1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Аллоҳнинг бандаларига турмуш қуриш сабабли кўп яхшиликларини ирода қилди

 

 

 

 Жуфтлашиш – никоҳ Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг қудратига ёрқин далиллардан бири бўлиб, борлиқда ягоналик фақат у зотнинг Ўзига хосдир. Аллоҳ уйланишликда бандаларига учта яхшилик берди:

Биринчи яхшилик: Завжа (жуфт, аёл) – инсониятнинг ҳурматли бир қисмидир. Аллоҳ уни эркакни яратган тупроқнинг жинсидан яратди. Эркак тупроқдан яратилган, аёл эса эркакнинг қовурғасидан яратилган. Демак аёлнинг ҳам асл – негизи тупроқдир. Аёл эркакнинг бир қисми бўлиб, унга инсоний ҳурматда бўлиш керак.

«Аллоҳнинг (қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) – У зот сизларни (яъни отангиз одамни) тупроқдан яратган сўнгра сизлар башарга айланиб (Ер юзига) тарқалишларингиздир. Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингиздан ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Рум, 21­22).

Унинг оятларидан (яна бири) у Зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши….

Бу ерда Аллоҳ таоло «ўзингиздан» деб, яратилиш, таркиб ва инсонийлик жиҳатидан ўхшашлик асосларига ишора қилаяпти. Башарият навларининг давомийлигини таъминлаш учун, эркак ва аёлни баъзи хусусиятларини табиат тақозоси билан бир­биридан фарқлантирди. Бошқа ҳамма жиҳатларда аёл ҳам инсондир. Ўзининг ҳурмати, қадр­қиймати ва инсоният жамиятида фазилатли ўрни бор. Баъзилар ўйлаганидек ҳайвонларнинг бир тури эмас. Улар: «Аёл киши эркакка ўхшаш инсонми ёки эркаклар хизмати учун яратилган ҳайвонларга ўхшаш бир ҳайвонми? Муқаддас макон бўлмиш жаннатга кўтарилишга ҳақдорми ёки шайтон амалидан бўлган бир ифлосликми?» деб баҳс-мунозара қилардилар. Аллоҳ таоло шаръий ҳукмларни мужассамлаб Қуръони каримдан, очиқ­ойдин ҳужжат келтиради:

 «Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!»

Бу оятда Аллоҳ таоло зўравонлик ва ҳаддан ошиш билан аёлларни қулга айлантирадиган эркакларнинг кеккайиш ва такаббурлигига чек қўйди. Бу яхшиликдан, бир нафсдан яратганликдан мурод Аллоҳ таоло аёлни эркакка шакл ва кўринишда ўхшаш қилиб яратди. Уни қўрқинчли ёки хунук шаклда яратмади. Агар жуфти бошқа турдан, яъни одамзотга боғланмайдиган, масалан, маймун, сиртлон ёки бошқа ҳайвон туридан бўлганида инсон нима қиларди?! Умр­йўлдоши бўлмиш жуфтини олий маймунлар синфига кирадиган «шимпанзе» кўринишида кўрганида ҳаётидан ҳурсанд бўлармиди? Ёки эркак аёлни ўткир тирноқ ва узун қозиқ тишли ҳолда кўрса, жаҳли чиққанида унга раҳм қилмай ва дод­войига ҳам эътибор бермай тилка­пора қилиб ташламасмиди?

Аёлни ўзига ўхшаган жинсдан яратганлиги улар бир­бири билан иноқ бўлиб, бир­бирини тушуниб яшаши учундир. Бу хусусда: «Тур ўзига ўхшаган тур билан келиша олади» деган қоида бор. 

Иккинчи яхшилик: Эркак киши фазилатли­тақводор аёл билан яшаганида ҳис қиладиган хотиржамлик, нафс роҳати ва бахтли турмуш ҳаёти соясида топадиган иноқлик ва сокинликдир. Бунга қуйидаги ояти карималар ишора қилади:

 «У Зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишдир» (Рум, 21).

