1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ақднинг шарт ва рукнлари

 

 

 

Никоҳ ақди саҳиҳ бўлиши учун тўртта асосий шарт бор.

Биринчиси: Ота, ака ё улардан бошқа қариндошлардан бўлган амр (қаровчи – ҳомий)нинг рухсати.

Иккинчиси: балоғат ёшида бўлиб, хоҳ бокира, хоҳ саййиба (эрга тегиб чиққан) бўлсин, турмуш қуришга розилиги.

Учинчиси – мусулмон камида иккита адолатли мусулмон гувоҳнинг бўлиши

Тўртинчиси – бир-бирига никоҳланаётганда ижобат (аёллар томонидан) ва қабул (эркаклар томонидан) лафзларини ишлатиш керак.

Аёл киши валийсининг изни ва ақдга розилиги жумҳур уламоларнинг наздида никоҳ ақдининг саҳиҳ шартидир. Аллоҳ таолонинг сўзига биноан:

 «Хожаларининг изни билан уйланаверинглар» (Нисо сураси, 25)

Ва яна Субҳанаҳу ва таолонинг шу сўзики:

 «Ўз ораларингиздаги тул­беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини уйлаб қўйинглар» (Нур сураси, 32)

Аллоҳ таоло никоҳланишда оталар бўлмаса, ўғил, ака­ука ё амакиларни аёл шаънига жавобгар­валий қилиб қўйди. Аёл ўзича, валийнинг рухсатисиз никоҳланиши жоиз эмас. Чунки аёл балоғатга етган, эс­ҳушли бўлса ҳам, алданиши ва эркакларнинг баъзи маккорлари уларнинг бошини айлантириб қўйиши мумкин. Бир фосиқ ё бузуқ ёки номус тижоратчиси уйланишга муносиб бўлмайди. Аёлга муносиб бўлолмайдиган шахс билан турмуш қуриб бўлмайди.

Пок ислом шариати қиз ва аҳлининг иззатини сақлайдиган қоидалар келтирди. Никоҳда валийнинг розилигини олиш вожибдир. Шу нарсага ояти карима танбеҳ қилди:

 «Хожаларининг изни билан уйланаверинглар» (Нисо сураси, 25)

Вожиблиги Мустафонинг (с.а.в.) таълимотларида ҳам келган:

1. “Қайси аёлни валийси никоҳламаса, никоҳи ботилдур, бас, никоҳи ботилдур, бас, никоҳи ботилдур. Агар аёлга уйланса ва ундан фойдалангани учун аёлга маҳр бериши керак. Агар улар ўртасида низо, жанжал чиқиб қолса, валийси йўқ аёлга султон валийдир” (Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоятлари.)

2. Расулуллоҳ (с.а.в.) яна айтдилар: “Валийсиз ва икки адолатли гувоҳсиз никоҳ йўқ” (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилишди. Яъни, валийнинг розилиги, адолатли гувоҳларнинг гувоҳлигисиз никоҳ саҳиҳ бўлмайди.

3. Набий (с.а.в.): “Аёл аёлга тегмайди ва аёл ўзига ўзи тегмайди, бас, зинокор аёл ўзига ўзи уйланади”, деганлар (Ибн Можа ривоятлари.)

Бу ерда аёл ҳурмати паст саналмаяпти, балки у қиз иззатининг ҳимоясидир. Қиз баъзан қадди-қомати келишган йигитни кўриб, у ёқиб қолади. Лекин йигит ҳақида ҳеч нарсани билмайди. Ўки йигит ўзи билан бирга ўқийдиган сабоқдаги қизга ўзини ёқадиган қилиб кўрсатади, қиз унинг табассуми ва мулойимлигига алданиб қолади. Аслида эса бундайлар кўпинча маккор тулкилар бўлиб чиқади. Шоир айтган:

Сенга сўзлаганда ширин сўз қилар,

Ва қалбингни тулки мисол алдаб юлар.

Қиз йигитга тегишга рағбат қилиб, ўз аҳлининг олдига ёмонлик орқалаб боради ва унга тегмоқчилигини айтади. Агар рози бўлишмаса, аҳлини тарк қилиб, ҳалиги йигит билан никоҳланиб олади. Йигит қизга тўғри келмайдиган бўлса, қиз ўз нафсига жиноят қилиб, аҳлининг шаънини имтиҳонларга солади. Аёл киши кўнгилчан бўлганлиги боис баъзида ўзига катта зарар келтирадиган нарсаларга шошириб, ҳар хил ёмонликларга дучор бўлади. Инсоният бўриларига ўлжа бўладиган қизлар қанчадан­қанча?!

