1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Жоҳилиятда аёл қандай ўринда бўлган?

 

 

 

Ислом шариатининг гўзал тарафларидан бири аёлларни зулм ва истибдоддан озод қилди. Жоҳилиятда аёл қул қилиниб, ерга урилар, мол ва овунчоқ мисоли сотилар ва харид қилинар эди. Унга ҳеч қандай нуфуз ва ҳеч қандай хурмат­эътибор билан қаралмасди. Мол­мулкка ўхшаб бир меросхўрдан иккинчи меросхўрга кўчиб юрарди, агар эри ўлса, унинг қариндошлари аёлини меросга олардилар. Бу худди мол ва матонинг меросхўрга қолиши каби эди. Ислом келиб, аёлни зулм ва туғёндан холос қилди, ўз ҳурмат­иззатини қайтарди. Унга инсоният нуқтаи назаридан ўз ҳуқуқлари борлигини белгилаб берди. Бу ҳақ­ҳуқуқлар аёлга инсоф қилиш ва барча моддий ва маънавий ҳуқуқларни ўз ичига олди.

Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Жоҳилият даврида эркак ўлса валий, ворислари унинг аёлига ҳақдор эдилар. Улар хоҳласа уйланар ва хоҳлашса унга изн беришар эди. Бу нарса аёлни эрга тегишдан узиб қўярди. Қизнинг аҳлидан кўра эрнинг аҳллари ҳақдорроқ эдилар. Бу хусусда бу оят нозил бўлган:

 «Эй мўминлар, сизлар учун хотинларни мажбурий ҳолда мерос қилиб олиш дуруст эмасдир» (Нисо, 19).

Табароний ривоятларида: (Эркак қариндошлардан бўлган аёлни мерос қилиб олар, уни никоҳланишдан тўсиб қўйиб, то у аёл ўлгунича ё унга қариндошининг маҳрини қайтаргунича ушлаб турарди) («Фатҳул Борий»)

Мана шу тарзда аёл мерос бўлиб шахсдан шахсга кўчиб юрарди. Агар чиройли бўлса, меросхўр унга уйланиб олар, хунук бўлса ўлиб ёки олган маҳрини қайтармагунича ҳибс қилиб турарди. Ислом келиб аёл бошидан зулмни ва душманликларни кўтарди. Уни қул қилишни манъ қилиб, эркак билан инсонийлик ҳурмат­иззатида баробар ўринга қўйди:

 «Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги (эрлари олдидаги) бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор» (Бақара, 228)