1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Умарул Форуқнинг қизларини баъзи саҳобаларга таклиф қилишлари

 

 

 

«Ҳафса бинту Умар (р.а.)нинг жуфтлари вафот этиб, иддалари тугади. Оталари у аёлни бирорта саҳобийга никоҳлашни ирода қилдилар. Бу ҳақда Ҳазрати Умар (р.а.) ҳикоя қилади: «Мен Усмон ибн Аффон билан учрашиб, Ҳафсани никоҳига олишни таклиф қилиб, айтдимки: «Агар хоҳласангиз сизга Ҳафса бинту Умарни никоҳлаб берай». У киши: «Ўйлаб кўришим керак», деб жавоб бердилар. Умар (р.а.) айтадилар: «Бир неча кун кутганимдан сўнг, «Ҳозирча уйланмайдиганга ўхшайман», дедилар. Сўнг Абу Бакр Сиддиққа учрашиб: «Агар хоҳласангиз, сизни Ҳафса бинту Умарга никоҳлаб берай», деганимда индамадилар. Абу Бакрнинг бу иши Усмон (р.а.)нинг сўзларидан кўра қаттиқроқ таъсир қилиб, Усмонни гапидан жаҳлим чиққандан кўра кўпроқ жаҳлимни чиқарди. Яна Абу Бакр (р.а.) менга йўлиққанларида: «Ҳафсани таклиф қилганингизда сизга ҳеч нарса жавоб қайтармаганим учун жаҳлингиз чиққан бўлса керак­а?» дедилар. Мен ҳа», деб жавоб бердим. У киши: «Менга таклиф қилганингизда, сизга жавоб қайтаришдан ҳеч нарса тўсмади. Бир кун Расулуллоҳнинг (с.а.в.) Ҳафсани гапираётганларини (зикр қилганларини) (яъни, унга уйланмоқчиликларини) эшитгандим. Шунинг учун у кишининг сирларини фош қилгим келмади. Агар Расулуллоҳ (с.а.в.) хоҳламасалар, мен қабул қиламан», дедилар («Саҳиҳи Бухорий»нинг шарҳи «Фатҳул Борий»дан).

Ҳазрати Умар (р.а.)нинг бу ишлари хунук ёки ғалатими?! Ўки қизига фазилатли ва солиҳ кимсаларни қидириш айни ақллилик ва тўғрилик эмасми?

Албатта, қиз бола уни муҳофаза қилиб сақлайдиган инсон ҳузурига қўйилиши керак бўлган «гавҳар»дир.

Муносиб жуфт ва бошқаларга ўрнак бўладиган йигитни қидиришимиз, қизни ўзи хоҳлаган йигит билан турмуш қуришга қўйиб беришимиздан кўра яхшироқдир. Оилага муносиб бўлган эр қизнинг аҳлига ор ва иснод келтириши мумкин.

Қандай аёлга совчи юбориш мумкин? 

Аёлларга совчи қўйишликда учта шарт бор:

1. Бирон эрнинг қарамоғида бўлмаслиги.

2. Вафот (эри вафот этган) ёки талоқ иддасида бўлмаслиги.

3. Олдинроқ унга бирор киши шаръий хитба (совчилик) қилган бўлмаслиги.

Аллоҳ таоло аёлнинг эри бўлса, унга совчи юбориш ёки уйланишни ҳаром қилган. Субҳанаҳу ва таоло айтди:

Маъноси: «Сизларга оналарингиз (га никоҳланиш) … ҳаром қилинди. Ва (яна сизларга) аёллардан, ҳимоядагилари (эри борлари ҳам ҳаром қилинди) фақат қўл­остидагиларингиз (сизнинг ҳимоянгиздаги чўрилар) бундан мустасно…» (Нисо сураси 23)

Демак, эри бор аёлга совчилик қилиш ва никоҳига олиш ҳалол эмас. Бу ишларни қилишлик эр­хотинлик алоқасига зарар етказади, шариатда эса ҳаром. Бундан ташқари, эри талоқ қилиб, унга яна уйланишини билдириб, бошини қотириши ҳам ҳалол эмас, чунки унда мусулмон ҳурматига, иззатига тажовуз бордир. Эри бўлатуриб аёлга совчилик қилган одамни Расулуллоҳ (с.а.в.) лаънатлаганлар. Буни Табароний қуйидаги лафз билан ривоят қилган: «Ким аёлга, эри бўлатуриб совчилик қилса биздан эмас». Яъни, ўзи унга уйланиб олиш учун эрини талоқ қилишга қизиқтиради ва эр­хотин орасини бузади.

