1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Шаҳват туғёнининг муолажаси

 

 

 

Инсон шаҳватини ҳаракатга келтириб, номаҳрам аёлга қараш орқали зинога етаклайдиган Иблиснинг макрига қарши курашишга Мустафо (с.а.в.) буюрганлар. Агар эркак бир аёлга шаҳват назари билан қараса ва бу уни ажаблантирса, ўз аҳли оиласи билан қўшилишга буюрганлар. Чунки бу нарса унинг нафсидаги жимоъ шаҳватини қайтаради. Пайғамбар (с.а.в.) ўз сўзлари ва ишлари билан бизни шайтон макридан сақланиш йўлларини қайтаришга кўрсатиб берганлар.

1. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: «Албатта аёл аврат – номусдир. Агар (кўчага) чиқса, шайтон уни (инсонларга кўз­кўз қилиб) кўрсатиб қўяди» (Термизий ривояти). Яъни,  инсон кўз ўнгида чиройли ва зийнатли қилиб, уни фитна-ҳалокатга солади.

2. Муслим ривоят қилган ҳадисда эса Набий (с.а.в.) шундай деганлар: «Агар биронтангиз аёлни кўрсаю, аёл уни ажаблантирса, (унга чиройли кўринса) ва қалбига тушиб қолса, дарҳол ўз аёли билан бирга бўлсин (яъни, қўшилсин), мана шу нарса унинг нафсини (шаҳват)ни қайтаради». Яъни, Кишининг нафсида шайтон пайдо қилган жимоъ ва шаҳватни қайтаради. 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси бир эркак ўзини ажаблантирадиган аёлни кўрса, аҳли аёлига борсин, чунки ундаги бор нарса (ўз аҳли аёлида ҳам бор». (Доримий Ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисларидан олган) Яъни: Кўчадаги аёл билан ҳаром ишни қилмасдан, уйдаги аёли билан ҳалол тарзда шаҳватини қондиради.

4. Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир аёлни кўриб қолдилар. Шунда аёллари Зайнабнинг олдиларига келдилар, улар тери эзардилар (яъни, бир терини ошлашга тайёрлаётган эдилар) Расулуллоҳ (с.а.в.) нафсларини қондириб, асҳобларининг ҳузурига чиқдилар ва айтдилар: «Аёл киши шайтон суратида келади ва шайтон суратида кетади, агар биронтангиз бир аёлни кўриб қолса (ва шу сабабли шаҳвати пайдо бўлса) ўз аҳли­аёлига борсин, мана шу нарса унинг нафсидаги (шаҳват)ни қайтаради (босади)» («Саҳиҳи Муслим» Нававий шарҳи билан.)

Нававий айтади: Олимларнинг фикрича, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бу ишлари саҳобалар ва барча мўминларнинг қилиши керак бўлган ишдир. У киши ўз иш­ҳаракати, сўзлари билан тўғри йўлни кўрсатдилар. Эркак аёли билан кундузи бўладими ёки бошқа пайтми, қўшилишдан қайтарадиган иш бўлмаса, унда ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Эркак шаҳвати ғолиб келганида уни қайтарса, кечиктирса бадани қалб ёки кўзига бирон жисмоний зарар етиши мумкин. Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис шарифдан чиқариб олган ҳукмни Набий (с.а.в.)дан ривоят қилинган ушбу сўзлар қувватлайди: «Агар эркак ўз ҳожатини қондириш учун аёлини чақирса, ҳатто тандирда (нон ёпаётган) бўлса ҳам олдига келсин». (Термизий ривояти)

Инсонни йўлдан оздириш, ҳалокатга солиш учун ўз «арқон»ларини ишлатадиган шайтоннинг макридан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Аёл киши эрининг итоатига ҳатто тандирда (нон ёпаётган) бўлса ҳам шошилсин. Нон ёнса ёниб кетсин, эрининг асаби ёниб кетмасин. Ўз нафасини зино, бузуқлик каби ўжар шаҳватнинг офатларидан сақласин. ҳалол ва шаръий исломий никоҳ бўлмаса, шайтон макридан сақлайдиган нажот йўқдир.

Никоҳ фойдаларидан яна бири – бирга ўтириб, ҳазиллашиш, ўйнаш ва қалбни хурсанд қилувчи назар билан нафсни роҳатлантириш. Бу кишини тоат­ибодатга қувватли қилиб қўяди. Нафс табиатан ибодат ва зикрдан қочади, чунки Аллоҳга ибодат ва зикр қилиш нафснинг табиатига зид. Агар ибодатга ўзи ёқтирмаган ҳолда мажбурланса, ўжарлик қилиб ундан қочади. Баъзи вақтларда лаззат билан роҳатланиб турса, ибодат кучайиб фаоллашади. Аёллар билан яқин мулоқатда бўлиш қалбни роҳатлантириб қайғуни кетказади. Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деган: «… ва ун (нафс)дан жуфти (Ҳавво)ни ун (Ҳавво)га таскин топиш учун яратди…» (Аъроф сураси, 189)

Али (р.а.) айтдилар: «Қалбларни бирор соат роҳатлантиринглар. Агар улар мажбурланса, (қийнаб қўйилса) кўр бўлиб қолади».

Жобир ибн Абдуллоҳ тул хотинга уйланганларида пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: «Бокирага уйланмадингми? Ҳазиллашиб ўйнатардинг ва у сени ҳазиллашиб ўйнатарди, уни кулдирардинг, у сени кулдирарди» (Бу ҳадис Муслимнинг ривоятлари бўлиб, аввал зикр қилинган.) Ва бошқа ривоятда, «Саҳиҳи Муслим»да Пайғамбар (с.а.в.) Жобирга (р.а.): «Ўш бокира қизларнинг ўйинида қаерда эдинг? (Яъни, нега бокирага уйланмадинг?)» деб айтганлар. Муслим айтадилар: (Бунда бокираларга уйланиш фазилати бордир ва яхшилиги ортиқроқдир, унда эркак ўз аёли билан ҳазиллашиб ўйнаб ва у билан мулойим бўлади, хурсандчилик қилиб кулиши ва гўзал турмуш кечириши мумкин.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Севишганлар учун никоҳдан бошқа (яхши нарса) кўринмайди» (Ибн Можа ривояти). Набий (с.а.в.) шундай чиройли йўл кўрсатганларки, бу орқали кишилар жинсий ғаризани омонлик йўлида юргизадилар. Муҳаббат билан боғланган йигит ва қиз учун никоҳдан кўра тўғри ва фойдали муолажанинг ўзи йўқ. Агар оталар-оналар шу нарсани тушунишса, ўғил­қизларини никоҳ қўрғонига олиб киришга шошилишган бўлишарди. Бу эса уларнинг иффатини пок ҳолда сақлаб қоладиган ягона йўли ва Пайғамбар (с.а.в.) кўрсатмаларидир.