1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳни эълон қилиш ва билдириш

 

 

 

Ислом бизга никоҳ ақдини билдириш ва уни эълон қилишни буюради. Бу нарса, Ислом қайтарган махфий никоҳдан фарқли бўлиб, ажралиб туриш учун ва Аллоҳ таоло мўминга ҳалол қилган йўл билан хурсандчиликни изҳор қилиш ва ёмон сўзларни даф қилиш учундир. Чунки одамлар олдиндан таниш бўлмаган эркак билан аёлни бирга кўришса, ҳар хил ёмон гумонларга бориши мумкин. Шунинг учун ҳам табаррук ва олий бўлмиш зот никоҳни билдиришни буюради ва Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам эълон қилиш ва билдиришни васият қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Бу никоҳни билдиринглар, уни масжидларда эълон қилиб чилдирмаларни чалинглар» (Термизий ривояти).

Рузайн: «Бас, албатта ҳалол ва ҳаром орасидаги фарқ эълондир», деб зиёда қилганлар. («Жомеъул усул»)

Термизий ва Насоий Муҳаммад ибн Ҳотиб Ал­Жумҳийдан ривоят қилишган, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Ҳалол ва ҳаромнинг орасини ажратиб турувчи нарса: дуф (чилдирма) ва товуш» Маъноси: Ҳалол никоҳнинг ва ҳаром қўшилишнинг орасини ажратувчи нарса – дуф чалиш ва никоҳ ақди учун хурсандчилик, шодлик товушидир. Никоҳ ва масжид руҳонияти орасидаги боғлиқлик хусусида мулоҳаза қилиб айтамизки, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: «Уни масжидларда эълон қилинглар», деган сўзларида, никоҳ ақди масжидда бўлишига даъват қилдилар. Бунга сабаб никоҳ ришталари дин ришталари билан боғланиб, масжид руҳонияти бу никоҳни ўраб олади. Чунки мўмин Аллоҳга намоз туфайли ибодат қилса, никоҳ ҳам худди шундай ибодат ҳисобланади. Модомики унинг мақсади солиҳ зурриёт ва нафсини ҳаромдан сақлаш бўлса. Саҳиҳ ҳадисда ворид бўлганидек: «Сизларнинг бирортангизнинг хотинига қўшилишида савоб бордир» Никоҳни масжидда билдиришнинг ҳикмати у мусулмонлар жума ва ийд (байрам)ларда ва беш вақт намозда йиғиладиган жойдир.

Бошқа тарафдан, никоҳни эълон қилиш йигитларни уйланишга шижоатлантиришга даъват қилиш ўрнида бўлиб, у сабабли турмуш қуриш кўпаяди, бу эса Исломнинг тўғри йўлга бошловчи таълимотларидир.