1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Аёлнинг уйда ишлаши зарурлигига далиллар

Қуйида сизларга аёлнинг уйда ишлаши зарурлиги, эрининг ҳаёт қийинчиликларини кўтаришда ёрдам бериш, эр­хотин орасидаги саодатнинг давомий бўлишни таъминлаши ва бунинг натижасида уй низом ва тартиб асосида тикланишига асар ва ривоятлардан далиллар келтириб берамиз.

Бухорий ва Муслимлар Асмо бинту Абу Бакр Сиддиқдан (р.а.) ривоят қилишган, айтадилар: «Менга Зубайр уйландилар ва у кишининг бирорта ҳам моли ёки қули йўқ эди. Фақат бир дона оти бор эди. Шу отларига емини бериб, боқиб юрардим. Унинг охурига дон эзиб, хашак солиб, ем бериб, сув ичирардим. Челагини тешиб, ун элаб, хамир қорар эдим, лекин ҳеч чиройли қилиб нон ёпа олмасдим. Шунинг учун менга ансорларнинг қизлари нон ёпиб беришарди. Улар содиқ, яхши аёллар эди. Яна Зубайрнинг – Расулуллоҳ (с.а.в.) мен учун ажратиб берган ерларига дон экардим, лекин шу хизматларимнинг ҳеч қайсиси менга от боқишчалик оғир эмасди... То отам Абу Бакр менга хизматчи юбормагунларича от боқишдан қутилмадим. Менга хизматчи юбориб қулликдан озод қилгандек бўлдилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Али (р.а.) ривоят қиладилар: «У киши Ибн Аъбадга айтдилар: «Сенга ўзим ва Фотима бинту Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақида сўзлаб берайми? Фотима (р.а.) у зотнинг (с.а.в.) аҳллари ичида энг суюклилари бўлиб у мен билан яшарди». Кўпинча у кичик тегирмончада ун чиқарар эди, қўл тегирмон унинг қўлини қадоқ қилди. Мешда сув таширди, меш елкасига ботиб, изини қолдирди. Уй супуриб кийимлари чанг бўлиб кетарди. Кунлардан бир кун Набийнинг (с.а.в.) ҳузурларига хизматчилар келиб қолишди. Унга: «Бориб отангдан битта хизматчи сўраб келмайсанми?» дедим. Отаси олдиларига борса, суҳбатлашаётган одамлар бор экан. Эртасига ўзлари келиб қолдилар ва қизларига: «Нима ҳожатинг бор эди?» дедилар. У жим турган эди, мен: «Эй Расулуллоҳ, мен сизга айтиб бераман, қўл тегирмонда ун чиқарганди, қўли қадоқ бўлди, сув кўтариб меш ташиганди, бўйнини из қилиб ташлади. Шунга ходимлар келиб қолганида, олдингизга бориб, уни бу қийинчиликлардан қутқариш учун бир ходим сўраб келишга буюргандим», деб айтдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Аллоҳга тақво қил, эй Фотима! Раббингнинг фарзларини адо эт, аҳли оиланг ишларини қил ва тўшагингга борганингда ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир айт, шу билан юзта бўлади. Мана шу нарсалар сенга ходимдан кўра яхшироқдир» Шунда Фотима: «Аллоҳдан ва Унинг расулидан розиман», деди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ қизларига ходим бермадилар» (Буни Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоятлари). Энди айтинг-чи, Расулуллоҳ (с.а.в.) қизларига меҳрибон бўлганмилар ё шафқатсиз? Ахир Фотима онамиз ул зот аҳлларининг суюклироғи эмасмиди?

