1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Насл-насаби билан фахрланишнинг бефойда экани

Кишилар орасида азал-азалдан ўз насл-насаби билан фахрланиш одати бор. Аслида-чи, бу нарса фахрланишга, тўғрироғи, наслнинг "тоза" экани кишининг қадр-қиммати ва ҳурматини ўлчайдиган мезон қилиб олинишга арзигуликми? Йўқ, албатта. Чунки кишининг қандай насаб ва оилада туғилиши унинг ихтиёридан ташқарида бўлади. Зоти тоза, насаби юқори бўлган оилада туғилган пасткаш ва разил киши ҳеч қачон қадрли бўлиб қолмайди ёки аксинча, ўзи иймон-эътиқодли, дин-диёнатли, аммо насаб жиҳатидан "бундайроқ" оилада туғилгани билан унинг мартабаси Аллоҳ даргоҳида юқоридир.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда насл-насаб билан фахрланиш яхши эмаслиги кўп бора уқтирилган ва асосан, амални ислоҳ қилишга, қалбни поклашга тарғиб этилган. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:

"Бас, қачон сур чалинганида (яъни, Қиёмат қоим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар" (Мўминун сураси, 101-оят).

Одатда насаби билан фахрланаётган кишилар ота-бобосининг солиҳ киши, машҳур олим ёки донишманд бўлгани ва жуда кўплаб яхши, савобли ишларни амалга оширгани билан фахрланишади. Аммо Аллоҳ таоло шундай дейди: "Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз ўзингиз учундир ва сизлар улар қилган амаллар ҳақида сўралмайсизлар" (Бақара сураси, 141-оят); "(Қиёмат кунида) ҳеч бир кўтаргувчи (гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юки (гуноҳи)ни кўтармас" (Фотир сураси, 18-оят); "Ҳар бир киши ўзи қилган иши билан ушлангувчи (ҳисоб қилингувчи)дир" (Тур сураси, 21-оят).

Ёки баъзилар оила аъзоларидан бўлган яхши кишилар, машҳур одамлар билан фахрланиб, фалончи менинг акам, фалончи менинг укам бўлади, деб гапириб юрадилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Китобида шундай хабар берган:

"У (Қиёмат) кунида киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур! (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!" (Абаса сураси, 34-37-оятлар).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча солиҳ амалларни зикр қила туриб, сўнг: "Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдинга сура олмайди", деганлар (Имом Муслим, Абу Довуд ва Терми-зий ривояти).

Яъни, охиратда ҳар бир банданинг насабига эмас, дунёдалик чоғида қилган амалига қараб даража берилади. Кимнинг амали яхши бўлса, насл-насаби қандай бўлишидан қатъи назар, олий мартабаларга эришади. Кимнинг амали ёмон бўлса, насаби қанчалик олий ёки гоза бўлмасин, у ортга сурилади. Иши чатоқ бўлади. Шунинг учун ҳам ҳеч ким насаби, ўтмишда ўтиб кетган машҳур бобокалонлари билан фахрланмай, балки солиҳ амаллар қилишга, кўпроқ яхши ишларни бажаришга эътибор қаратиши лозим.

Абу Молик Ашъарий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Жоҳилият ишларидан тўрт нарса менинг умматимда бордир. Уларни тарк қилмайдилар: ҳасаблар билан фахрланиш, насабларга тил текказиш, юлдузлардан истисқо сўраш, (маййитга) овоз чиқариб, айтиб йиғлаш" (Имом Муслим ва Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда жоҳилият даврига оид тўрт иллат ҳақида гапирилмоқда. Жоҳилият даври деб Ислом дини келмасидан олдинги маърифат, илм-урфондан узоқ, жаҳолат ва разолат ботқоғига ботилган бир давр тушуниладй. Жоҳилиятнинг энг кўзга кўринган ишларидан бири насл-насаби билан фахрланиш эди. Ислом дини келишидан олдинги араб жоҳилиятида ҳам отам у қилган, бобом бу қилган, деб фахрланиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш одати бўлган. Бу мутлақо нотўғри ишдир. Ўтиб кетган кишилар яхши иш қилган бўлса, фақат ўзлари учун қилганлар. Тўғрисини айтганда, Ислом дини келишидан олдин бу ишни қилганларни узрли ҳисоблаш мумкин. Чунки улар насл-насаб билан фахрланиш гуноҳ иш эканини билмаганлар. Бироқ мусулмон бўлатуриб бу ишни қила-циганларга нима деса бўлади?! Уларнинг гуноҳи жоҳилийлар гуноҳидан ҳам каттароқ бўлмайдими?! Шу сабаб ҳар биримиз насл-насабга бўлган эътиқодимизни Ислом эътиқодига мослашимиз, солиҳ амалларни қилишимиз, зоҳирий ва ўткинчи ҳою ҳавасларга берилмаслигимиз керак.

Зиёвуддин тайёрлади