1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Таклифни қабул қилганларга тавсиялар

Таклиф қилинган жойга бориб иштирок этувчиларга икки нарса тавсия қилинади:

Биринчи: Таомни еб бўлгандан сўнг мезбон ҳаққига дуо қилсин. Расулуллоҳ (с.а.в) ўргатган дуоларни ўқиса яна ҳам афзал бўлади. Бу дуолар турличадир:

а) Абдуллоҳ ибн Буср отасининг таом тайёрлаб Расулуллоҳ (с.а.в)ни таклиф қилганлари тўғрисида ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (с.а.в) унинг таклифини қабул қилиб келдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) таомни еб бўлганларидан сўнг: «Эй Аллоҳ! Уларни (гуноҳларини) мағфират қил ва уларга раҳм қил. Уларга берган ризқингни барокотли қилгин»,- дедилар».[1]

б) Миқдод ибн Асвад (р.а) ривоят қилади:
 «Мен икки дўстим билан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига (Мадинага) келдим. Биз оч қолдик ва баъзи кишилардан ёрдам сўрадик, аммо бизни ҳеч ким меҳмон қилмади. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в) бизни  уйларига олиб кетдилар. Уйларида 4 та эчки бор экан. Расулуллоҳ (с.а.в). менга: «Эй Миқдод, бу эчкиларнинг сутини тўртга бўл»- дедилар. Мен шундай қилар ва ҳар биримиз ўз ҳиссамизни ичар эдик. Бир кеча Расулуллоҳ (с.а.в) ташқарида ушланиб қолдилар. Мен ўзимча: «Расулуллоҳ (с.а.в) бирорта Ансорийникига кетдилар ва у ерда тўйгунларича таомланиб чанқоқларини қондиргунларигача ичадилар. Шундай экан нега энди у зотнинг ҳиссасини ичмайин?»,- деб ўйлай бошладим. Охир-оқибат, мен туриб Набий (с.а.в)нинг ҳиссасини ичдим. Кейин косанинг устини ёпиб қўйдим. Ичиб қўйганимдан кейин: «Нима қилиб қўйдим? Расулуллоҳ (с.а.в) оч келсалар, ўзларига ҳеч нарса қолмаганини кўрадилар»,- деб ўйлай бошладим ва бу ўй калламга ўрнашиб қолди. Шунинг учун мен ўзимни жун чойшаб билан ўраб олдим. Чойшаб билан бошимни ёпсам оёғим очилиб қолди, оёғимни ўрасам бошим очилиб қолди. Мен ухлаёлмадим ва бўлиб ўтган воқеани ўйлаб ётдим. Шерикларим ҳам ухлаб қолган эди. Расулуллоҳ (с.а.в) кириб келганларида ҳам мен шу аҳволда ётган эдим. У киши уйғоқ одам эшитса бўладиган, аммо ухлаётган кишини уйғотмайдиган даражада паст овозда салом бердилар. Кейин масжидга чиқиб намоз ўқидилар. Кейин косанинг ёнига келиб, устини очдилар. Косада ҳеч нарса йўқлигини кўриб:   اللَّهُمَّ أَطْعِمْ مَنْ أَطْعَمَنِي وَاسْقِ مَنْ سَقَانِي  - «Эй Аллоҳ! Менга таом берганни ўзинг таомлантиргин. Менга ичимлик (сут, сув) берганга ўзинг ичимлик ичиргин»,- дедилар. Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ушбу дуоларини қўлдан чиқариб юбормасликка қарор қилдим. Устимдан чойшабни олиб белимга боғладим ва пичоқ олиб эчкиларнинг олдига бордим. Энг семизини сўйиш учун уларни қўлим билан ушлаб кўра бошладим. Аммо ҳар гал қўлим уларнинг елинига тегарди. Елинлари сутга тўла эди. Мен Расулуллоҳ (с.а.в)га тегишли бўлган, ҳеч ким эчкилар бу идишни тўлдириб сут беради, деб ўйламайдиган катта бир идишни олиб эчкиларни соға бошладим. Идиш тўлиб кетди. Кейин мен уни Расулуллоҳ (с.а.в)га олиб бордим. «Кечқурун сутларингни ичдиларингми?»,- дедилар. «Ичинг эй Аллоҳнинг элчиси»,- дедим. Расулуллоҳ (с.а.в) бошларини кўтариб: «Эй Миқдод, нима гап ўзи?»,- дедилар. Мен: «Аввал ичинг, кейин айтаман»,- дедим. Расулуллоҳ (с.а.в) чанқоқлари қонгунича ичдилар кейин идишни менга бердилар. Мен ҳам ичдим. Мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг чанқоқлари қонганини ва дуоларининг ижобат бўлганини кўриб кула бошладим. Расулуллоҳ (с.а.в): «Нима бўлди?»,- дедилар. Шундан кейин мен бугунги воқеани айтиб бердим. Шунда у зот: «Бу  осмондан тушган бир раҳмат эди. Нимага буни менга (аввал) айтмадинг? Сен билан бирга келган икки шеригинг ҳам озгина ичиб қоларди»,- дедилар. Мен: «Сизни ҳақ билан жўнатган Зотга қасамки, сизга ва менга берилган бу раҳматни қўлдан чиқарганларга ҳеч қачон билдирмайман»,- дедим».[2]