Салафлар сийратидан улуғ кўрсатмалар

Юқорида ўтган намуналар салафи солиҳлар (ўтмишдаги солиҳлар)дан бўлган саҳобий аёллар – Асмо, Фотима ва Расулуллоҳ (с.а.в.) аёлларининг (Аллоҳ уларнинг ҳаммасидан рози бўлсин) сийратлари эди. Уй хизматида ўзлари ўзларига хизматкор эдилар ва у аёлларнинг бирортасида хизматкор йўқ эди. Уй хизмати – шараф, у ҳеч қайси амир ёки вазир қизининг қадрини пасайтириб қўймайди. Лекин эркакнинг ризқи кенг бўлиб завжасига ходим олиб беришга қодир бўлса, олиб берсин. Бундай ёрдам қилишда ҳеч қандай ёмонлик йўқ, аммо аёлнинг, уй ишидан бирортасини ходим бажариши шарт эмас. Эрнинг унга хизмат қилиб берадиган ва ишларини бажарадиган хизматкор олиб бериши керак, дейишимиз ортиқча ҳашаматдан бир кўриниш ва у бўлмаган ишдир. Наҳотки бизларнинг аёлларимиз салаф солиҳ аёллардан яхшироқ бўлса? Наҳотки қизларимиз Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қизлари Фотимаи Заҳродан карамлироқ бўлса. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ходим олиб бермай, балки қизларига бу нарсадан кўра раббисига яқинроқ қиладиган, афзалроқ нарсани – тасбеҳ, таҳмид ва такбир айтишни маслаҳат берганлар.
Баъзи аёллар уй юмушларини бажаришни ор билишиб, эрларини ҳаёт қийинчиликларидан азобланишга дучор қиладилар. Гўёки улар эрига ёрдам бериш учун эмас фақат зийнат ва ясан­тусан учун яратилган. Қуйида бир аъробий аёл ҳақида шундай дейилган:
Кўча кезиб тунайман, сен ухлайсан ўринда,
Сочингга анбар суриб, хушбўй мушк ифоринда.
Шоир бу сўзлари билан, эркак аёли ва фарзандлари роҳати учун кечалари сафарда қийналиб, чарчайди. Аёли эса кечаларни зийнатланиш ва атр­упа суриш билан ўтказади, демоқчи.
Навбатдаги ҳақлардан бири аёлнинг уйда ўтириши ва қариндошлар зиёратига ҳам бирон эҳтиёжсиз чиқмаслигидир. Бунинг ўрнига фарзандлар тарбиясига вақт топиши, уй ишларини идора қилиши учун керак. Чунки она эркакларни вужудга келтиради ва баҳодирлар етиштириб чиқаради. Аёлнинг ҳаётдаги йўли улуғдир. Шоир айтади:
Она мадрасадир, тайёрласанг уни,
Тайёрлабсан гўзал ирқлар халқини.
Ба ҳақдаги Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари далилидир:
 «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан­тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33)
Ҳофиз Ибн Касир айтадилар: «Оятдаги маъно: Уйларингизни лозим тутинглар ва эҳтиёжсиз чиқманглар. Эҳтиёждан мурод – шарий эҳтиёж. Яъни, масжидда намоз ўқиш, ўз шарти билан, атр­упаланмай ва зийнатланмай чиқиш. Набийнинг (с.а.в.) қуйидаги сўзларига биноан: «Аллоҳнинг чўриларини – яъни, аёлларни – Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар, содда ҳолларида (яъни, зийнатланмай, атир сепмай) чиқсинлар»
Набий (с.а.в.)дан келтирилган яна бир ҳадисда айтганларки, «Аёл авратдир (номусдир), агар (кўчага) чиқса, шайтон уни кутиб олади. Раббисининг раҳмат­марҳамати (розилиги)га эришишининг яқин йўли эса уйининг ичида бўлишидир»
Жоҳилият даврида аёл кўчага чиқиб, эркаклар орасида таннозлик ва ишвагарлик билан юрар эди. Аллоҳ таоло эса бу нарсадан қайтарди.
Уйда қарор топишдан (ўтиришдан) мурод, аёл кишининг кўчаларда дайдиб юрмаслиги ва унинг ғами ясаниб зийнатланиш, шу ҳоли бегона эркаклар кўриши учун бўлмаслиги, бозорларда фойда­бефойда изғиб юриб, вақтини зое  қилиб уйни қаровсиз ва ҳимоясиз, бетартиб ҳолда ташлаб кетмаслиги керак. Ислом унинг намоз учун чиқишига изн бергани билан бирга, унинг уйдаги намози ҳадиси шарифда келгандагидек афзалроқдир.
Бу дегани уйни қамоқ қилиб қўйишимиз керак, дегани эмас. Балки истироҳатга, қариндош­уруғлар зиёратига, масжидда намоз ўқишга ва баъзи ҳожатларга чиқиб туради. Набийнинг (с.а.в.) шу сўзларига биноан:  «Албатта, Аллоҳ сизларга ҳожат (зарурат)ларингиз учун (уйларингиздан) чиқишингизга изн берди. («Фатҳул Борий») Лекин кўчани ўз уйи ва кўча дайдишни касб қилиб олмаслиги керак.
 «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан­тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33)
Бундан мурод аёлдан башарият бўрилари ва номус ўғриларни даф қилишдир.
Эрига зийнатланиб чиройли, кўзни қувонтирадиган кийимлар кийиб кўриниши ҳам эрнинг аёли устидаги ҳақларидан ҳисобланади. Токи эрининг кўзи бошқасига қарамасин.
Абу Ҳурайрадан ривоят қиладилар: «Набий (с.а.в.)дан: «Аёлларнинг қайсиси яхшироқ?» деб сўрашганида у киши: «Қараса эрини хурсанд қиладиган, буюрса унга итоат қиладиган ва ўз нафсида ва молида у ёқтирмайдиган нарса билан тескари иш қилмайдигани», деб жавоб берганлар (Насоий ва Аҳмад ривоятлари)»
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) айтадилар: «Мен аёлимнинг мен учун зийнатланишини қандай ёқтирсам, ўзим ҳам шундай зийнатланаман» Бундан чиқди аёлларнинг эрлари олдида зийнатланиши ва чиройли бўлиши талаб қилинади. У муҳаббатни ишончли, мустаҳкам қилиб, улфат­яқинликнинг бардавомлигини кафолатлайди.

Шайх Муҳаммад Али Собуний роҳимаҳуллоҳ
"Исломий никоҳ ва унинг одоблари" китобидан