Идда муддатида бўлган аёлга ҳам совчи юбориш ҳаром, хоҳ у талоқ иддаси бўлсин хоҳ эри вафот қилган бўлсин. Рожъий (яъни қайтиш мумкин бўлган талоқдаги) иддадаги аёл эса никоҳдаги аёл ҳукмида бўлади. Чунки эр­хотин орасидаги турмуш алоқалари узилмаган ва эр идда ичида ўзи хоҳлаган вақтда аёлини қайтиб олиши мумкин. Аммо юқоридаги ҳолда ишоравий тарзда ҳам, очиқ тарзда ҳам аёлнинг қўлини сўраш ҳаромдир. Ҳақиқий иддадор аёлнинг қўлини сўраш ишора тарзида бўлса жоиз, очиқ шаклда эмас, то иддаси тугамагунича у билан никоҳлана олмайди. Аллоҳ субҳанаҳу таоло Бақара сурасининг 235-оятида шундай дейди:

 «У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ. Аллоҳ сизлар у аёлларга (совчилик ҳақида) зикр қилишингизни билди. Лекин улар билан хуфёна ваъдалашмангиз! Фақат яхши гаплар гапиришингиз (жоиздир). То буюрилган идда муддати битмагунча никоҳ боғлашга қасд қилманг!» (Бақара сураси, 235)

Бундан мурод: улар билан то талоқ ё вафот иддалари тугамагунигача уйланиш –никоҳ аҳдини боғламанглар.

Тасриҳ – никоҳига олишини очиқ айтиш. Яъни: «Сенга уйланишни ва менинг хотиним бўлишингни хоҳлайман». Юқорида зикр қилинган ҳолатларда бу сўзни ишлатиш фақиҳларнинг келишуви билан ҳаром қилинган. Ояти каримада баён қилинган талмиҳ эса, (яъни ишора орқали уйланиш мақсадини билдириш) қуйидаги сўзлар мисолида бўлиши мумкин: «Аллоҳ сени ва фарзандларингни ўз паноҳида сақласин. Шояд Аллоҳ сенга яхшиликлар ато этса, чунки сен солиҳа аёлсан» ва шунга ўхшаш турмуш қуришга очиқ далолат қилмайдиган сўзлар: 

Ривоят қилинадики, Ҳусайн (р.а.)нинг набираларидан Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Сукайна бинту Ҳанзоланинг эри вафот этганидан сўнг изн сўрадилар. У аёлнинг ҳали иддалари тугамаган эди. Абу Жаъфар аёлга: «Менинг Расулуллоҳга ва Алига қариндошлигимни (уларнинг авлодиданлигимни), араблар олдида тутган ўрнимни биласан…», дедилар. Сукайна бинту Ханзала: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин, эй Абу Жаъфар сиз мусулмонларга ҳукм ва фатволар берадиган кишисиз, менга иддамда совчилик қиляпсизми?» дедилар.

Абу Жаъфар айтдилар: «Мен сенга фақат Расулуллоҳ (с.а.в.) ва Алига қариндошлигим ҳақида хабар бердим. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам Абу Саламадан тул бўлиб қолган Умму Салама (иддасида) олдига кириб: «Менинг Аллоҳнинг элчиси эканлигимни, унга ихтиёр қилинганимни ва қавмимдаги ўрнимни яхши биласан…» деганлар. (Бу уларнинг хитбалари эди) (Байҳақий уни «Сунан»ларида келтирганлар, ҳадиснинг санадида узилиш бор.

Совчилик шартларининг учинчиси совчиликка бормоқчи бўлган аёлга кимдир олдин хитба қилиб қўйган бўлса, бир киши қизга совчи қўйсаю, йигит унга мувофиқ бўлиб тегишга рози бўлса, бошқаларнинг совчи қўйиши мумкин эмас, Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) шу сўзлари биланки: «Мўмин – мўминнинг биродаридир, мўмин биродарининг савдоси устига савдо қилиш ҳалол бўлмайди ва биродарининг хитбаси устидан хитба қилиши ҳам ҳалол бўлмайди» (токи биродари у савдони ёки хитбани тарк қилмагунича) (Бу ҳадисни Муслим ва Аҳмадлар келтиришган.)

2. «Биронтангиз биродарингизнинг совчилиги устига совчи қўймангиз, токи у никоҳланиб ё тарк қилиб юбормагунича» (Имом Насоий ривоятлари).

3. «Киши биродари савдосининг устидан савдо қилмасин ва совчилиги устига совчилик қилмасин ва биронта муслима аёл опаси ёки синглисининг идишидаги нарсадан (тортиб олиб) баҳраманд бўлиш учун унинг талоғини сўрамасин» (Муслим, Насоий ривоятлари).

Ҳадисдан мурод: махтуба (совчи қўйилаётган аёл) эркакнинг ўзи учун қолишини хоҳлаб бошқа хотинини талоқ қилишни сўраши бировнинг идишидаги яхшиликларни ўзининг идишига қўйиб олиши мисолида чиройли ўхшатиш билан келтирилган. Пайғамбар (с.а.в.) аёл киши совчилик қилаётган эркакнинг мавжуд хотинининг талоғи билан унга келиши мумкин бўлган нафақа, кийим­кечак, меҳрибонлик ва шунга кабиларни фақат ўзига бўлишини хоҳлаган пайтда буни мисол қилиб келтирганлар. Чунки уни талоқ қилишининг талаби бировнинг идишидаги нарсани ўзининг идишига қуйиб олгандек бўлади.

Совчилик устига совчи қўйиш аввалги совчининг ҳаққига душманлик ва унга нисбатан ёмонлик қилиш бўлганлиги учун ҳам, қайтарилган. Чунки улар никоҳланиш иттифоқга яқинлашган, иккинчиси эса бу иттифоқни бузган бўлади. Бу нарса оиланинг бузилишига ва тинч турмуш кечираётган кишилар ўртасида адоват пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун Ислом ундан қайтарган.