1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлни эри ураётганини эшитса, ғазаб қилар эдилар

Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг аёлларга бўлган раҳматлари юксак эди. Ҳатто аёлини ураётган кишини эшитсалар, ғазаб қилар эдилар.

Мўминларнинг онаси Оиша (розияллоҳу анҳо)-дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон жонзотни қўллари билан урмаганлар. Биронта аёлни ҳам, биронта хизматчини ҳам урмаганлар. Лекин жиҳод қилганлари бундан мустасно эди. У зотга бирон нарса етса, унинг учун эгасидан ўч олмаганлар. Лекин Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилинмаганда ўч олар эдилар”.
Абдуллоҳ ибн Замъа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёллар ҳақида насиҳат қилиб: “Сизлардан бирингиз аёлини кулни ургандек уриб, сўнгра куннинг охирида уни кучоқлайдими?”, дедилар.
Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Абу Зубоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот айтдилар: “Аллоҳнинг чўриларини урманглар”. Шунда Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келиб: “Аёллар эрларига бўйсунмай қўйишди”, деди. Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларни уришга рухсат бердилар. Сўнгра кўп аёллар эрларидан шикоят қилиб Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг олдиларига келишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Муҳаммаднинг олдига кўп аёллар эрларидан шикоят ҳилиб келишди. Ана ўшалар сизларнинг яхшиларингиз эмас”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Баҳз ибн Ҳаким айтади: “Менга отам бобомдан ҳадис айтиб берди. Бобом айтади: “Ё Расулуллоҳ, аёлларимиздан нимасига келамиз ва нимасини тарк қиламиз?”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зироатгоҳингга хоҳлаган жиҳатингдан келавер. Таомлансанг, таомлантир. Кийсанг, кийдир. Таҳҳирлама ва урмагин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

“Исломда оила”, муаммо ва ечимлар китобидан