1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳ билан табриклаш ва келин­куёв ҳақларига дуо қилиш

 

 

 

Никоҳда албатта табриклаш, келин­куёв ҳақларига дуо қилиш, уларга шодлик ва саодатнинг бўлишини тилаш керак. Жоҳилиятда инсонлар: «Бахт ва фарзандлар бўлсин», деб айтишган. Ислом эса ундан чиройлироқ, афзалроқ ва улуғроқ табрик сўзларни келтирган.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир киши уйланганида табриклаб, шундай дердилар: «Аллоҳ сен учун барака берсин ва сенга барака берсин ва ораларингизни яхшилик билан жамласин» (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Насоий «Сунан»ларида Ҳасан Басрийдан (р.а.) ривоят қилганлар: «Уқайл бин Абу Толиб «Бану Жушам»лик бир аёлга уйландилар. Шунда одамлар: «Бахт ва фарзандлар бўлсин», дейишганида у киши: «Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганларидек: «Аллоҳ сизларга барака қилсин ва барака берсин» денглар», деб айтди.

Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (с.а.в.) Абдураҳмон ибн Авфда сариқлик аломатини кўриб: «Нима бўлди?» деб сўраганларида: «Эй Расулуллоҳ, уйландим», деганлар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ сен учун барака берсин, бир дона қўй билан бўлса ҳам «валима» – зиёфат қил», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мана шулар исломий, мустаҳаб табрик, келин­куёвга тиланадиган яхшилик ва барака дуосидир. Аллоҳ уларни шу сабабли ҳаётларида саодат ва шодонлик ато этди.