Иккинчи шарт. Қизнинг никоҳланишга розилиги. Қиз ёқтирмайдиган ва хоҳламайдиган кишига мажбурлаб тегиши тўғри эмас. Чунки ота­онси эмас, у турмуш қуради. Никоҳ эр-хотин орасида ўзаро бир­бирини тушуниш ва оила ўчоғи бўлган меҳр­муҳаббат асосида тиклаши керак. Шу сабабдан у аёл розилигисиз мумкин эмас. Қуйида Пайғамбаримиз кўрсатмаларидан турфасини тақдим этамиз:

Абу Ҳурайра (р.а.)дан  Набий (с.а.в.)дан ривоят қиладилар, айтдилар: “Тул аёл, у билан маслаҳатлашмагунча ва бокирадан изн сўрамагунларича никоҳланилмайди”. “Эй Расулуллоҳ, унинг изни қандай билинади?” деб сўрадилар. “Сукут қилишидан”, деб марҳамат қилдилар. (Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари).

«Аййим» – эри вафот қилган ёки талоқ қилган тул хотин. Бу аёл билан маслаҳатлашиш шарт. Яъни, сўз билан изн олиш лозим бўлади. Аммо бокирадан изн сўралади, холос. Унинг розилиги сўралганида ҳаёси қаттиқлигидан (қаттиқ уялиши сабабли) сукути кифоя қилади. Ҳадис далолат қиладиган шарт шуки – никоҳ ақди саҳиҳ бўлиши учун аёл розилиги зарур. Бундан ташқари, оналардан ҳам маслаҳат олиш мустаҳабдир. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисларида келганидек: Қизлари хусусида оналар билан маслаҳатлашинглар.

Сархасий “Мабсут”да айтганлар: «Ҳадисдаги “бокирадан изн сўралади”, деган сўзда валийлардан бирортаси, бокира розилик бермагунича, эрга бериб юбориши мумкин эмаслигига далолат қилинган. Ундан изн сўралмай эрга берилса, эрнинг суҳбати унинг учун чиройли бўлмайди ва аёл фитнага тушади. Чунки унинг қалби бошқасини қўмсайди. Ишқдан кўра шифолироқ дори борми?!

Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилганлар: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Аййим» валийсидан кўра ўзи учун ўзи ҳақлироқ ва бокиранинг эса маслаҳати олинади”. “Эй Расулуллоҳ, бокира гапиришдан уялади­ку?!” дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Унинг розилиги сукутидир”, дедилар. (Ибн Можа ва Муслим “Саҳиҳ”ларида келтирганлар). 

Ҳансаъ бинту Хидам Ансория (р.а.) тул қолганларида оталари уни никоҳлаган. Аёл бу ишни хоҳламай Расулуллоҳ (с.а.в.)га келганларида, у зот аёлнинг никоҳларини бекор қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қиладилар: “Набий (с.а.в.) ҳузурларига бир бокира қиз келиб, отаси уни мажбурлаб эрга бераётганини зикр қилганида, Набий (с.а.в.) қизнинг ёнини олгандилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Оишадан (р.а.) ривоят қилганлар: Бир қиз у кишининг олдиларига кириб айтади: “Отам мени акаларининг ўғилларига беряпти, бу билан мен орқали унинг паст обрўсини кўтармоқчилар, мен эса хоҳламаяпман” – (яъни, уни мен билан азиз қилмоқчилар.) Оиша (р.а.): “Набий (с.а.в.) келгунларигача ўтиратур”, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) келганларида юқоридаги гапларни айтдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг отасига одам юбортириб, қизнинг розилигини олиш, яъни унинг ақдини бекор бўлиши ёки қолишига ихтиёрли қилдилар. Шунда қиз: “Эй Расулаллоҳ, отам қилганларини жоиз деб билдим, лекин аёлларга эркинлик ва ихтиёр борми? Шуни билмоқчи эдим”, деб айтди.

