамат қилганлар.[4]

Учинчи: Киши қодир бўлса бир ёки бир нечта қўй сўйиб зиёфат бериши мумкин. Бу қуйидаги Анас (р.а) ривоят қилган ҳадисга асосланади:
«Абдураҳмон ибн Авф Мадинага келгач, Расулуллоҳ (с.а.в) у билан Саъд ибн Ар-Рабиъни биродар тутинтириб қўйдилар. Саъд дунёдор киши эди. У Абдураҳмонга:  «Эй биродар, мен Мадинанинг энг бойларидан бириман. Шунинг учун мени мол-мулкимни кўргин-да ўзингга ёққан ярмини ол. Иккита хотиним бор, хотинларимдан ўзингга ёққанини танла, мен ўшани сен учун талоқ қиламан. Идда муддати тугагандан кейин унга уйланасан»,- деди. Абдураҳмон (р.а): «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ оилангга ва молингга баракот берсин. (Менга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўй»,- деди. Шундан сўнг унга бозорга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўйишди.) Абдураҳмон олди-сотди қилиб озгина пишлоқ ва сарёғ фойда қилди. Бир куни кийимида сафрон (хушбўй модда)излари  кўринган ҳолда пайдо бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в) унга: «Бу нима?»,- дедилар. Абдураҳмон (р.а): «Эй Аллоҳнинг элчиси, Ансорлардан бир аёлга уйландим»,- деди. Расулуллоҳ (с.а.в): «Унга нимани маҳр қилиб бердинг?»,- дедилар. «Беш дирҳам оғирлигида олтин»,- деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, зиёфат бергин»,- дедилар».[5]

Яна Анас (р.а) ривоят қилади:
 «Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг Зайнаб (р.а) учун берган зиёфатичалик зиёфат берганларини кўрмадим. Набий (с.а.в) бир қўй сўйдилар».[6]

[1] Фатҳул Борий: 9/242-244
[2] Бухорий ва Байҳақий ривояти.
[3] Абу Яъло ва бошқалар ривояти, ҳасан.
[4] Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти, саҳиҳ.
[5] Бухорий, Насоий ва бошқалар ривояти.
[6] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.