 «… Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз (Яъни, эр­хотин бир­бири учун худди баданнинг айбларини яшириб, уни иссиқ­совуқдан асраб, ҳарорат бағишлаб турадиган либос кабидирлар)» (Бақара, 187). Ибн Аббос (р.а.) шундай тафсирлайди: «Улар сизларга маскандурлар ва сизлар улар учун маскандурсизлар».

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бошқа ояти каримада: «(Аллоҳ) шундай зотдирки сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором осойиш топсин, деб, унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди…», (Аъроф, 189) деб таъкидлайди.

«Маскан» – нафс хотиржам таскин топадиган ўрин, бошқа бир ҳолатда иноқлик ва осойишталикдир. Нафс эса бахт­саодат, қувонч ва хурсандчиликларни жамлайди, уларсиз ҳаёт олов ва жаҳаннам ўтига айланади.

Учинчи яхшилик: Аллоҳ эр­хотин қалбини севги муҳаббат ришталари билан бирлаштириб қўйди. Аллоҳ таоло: «…ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишдир» (Рум, 21), деб марҳамат қилади.

Эркак ва аёл ораларида мана шундай неъмат бўлмаганида ҳаётлари давомий бўлмасди. Аллоҳ таоло ўзининг қудрати, файзу раҳмати билан эр-хотин орасидаги муҳаббат ва яқинликни инсоннинг қалбига экди. Шу сабабли аёлини аламлантирган нарса эрини аламлантиради ва бири хурсанд бўлса иккинчиси ҳам хурсанд бўлади. Эрнинг яқинлигига аёли ҳам яқинлик билан, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб беради. Бу яқинлик ва муҳаббат қандай пайдо бўлди?

Бир машриқлик эркак узоқда яшайдиган мағриблик аёлга уйланса, у билан қариндошлик алоқалари хулқ, одат ва ташқи кўринишда ажралиб туради. Лекин никоҳдан кейин уларнинг орасида бирлик ва иноқлик пайдо бўлиб, аёл унинг бир бўлагига айланади. Эр аёлига раҳмдиллик ва муҳаббат билан қараб, аёлининг ҳаётини қулай ва бахтли қилишга ҳаракат қилади. Шу билан уларнинг орасида бир­бирини ажратиб турувчи фарқлар ва тўсиқлар ўз­ўзидан йўқолади. Эркак хотинининг кўз ўнгида унинг руҳидан бир руҳ ва қалбининг ичидаги бир қалбга айланади. Аёл ҳаётини усиз тасаввур қилолмай қолади. Эр узоқ вақт сафарда бўлса, то олдига қайтиб келгунича хафалик ва аламни ҳис қилади. Бундай яқинлик ва муҳаббатни эр-хотин қалбига ким солди? Албатта бу оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳнинг фазл­марҳамати, сахийлигидандир. Аллоҳ эр­хотинлик ришталарига севги-муҳаббатни насиба қилиб берди. Бу нарсалар билан инсоннинг тури­нави давомий бўлади. Олий ва Қодир  бўлган Аллоҳнинг сўзига қулоқ тутинг: Маъноси: «Эй инсонлар, сизларни бир жонгдан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!..» (Нисо, 1)

Сўнгра Аллоҳ таоло (Рум сурасидаги биз шарҳлаб берган, 21) оятини қуйидаги сўзлар билан якунлайди: 

 «Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят ибратлар бордир» (Рум, 21). Бу мақом – Аллоҳ таолонинг гўзал, ёрқин далиллари – оятларини фикрлаш ва тушуниш мақомидир.

Бу рисолада эркак ва аёлнинг бўйнидаги бурчларини, (турмуш қуриш) никоҳ шартлари, ҳукмлари ва одобларини ёритиб беришга ҳаракат қилди. Ҳаётда йигитларнинг уйланишдан қочиш сабаблари, унинг муолажаси, никоҳ ишларидаги маҳр, оилани боқиш, уй­жой ва эр-хотин орасида адолат ва бошқа турмуш қуриш аҳкомларининг ҳикматларини баён қилиб бердик.