1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Нафл рўзанинг қазосини тутиб қўйиш талаб қилинмайди

Агар киши нафл рўзасини очишга қарор қилса, ўша куннинг рўзасини қайта тутишга мажбур эмас. Бу тўғрида икки ҳадис мавжуд:
Биринчи: Абу Саъид ал-Худрий (р.а) ривоят қилади:
 «Мен Расулуллоҳ (с.а.в) учун таом тайёрладим. Набий (с.а.в) асҳоблари билан бирга келдилар. Таом олиб келинганида асҳоблардан бири: «Мен рўзадорман»,- деди. Расулуллоҳ (с.а.в): «Биродаринг сени таклиф қилди ва сен учун таом тайёрлади»,- дедилар. Кейин: «Рўзангни очгин ва хоҳласанг бошқа бир кун ўрнига тутиб қўярсан»,- дедилар».[1]
Иккинчи: Абу Жуҳайфа (р.а) ривоят қилади:
 «Расулуллоҳ (с.а.в) Салмон (р.а) билан Абу Дардо (р.а)ни ака-ука қилиб (тутинтириб) қўйдилар. Салмон (р.а) бир куни Абу Дардони кўргани келганида Умму Дардо (р.а)ни эскирган кийимда (яъни, ташқи кўринишига беэътибор) кўрди. Салмон (р.а) сабабини сўради. Умму Дардо (р.а): «Биродаринг Абу Дардонинг дунёдан бирор нарсага ҳожати йўқ»,- деди. Кейин Абу Дардо (р.а) келиб биродари билан кўришди ва уни таомга таклиф қилди. Салмон (р.а) унга: «Сен ҳам е»,- деди. Аммо Абу Дардо: «Мен рўза тутганман»,- деди. Салмон (р.а): «Сен емагунингча мен ҳам емайман»,-деди. Кейин Абу Дардо ҳам таом еди. Салмон (р.а) шу ерда тунаб қолди. Абу Дардо кечаси намозга турганида Салмон (р.а) уни тўхтатди ва: «Ухла»,- деди. Кейин яна турмоқчи бўлганида яна: «Ухла»,- деди. Кечанинг охирги қисми бўлгач: «Энди тур»,- деди ва бирга намоз ўқидилар. Сўнг Салмон унга: «Эй Абу Дардо, сенда Роббингнинг ҳаққи бор, сенда ўз танангнинг (нафсингнинг) ҳаққи бор ва сенда аёлингнинг ҳам ҳаққи бор. Барча ҳақдорга ўз ҳаққини адо қил»,- деди. Абу Дардо (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига бориб, бу ҳақда айтганида Расулуллоҳ (с.а.в): «Салмон тўғри айтибди»,- дедилар)».[2]

[1] Байҳақий ва Табароний ривоят, ҳасан.
[2] Бухорий, Термизий ва Байҳақий ривояти.