1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Маҳр – аёл ҳурматининг рамзи

 

 

 

Ислом енгиллик ва мукаммаллик динидир. Турмуш қуриш эр­хотинлик орасидаги аҳдлашув бўлиб, улар бир­бирининг ҳуқуқларига риоя қилиши керак. Аллоҳ эрга аёли учун маҳрни унинг ҳурмати ва даражасининг баландлигини ҳис қилиши учун вожиб қилди. Аёлга қалбининг тўридан, бир туҳфа тариқасида беришни буюрди. Аёлнинг розилигисиз маҳрдан бирор нарса олиш ёки ёмон муомала билан маҳрни қайтариб беришга мажбурлашдан қайтарилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади:

 «Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни, чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва муборак билиб еяверинглар» (Нисо сураси, 4).

 «Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз­да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар! Уни олиш бўҳтон ва очиқ гуноҳ бўлган ҳолида оласизларми? Ахир бир­бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни, хотинларингиз) сизлардан (яхшилик билан ҳаёт кечириш ёки чиройли суратда ажрашиш ҳақида) қатъий аҳд­паймон олганларидан сўнг қандай қилиб уни (яъни, маҳрни) қайтариб оласиз?!» (Нисо, 20, 21)

Ваъда (мийсоқ) лафзи вафо, омонат, ҳимоя, чиройли турмуш ва муомала деган маъноларни англатади. Шу мисоқнинг вожиблиги, улар бир­бирига вафодор бўлиши лозим. Сотқинлик, хиёнат қилмаслиги, азият ва зарар етказмаслиги керак. Бу мийсоқ маҳрга, чиройли муомалага ва вафога йўналтирилган.

Ислом дини таълимотида маҳр аёлнинг ҳурмати ва қадрини ўз ўрнига қўяди. Жоҳили аёл ташландиқ мато каби молга ўхшаб сотилган ва сотиб олинган. Ислом унинг иззати ва ҳурматини кўтарди. Аёлнинг ўрни баланд ва қадри юксаклигини эркакка эса маҳр беришни вожиб қилди. Лекин ҳозирги кунда инсонлар маҳрга соф моддий назар билан қарашиб, уни никоҳ ақдининг асли ва асоси қилиб олишган. Аввалда аёл ҳурмат рамзи бўлган бўлса, ҳозир маҳр биринчи ўриндаги талаб бўлиб қолди. Бу эса енгиллик ва осонликка буюрадиган Аллоҳнинг шариатига мухолифдир:

 «Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу карами билан бой-беҳожат қилур» (Нур, 32)

Қуйидаги Расули акрамнинг (с.а.в.) васиятларига қулоқ тутадиган бўлсак: «Агар сиз(нинг олдингизга) дини ва хулқига рози бўладиган киши келса, унга никоҳлантиринг, агар шундай қилмасангиз ерда фитна ва фасод кенг тарқалади» (Ибн Можа, Термизий ва Ҳоким ривоятлари).

Никоҳдаги асосий иш тақво ва хулқ (одоб)дир. Мол эса иккинчи даражали бўлиб, эр­хотин бахтига зиғирча дахли йўқ. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир кишини аёлига Аллоҳнинг китобидан йигирмата оят ўргатиш эвазига никоҳлаб қўйганлар. Никоҳлашдан олдин: «Қара бирор темир узугинг ҳам йўқми?» деб сўраганди соллаллоҳу алайҳи васаллам. Шунда ҳалиги киши ҳеч нарса топа олмай, «Эй Расулуллоҳ (с.а.в.) темир узук ҳам топа олмадим, шу изорим (иштоним) бор холос, шунинг ярми уники», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Изоринг билан нима қиласан?! Уни кийсанг, аёлга ҳеч нарса йўқ­ку, агар у киядиган бўлса сенга ҳеч нарса йўқ», дедилар. Сўнг: «Қуръондан нимани биласан?» деб сўрадилар. У киши: «Фалон­фалон сураларни биламан», деди. «Бор, уни сенга никоҳладим, унга Қуръондан билганларингни ўргат» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Бухорий «Никоҳ» бобида келтирганлар).

Абу Довуд ривоятларида айтдилар: «Қуръондан нима ёдлагансан?» Айтди: «Бақара» ва ундан кейинги сурани», деди. Пайғамбаримиз: «Турда, унга йигирма оят ўргат ва у сенинг аёлингдир», дедилар.