1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Яхши хотинларнинг одоби

Яхши хотинларнинг одобига кирувчи муҳим вазифалар:

– Эр уйга кириб келганида хотин уни ўрнидан туриб, очиқ юз ва табассум билан, «марҳабо, хуш келдингиз бегим» (афандим, хўжайин, дадаси) каби сўзлар билан қарши олади.
– Эрининг уст кийимини ечиб олади, қўлидаги нарсаси ёки юкини олади, чанқаган бўлса, яхна чой ёки сув тутади.
– Хотин эрининг ҳар бир амрига итоатда туради, унинг гуноҳ бўлмаган ишларини ва топшириқларини сўзсиз бажаради.
– Эр ётоғига таклиф этса, турли баҳоналарни рўкач қилиб бўйин товламайди, раддини ўч олиш қуролига айлантирмайди, нафсини эр истакларига таслим этади.
– Эрининг ижозатисиз бирор ёққа, ҳатто ота-онасини кўргани ҳам бормайди.
– Хотин эрининг кийимларини ювиб-тозалайди, йиртиғини тикади, буюм ва ашёларини авайлаб асрайди.
– Эрининг ош-нонини пиширади, дастурхонини тузайди, меҳмонини кутади.
– Эрининг чироғи ва ўчоғини ёқади, тўшагини  ёяди. Эрининг ғусл ва таҳоратига сув тайёрлаб беради, агар у истаса ғусл ва таҳорат олишига ёрдамлашади.
– Хотин эрига ўзининг бойлиги, насаби ёки гўзаллиги билан мақтанмайди. Эрини бошқаларга солиштириб, бойлик, мансаб, рўзғор тутиш кабиларда уларга ўхшашни талаб қилмайди.
– Эрига кийим айтишда, емак ейишда бирон ғам-ташвиш келтирмайди, эҳтиёжидан ортиқ нарсаларни буюриб, уни қийин аҳволга солмайди.
– Овозини эриникидан баландлатиб, беҳаёлик ва бадахлоқлилик кўрсатмайди, сўзидан ёки хулқидан унга азият етказиб, жонидан тўйдирмайди.
– Эри борлигида ҳам, йўқлигида ҳам уни дуо қилади, Аллоҳдан тақво ва инсоф, икковларига тотувлик ва саодат тилайди.
– Фақат эри учун безаниб, кийинади, иффат ва номусини ўзгалардан асрайди, номаҳрам кишиларга рўпара бўлмаслик чораларини кўради, эри ва хонадони шаъни ва обрўсини пок тутади.
– Эрининг уй-жойи, мол-мулкини авайлаб асрайди, унинг рухсатисиз бирор нарсасини бошқаларга бермайди.
– Эрининг ночор, фақир ёки муҳтож бўлиб қолган кунларида буни юзига солмай, камситмай, тасалли-далда беради, булар бир имтиҳон эканини, тезда ўтиб кетишини айтиб, кўнглини кўтаради.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