Баъзи ривоятларда: «Мен қизлар ишида оталарига ҳеч нарса йўқлигини, бу нарсаларни аёллар билишини хоҳладим», дейилган. (Насоий ва Ибн Можа ривоятлари)

Мана шундай саҳиҳ ҳадиси шарифлар кўп ва маънолари кенгдир. Уларнинг ҳаммасида қизни эрга бераётганида унинг розилигининг зарурлиги ҳақида гапирилади, хоҳ қиз бокира бўлсин, хоҳ у тул аёл бўлсин. Унинг розилиги никоҳ ақдининг саҳиҳ (тўғри, соғлом)лик шартидир. Набийнинг (с.а.в.) аёлларни эрга мажбуран, розиликларисиз бераётганлари учун қайтариб, баъзиларининг ақдларини бекор қилганларини кўрдик. Чунки ундай ақдда уларнинг розилиги олинмаган. Ҳозирги кунда кўпчилиги тўғри йўлдан адашиб юрибдилар. Оилавий фойда ёки мол­дунёга эга бўлиш учун қизларнинг розилигисиз, уларни мажбурлаб, амакиси, холаси ё тоғасининг ўғилларига ё бегона, бой одамга эрга бериб юборишяпти. Наҳотки, бу иш Аллоҳнинг шариатига тўғри келса? Бу ноҳақлик қишлоқ ва шаҳарларда кенг тарқалиб, ота-она қизини ўзи хоҳлаганига эрга бериб, маҳрини еб юрибди. Аллоҳ мўмина қизларнинг ҳаётини бузишимизга рози бўлармикин? Эркакни ўзи рози бўлмайдиган, яхши кўрмайдиган аёлига уйлантириб қўйсак рози бўлармиди? Ундай бўлса, қандай қилиб қизларни уларнинг розилигисиз никоҳга мажбурлаймиз?! Бу очиқ зулм ва душманликдир. Аллоҳ таолодан ҳимоя ва саломатлик сўраймиз.

Учинчи шарт. Никоҳ ақдининг шартларидан яна бири гувоҳларининг бўлишидир. Никоҳ ақдида адолатли бир неча гувоҳлар ҳозир бўлиши керак. Улар камида иккита одил мусулмон эркак бўлиши шарт. Яҳудий, насроний ва бошқа кофирларнинг гувоҳлиги, бузуқ-фосиқнинг ҳам гувоҳлиги Исломда қабул қилинмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай дейди:

 «Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар» (Талоқ, 2).

 «Ва сизлар рози бўлдиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, гар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни ­ бири адашиб унутса, яна бири унга эслатади ­ гувоҳ қилинглар!» (Бақара, 282).

Гувоҳларда адолат шарт қилинган экан, улар солиҳ ва фазилатли, мусулмонлар уларнинг гувоҳлигига рози бўладиган кишилар бўлиши керак. Ва яна Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) қуйидаги сўзларига биноан никоҳни билдириш – эълон қилиш талаб қилинади: “Бу никоҳни эълон қилинг ва унга (унинг муносабати билан) ғирбол­ғалвир қоқинг” (Ҳадисни Ибн Можа “Сунан”ларида келтирганлар) Яъни, “Чилдирма қоқинг”, уни думалоқ бўлгани учун ғалвирга ўхшатганлар.

Имом Термизий ва Аҳмаддан келтирилган ҳадисда: «Бу никоҳни эълон қилинг ва уни масжидда ўтказинг ва унга (муносабати билан) дуф (чилдирма) уринг», деган лафзга келишди. Эълон қилишдан мақсад, инсонлар бўлаётган никоҳни билишсин, келин­куёв орасидаги қўшилиш фаҳш ва бузуқлик йўли билан эмас никоҳ сабабли шарафли бўлганини билсин. Бирорта одам қиз билан йигитнинг бирга юргани ҳақида улар ҳақида миш­миш тарқатиб, ёмон хаёлга боришмасин. Тўй эълон билан бўлса, йигит қизга уйланди, деган нарса одамларга маълум бўлади. Аллоҳ таоло никоҳда гувоҳларни шарт қилди, аммо савдо, ижара ва бошқа аҳдларда шарт қилмади. Бунинг сабаби никоҳ жиддийлиги катта ва мақсадлари шарафли бўлган улуғ аҳддир. Шунинг учун шариат унинг жиддийлигини очиқ баён қилиб, унда икки гувоҳни шарт қилди. Инсонда уни ҳайвондан ажратиб турадиган номус, шараф ва насаб бор. Ҳайвонларда эса, насл­насаб деган нарса йўқ. Инсоннинг эса ўзига яраша ҳурмати, иззати бор. Ана шу иззат зое қилинмаслиги учун Аллоҳ таоло гувоҳликка буюрди. Бизга шу инсонийлик яъни, насаб робитаси боғланиши сабаб кўп яхшиликлар ато этди. Аллоҳ таоло айтди:

 «У Зот сувдан – нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл­насаб (эгаси) ва қуда­анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз (ҳар ишга) Қодирдир» (Фурқон, 54).

