1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ҳомийлик ва тарбия хусусида

 

 

 

Аллоҳнинг борлиқдаги суннати ва ижтимоий ҳаётдаги шарт­шароитлар оила ишларини бошқарадиган, ўз молидан унга инфоқ­нафақа қиладиган бир ҳомий­бошлиқ бўлишини тақозо этади. У киши оиланинг фойдасини кўзлаб, ўз вазифасини комил ва афзал йўл билан адо этиш керак. Токи оила Ислом хоҳлаган инсоний жамиятнинг қурилишига биринчи уруғ бўлиб қадалсин. Чунки оиланинг саломатлиги – жамиятнинг саломатлиги, оиланинг бузилиши – жамиятнинг бузилиши ва хароб бўлишидир.

Эркак бу масъулиятни кўтаришда, Аллоҳ берган ақл ва ирода қувватига суянмоғи даркор. Унга аёли ва фарзандларининг таъминотига саъй-ҳаракат, тирикчилик қилиш вазифаси юкланганлиги сабабли аёлдан кўра қодирроқ ва ҳомийликка ҳақлироқдир. Ҳомийлик ҳақиқатда жавобгарлик ва вазифа даражасидир, фазилат ва шараф даражаси эмас. Оилада эр қийинчиликларни кўтаришда фаол бўлиб, хўжайинлик ва ҳукмронлик қилмасдан, ҳар бир муҳим ишда тадбир ва бошқарув ишларини олиб борадиган раис бўлиши керак. Аллоҳ эркакларга аёллар устидан ҳомийлик, тарбиячилик, бошқарув, ҳимоя ва қўриқлаш вазифаларини юклаган.

 «Аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар), уринглар!» (Нисо сураси, 34)

Ҳа, Аллоҳ таоло аёлни уришга рухсат берди. Лекин, қачон ва қандай урилади? Бу иш бир муолажа – даво бўлиб, унга зарурат ва эҳтиёж туғилганда қўлланилади. Агар аёл эрининг ҳаётини бузиб, бошига чиқса, шайтон ва унинг кўрсатмалари кетидан кетса, гуноҳ ишларни қилиб пушаймон бўлмаса, бундай ҳолатда эр нима қилиши керак? Уни ётоқда тарк этсинми, талоқ берсинми ёки ўз ҳолига ташлаб қўйсинми?

Қуръони карим бизни бу нарсанинг давосига, бебошлик ва итоатсизликнинг муолажасида ҳикматли йўл тутишга буюради. Аввало сабр ва чидамга, сўнг панд­насиҳат, сўнг ётоқларда тарк этиш ва агар шу барча воситалар наф келтирмаса, давонинг охиргисини бажаришга буюради. 

Мисвок ва шунга ўхшаш нарсалар билан уриш, аёлга талоқ беришдан кўра зарари камроқдир. Талоқ оила устунларини парчалаб, иттифоқликни йўқотади. Агар енгилроқ зарарни улуғроқ зарарга солиштирсак, енгилроғини амалга ошириш чиройлироқ ва гўзалроқ бўлиб чиқади. Кўзи кўр одамнинг олдида бир кўзсиз одам гўзалроқ кўринади, деб бекорга айтилган.

Бундан ташқари уриш, баъзилар ўйлаганидек, аёлни дўппослаш эмас. Балки муолажа йўлларидан бири бўлиб, баъзи ҳолларда ғалаёнчи, яхшиликни тушунмайдиган ва чиройли муомала унга наф, фойда келтирмайдиган пайтларда бу нарса наф келтиради. Шоир айтганидек:

Қул урилар асо бирла,

Ҳурга етар ишора.

Аёлларнинг, балки эркакларнинг ҳам ичида калтакдан бошқаси фойда бермайдиганлари учраб туради. Шу сабабли жазолар жорий қилиниб, ҳаддлар белгиланган.

Саййид Рашид Ризо «Ал­Манор» тафсирларида айтадилар: «Уришганда майиб қилмасликни шарт қилинган. Майиб қилиш, деб қаттиқ азият етказишга айтилади. Ибн Аббосдан (р.а.): мисвок ёки қўл ё кичик таёқча билан уриш, деб тафсир қилганлар».

Баъзи Европа танқидчилари Исломда исёнчи аёлни уриш қонуни бор, деб танқид қилишади. Лекин ўзларининг аёли исён ва бақир­чақир қилиб, эрларини энг хор одамларга айлантириб қўйишгани четда қолиб, ҳатто энг хор одамга эътибор қилишмайди. Бу аёллар ўзининг ғалаёнида шундай қаттиқ туриб оладики, эрининг панд­насиҳати, ундан юз ўгириши ва ётоқларини тарк қилиши ҳам уларга таъсир қилмайди. Бундай ғалаёнчиларни нима билан даволаш мумкин? Эрлари ундай аёллар билан қандай муомала қилишади?

Аёлларни уриш усули ақлга ҳам, фитратга ҳам тескари иш эмас, лекин у таърифга муҳтож. Жамият аҳволи бузилиб, ахлоқсизликлар келиб чиқа бошлаган пайтда унга эҳтиёж туғилади. Бу нарса эркак аёлининг ғалаёнидан қайтиши амри маҳол бўлиб қолганини кўрганида рухсатли бўлади. Агар аёллар насиҳатга ва огоҳлантирувга қулоқ соладиган ёки ётоқларни тарк этганда таъсирланадиган бўлса, уришдан тийилиш шарт бўлади. Шариатда ҳар бир ҳолатга муносиб ҳукм бор ва биз ҳамма ҳолларда аёллар билан юмшоқ муомалада бўлишга буюрилганмиз («Ал­Манор» тафсири).

Уриш Аллоҳнинг шариатида, ислоҳ йўлларидан бир йўл, холос. У кеккайиш ва такаббурликни синдиради. Юқорида уришдан олдин санаб ўтилган насиҳат, қайтариш, эслатиш, ётоқларда тарк қилиш орқали ҳам кеккайиш ва залолатдан пушаймон бўлмайдиган, йўлдан озган аёлнинг бошидан «жинлар ва инсонлардан бўлган, аёл қалбида васваса қилувчи» ханнос шайтонни чиқариш учун қўлланиладиган сўнгги воситалардан биридир. Салафларнинг баъзилари уришни макруҳ санашган. Атодан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда айтадилар: Аёлига иш буюрганида итоат қилмаса, урмасину жаҳл қилсин, Набий алайҳиссаломнинг шу сўзларига биноан: «Сизларнинг яхшиларингиз урмайди». Бу баъзи бир кам учрайдиган ҳолатларга муолажадир. 

 «Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?!» (Нисо сураси, 78)