1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Маъсият жойларга бўлган таклиф рад этилади

Аллоҳ таъолога итоатсизлик қилинадиган жойларга даъват қилиш ва итоатсизликни йўқотиш учун бориш мумкин. Агар итоатсизликни бартараф қилса ёки олдини олса, у ерда қолиши мумкин. Кучи етмаса, у ердан кетиши шарт. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар мавжуд. Шулардан:

Биринчи: Али (р.а) ривоят қилади:
 «Мен таом тайёрлаб Расулуллоҳ (с.а.в)ни таклиф қилдим. Набий (с.а.в) келдилар ва кўзлари расмлари бор пардага тушгач чиқиб кетиш учун бурилди. (Бир ривоятда: Мен: «Эй Аллоҳнинг элчиси, сизга ота-онам фидо бўлсин, сизни нима норози қилди?»,- дедим. «Бу уйда расмлари бор парда бор экан.) Фаришталар расмлари бор уйга кирмайдилар»,- дедилар».[1]

Иккинчи: Оиша (р.а) ривоят қилади:
 «Бир куни мен расмлари бор ёстиқ олиб келдим. Расулуллоҳ (с.а.в) уни кўриб эшик олдида тўхтаб қолдилар. Ичкарига кирмадилар. Юзларидан бир нарсани қаттиқ ёмон кўрганларини сездим ва «Эй Аллоҳнинг элчиси, Аллоҳга ва Унинг элчисига тавба қилдим. Мен нима гуноҳ қилдим?» ,- дедим. «Бу қанақа ёстиқ?»,- дедилар. «Буни сиз устида ўтирасиз ва ёстиқ қилиб фойдаланасиз деб сотиб олдим»,- дедим. У «Бу расмларни чизган одамлар Қиёмат куни жазоланадилар. Уларга: «Яратган нарсаларингга жон киритингларчи энди?»,- дейилади. Шунга ўхшаган расмлар бор уйга фаришталар кирмайди»,- дедилар».[2]

Учинчи: Жобир (р.а) ривоят қилади:
Расулуллоҳ (с.а.в): «Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирса, маст қилувчи ичимликлар айлантириладиган даврада ўтирмасин».[3]

Биз қуйида салафларнинг ҳаётидан айрим мисолларни келтириб ўтамиз.

а) Умарнинг қули  Аслам ривоят қилади: «Умар ибн Ал-Хаттоб (р.а) Шомга келдилар. Христианлардан бири таом тайёрлаб Умар (р.а)га: «Менинг уйимга борсангиз, жуда ҳам мамнун бўлардим. Сизнинг ва ҳамроҳларингизни ҳурматларини жойига қўярдим»,- деди. (Бу одам Шом аҳлининг бошлиқларидан бири эди). Умар (р.а) унга: «Биз сизларнинг черковларингга (уйларингга) кирмаймиз, чунки у ер суратлар билан тўла»,- деди».[4]

б) Бир киши Абу Масъуд учун таом тайёрлаб уни таклиф қилди. «Уйда расмлар борми?»,- деди. У киши: «Ҳа»,- деди. Абу Масъуд суратлар йўқ қилинмагунича уйга киришдан бош тортди. (Суратлар йўқотилганидан) Сўнг уйга кирди.[5]

в) Имом Авзоий: «Биз дўмбираси ёки мусиқа асбоблари бор бўлган (яъни чалинадиган) валималарга(зиёфатларга) бормаймиз»,- деганлар.[6]

[1] Насоий, Ибн Можа ва Абу Яъло ривояти, саҳиҳ.
[2] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.
[3] Аҳмад ва Термизий ривояти, саҳиҳ.
[4] Байҳақий ривояти, саҳиҳ.
[5] Байҳақий ривояти, саҳиҳ
[6] Абул-Ҳасан ал-Ҳарбий «Фавоидул Мунтақот» (4/3/1) номли асарида саҳиҳ иснод билан ривоят қилган.