в) Анас (р.а) ва бошқалар ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (с.а.в) Ансорларни зиёрат қилиб турардилар. Расулуллоҳ (с.а.в) уларнинг уйларига келганида болалари чиқиб атрофларини ўраб оларди. Набий (с.а.в) болаларнинг ҳаққига дуо қилардилар, бошларини силардилар ва саломлашардилар. Бир куни Саъд ибн Убоданинг эшиги олдига келдиларда: «Ассалому алайкум»,- деб кириш учун рухсат сўрадилар. Саъд (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) эшитмайдиган даражада паст овоз билан: «Ва алайкум ассалом»,- деб жавоб қайтарди. Бу 3 марта такрорланди. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳеч қачон кириш учун 3 мартадан кўп рухсат сўрамасдилар. Агар рухсат берилмаса, қайтиб кетардилар. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в) кета бошладилар. Саъд (р.а) орқаларидан келиб: «Эй Аллоҳнинг элчиси, сизга ота-онам фидо бўлсин, сиз ҳар салом берганингизда мен киришингиз учун рухсат бердим. Аммо сиз эштмайдиган қилиб айтдим. Чунки менга кўп салом ва раҳмат айтишингизни яхши кўраман. Шунинг учун эй Аллоҳнинг элчиси, (уйга) киринг!»,- деди. У Расулуллоҳ (с.а.в)ни уйига олиб кириб, ейиш учун озгина майиз олиб келди. Расулуллоҳ (с.а.в) едилар. Еб бўлганларидан кейин:
 «Таомингизни яхшилар есин, Фаришталар сизларга дуо қилсин ва хонадонингизда рўзадорлар ифтор қилсин»,- деб дуо қилдилар».[3]

Иккинчи: Зиёфатда қатнашувчиларга тавсия қилинадиган иккинчи нарса келин-куёв ҳақларига, уларга барака (раҳмат) ва яхши нарсалар берилишини сўраб дуо қилсин.

а) Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а) ривоят қилади:
«Отам вафот этиб кетди ва ундан етти (ёки тўққиз) қиз қолди. Мен бир тул аёлга уйландим. Расулуллоҳ (с.а.в) менга: «Эй Жобир, уйландингми?»,- дедилар. «Ҳа»,- дедим. «У бокирами ёки тулми?»,- дедилар. Мен: «Тул аёл»,- дедим. «Ёш қизга уйланмабсан-да, у билан ўйнаб- кулардиларинг»,- дедилар. «Абдуллоҳ вафот этиб, ундан қизлар қолди. Уларга ўзларига ўхшаган бир ёш аёл келиб қўшилишини хоҳламадим. Шунинг учун, уларнинг ҳолидан хабар олиб турадиган ва яхши тарбия берадиган бир аёлга уйландим»,- дедим. Расулуллоҳ (с.а.в): بَارَكَ اللَّهُ لَكَ -«Аллоҳ сенга муборакли қилсин»,- дедилар».[4]

б) Бурайда (р.а) ривоят қилади:
«Ансорлар Али (р.а)га: «Фотимани (хотинликка) ол»,- дедилар. Али (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в)нинг олдиларига борди. Салом берди. Набий (с.а.в): «Эй Абу Толибнинг ўғли нимага ишинг бор эди?»,- дедилар. «Эй Аллоҳнинг элчиси, Аллоҳ расулининг қизи Фотима тўғрисида гап бўлган эди»,- деди. Расулуллоҳ (с.а.в): «Марҳабо, Хуш келибсан»,- дедилар. Бошқа ҳеч нарса демадилар. Али (р.а) Ансорларнинг олдига қайтиб борди. Улар кутиб ўтиришган эди. Али келиши билан нима бўлгани ҳақида сўрадилар. «Билмайман, Набий (с.а.в) фақат «Марҳабо, хуш келибсан»,- дедилар холос»,- деди. «Аллоҳ элчисининг бу сўзлари жуда аҳамиятли! Расулуллоҳ (с.а.в) сени ўз оиласининг аъзоси бўлишингни яхши қарши олдилар»,- дейишди. Али (р.а) билан Фотима (р.а)ларнинг никоҳлари ўқилганидан кейин, Расулуллоҳ (с.а.в) Али (р.а)га: «Эй Али, ҳар бир куёв зиёфат бериши керак»,- дедилар. Саъд (р.а): «Менда бир қўй бор»,- деди ва бошқа ансорлар дон йиғдилар. Чимилдиққа кирадиган кеча Расулуллоҳ (с.а.в). унга: «Менга учрашмагунингча ҳеч нарса қилма»,- дедилар. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в).озгина сув олиб келишларини буюрдилар. Таҳорат олдилар ва Али (р.а)нинг устиларига сепиб:
«Эй Аллоҳ! Бу иккаласини баракотли қил ва оилаларига баракот ато эт»,- деб дуо қилдилар».[5]

в) Оиша (р.а) ривоят қилади:
«Расулуллоҳ (с.а.в) менга уйланганларида онам келиб мени уйга олиб кириб қўйдилар. Ичкарида Ансор аёллар бор эди. Улар: Хайру баракотли ҳамда яхши насибали бўлсин,- дейишарди».[6]

г) Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (с.а.в) уйланган кишини табрикламоқчи бўлсалар:
«Аллоҳ сенга муборакли қилсин, сенга баракотлар ёғдирсин ва иккингиз ўртасини яхшиликда жамласин»,- дер эдилар».[7]

[1] Аҳмад, Муслим ва бошқалар ривояти.
[2] Муслим, Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[3] Аҳмад, Байҳақий ва бошқалар ривояти, саҳиҳ.
[4] Бухорий ва Муслим ривояти.
[5] Табароний ривояти, ҳасан.
[6] Бухорий, Муслим ва Байҳақий ривояти.
[7] Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти, саҳиҳ.