Тўртинчи шарт. Аҳд ижобат ва қабул тариқасида никоҳ қуриш сийғаси билан бўлиши. Масалан, «Сенга қизимни никоҳладим» ва куёв «бу никоҳни қабул қилдим» ёки «бу никоҳга рози бўлдим», каби сўзлар билан бўлади. (Ўрта Осиё ҳудудларида келин: «ўзимни танмаҳрамликка топширдим» ёки «розиман», дейди. Куёв эса: «… қабул қилдим», дейди)

Аллоҳ таоло Шуъайб билан Мусо (а.с.)лар ҳақидаги қиссада шундай деган:

 «(Шуайб) айтди: «(Эй Мусо, агар рози бўлсанг), менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман» (Қасос сураси 27).

Набий (с.а.в.) саҳобийларнинг бирига айтдилар: «Бор, мен сени унга сендаги Қуръондан бори билан (ёдлаган сураларингни унга ўргатишинг эвазига) уйлантириб қўйдим» (Бухорий ривояти). Набийнинг (с.а.в.) Ҳафсага уйланишлари ҳақидаги қиссада Умар (р.а.) айтдилар: (Сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в.) унга хитба қилдилар, шунда уни уларга никоҳлаб қўйдим». (Бухорий ривояти). 

Демак, турмуш, никоҳ ё уйланиш сўзларидан бошқа сўзлар «сотиш», «ижара» ёки «туҳфа қилиш» каби сўзлар айтиш жоиз бўлмайди. Масалан: «Қизимни сенга туҳфа қилдим», дейилмайди. Олимлар икки лафзни бирлаштириб айтишни мустаҳаб санаганлар, яъни: «Сенга қизимни фалон миқдордаги маҳр эвазига никоҳлаб ва сенга уйланитириб қўйдим», деганга ўхшаш. Куёв эса: «Буни сиз зикр қилган маҳр эвазига қабул қилдим», дейди.

Юқоридагилар турмуш қуриш аҳдининг соғлом бўлиши шартлари ва рукнлардир. Уларни мусулмон кишилар ўзининг диний ишларида ҳужжатга эга бўлиши учун изоҳлаб, муфассал ёритиб беришга ҳаракат қилдик.

Дин кишисига никоҳда ҳукмронлик йўқ

Аллоҳнинг бандаларига фазли­марҳамати билан инсонлар бўйинларига «Дин кишилари»ни (муфтий, қози) ҳукмрон қилиб қўймади. Шу боис бизнинг динимизда, насронийлардаги ҳолатга ўхшаб, шаръий изн олган одамнинг бош бўлишини шарт қилмади. Насронийлар наздида никоҳ фақат каниса, яъни черковда ва фақат поп иштирокида ўтказилиши керак. Роҳиблар ва патриархлардан таркиб топган диндорлар табақаси қўлида пул кўпайиши учун, никоҳ ақдини моддий касб қилиб олишган. Улар попнинг қўл остида қилинган ақд осмонда қабул бўлиб ҳеч қачон ечилиб кетмайди, агар ақд дин кишисидан бошқалар ёрдамида боғланса, у албатта, фаҳш ва ахлоқсизлик бўлиб,  ақд боғланган ҳисобланмайди, деган нарсани баҳона қилишади.

Аммо мусулмонларда Аллоҳга шукрки, анча енгил. Эркак турмуш қуриш ақдини ўзи, икки гувоҳ ҳозирлигида, валий (ота)нинг, агар у бўлмаса, ака ё амакига ўхшаш унинг ўрнини босадиган одам розилиги билан шаръий, соғлом ақд боғлаш мумкин. Сўнг келин-куёв шаръий маҳкамага бориб, рўйхатдан ўтиб келишади. Исломда ҳеч қандай шаръий изн олган одам шарт қилинмайди. Балки ундан бошқалар билан ҳам ва бошлиқ шарт қилган нарса билан (яъни, шаръий маҳкамада қайд этиш билан) ҳам никоҳ соғлом бўлаверади. Қайддан ўтиш фақатгина мусулмонлар фойдасини кўзлаб қилинган, токи биронта одам бу ақдни инкор қилиб икки тарафнинг бирига зарар қилмасин. Бу нарса уларнинг ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳисобланади. 

Аллоҳ таоло айтади:

 «Хожаларининг изни билан уйланаверинглар» (Нисо сураси, 25).