1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Маҳрлар мавзусидаги пайғамбар ҳадислари

Қуйида Расулуллоҳ (с.а.в.) кўрсатмаларидан далиллар тақдим этамиз:

Оишадан (р.а.), Набий (с.а.в.) айтдилар: «Албатта, никоҳнинг баракада улуғроғи таъминоти енгилроғидир»

Абу Довуд келтирган ривоятда: «Никоҳнинг яхшиси енгилроғи», деб келган (Буни Табароний Ибн Аббосдан (р.а.) қуйидаги сўз билан келтирганлар: (у (аёл)ларнинг яхшиси қалини (маҳри) енгилроғи)

Оишадан (р.а.) ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) айтдилар: «Аёл томонидан бўладиган саодат: никоҳ (хитбаси)нинг осон бўлиши, қалинининг осонлиги ва ҳомиласининг осон ўтиши» (Буни Аҳмад «Муснад»да келтирганлар. Яна бир ривоятда: «Аёл келтирадиган саодат – маҳрининг енгиллиги, никоҳининг осонлиги ва хулқининг гўзаллиги … ва аёл келтирадиган шумлиги – маҳрининг қимматлиги, никоҳининг қийинлиги ва хулқининг ёмонлиги», дейилган) «Аёл саодатидан» дейилишидан мурод ­ барака, хайр ва саодатдир. 

Саҳл ибн Саъд ас­Саидий (р.а.) айтдилар: «Бир аёл Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб: «Мен ўзимни сизга топширдим», деб узоқ вақт кутиб турди. Шунда бир киши айтди: «Эй Расулуллоҳ, агар унга ҳожатингиз бўлмаса, уни менга уйлаб қўйинг» Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сенда унга маҳр қиладиган бирон нарса борми?» дедилар. Айтди: «Менда шу изоримдан бошқа нарса йўқ». Ул зот: «Изорингни нима қиласан? Унга изорингни берсанг ўзинг нима қиласан! Бирор нарса қидириб кўр», дедилар. Саҳобий: «Ҳеч нарса топа олмадим», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Бирорта темир узук бўлса ҳам қидириб топ!» Қидириб ҳеч нарса топа олмагач, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сенда Қуръондан бирон нарса борми?» деб сўрадилар. «Ҳа, шу, шу сура», деб бир нечта сураларнинг номини айтди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сени унга Қуръондан бор нарсанг билан уйлаб қўйдим», дедилар) Бошқа ривоятда: «Тур ва унга йигирмата оят ўргат, у сенинг аёлинг бўлади», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.), айтдилар: «Қачонки Али Фотима (р.а.)га уйланганида ва олдига кирмоқчи бўлганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Унга бирон нарса бер» дедилар. Айтди: «Менда ҳеч нарса йўқ» Айтдилар: «Ҳутмий совутинг қани?» Шундай қилиб унга совутини берди, сўнг олдига кирди (Абу Довуд, Нисоий ва Ҳокимлар ривоят қилишган) 

Абу Довуд Ақаба бин Омирдан (р.а.) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: «Никоҳнинг яхшиси осонроғидир». Расулуллоҳ (с.а.в.) бир кишига: «Сени фалончи аёлга уйлаб қўйсам, розимисан?» дедилар. У киши: «Ҳа», деди. Ва аёлга ҳам: «Сени фалончига уйлаб қўйсам, розимисан?» деб сўрадилар. У ҳам: «Ҳа», деб жавоб берди. Шунда уларни никоҳлаб қўйдилар. Лекин у киши аёл олдига кирган вақтда ҳеч нарса бермаган эди. Қачонки, вафот чоғи келганида яқинларига: Расулуллоҳ (с.а.в.) мени фалончи (аёл)га уйлантирганларида унга (ҳали) ҳеч нарса бермаган эдим. Сизларни гувоҳ қиламанки, унга «ҳайбар» жангидаги (камон) ўқимни маҳр қилиб бердим», деди. Шунда аёл ўқни эрининг вафотидан сўнг юз мингга сотди (Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари).

Абу Саъд Худрийдан (р.а.) ривоят қилади: «Набий (с.а.в.) Оишага (р.а.) уй анжоми эвазига уйланганлар, унинг қиймати эллик дирҳам бўлган» (Ибн Можа).

Абу Салама бин Абдураҳмон (р.а.) айтдилар: «Оиша розийаллоҳу анҳудан сўрадим: «Набий (с.а.в.) аёлларининг маҳри қандай бўлган?» Оиша (р.а.): «У зот аёлларининг маҳри ўн икки уқия ва бир нашиш (кумуш) бўлган. Нашиш нималигини биласизми?» «Йўқ», дедим. Айтдилар: «Ярим уқия, бу беш юз минг дирҳам бўлади. Мана Расулуллоҳнинг (с.а.в.) аёлларига берган қалинлари» (Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).

Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.), Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Ким аёл маҳри учун кафтига сиғадиган «савиқ» (арпа ёки буғдойдан пиширилган каша) ё хурмо берса, ҳалоллаб олибди» (Буни Абу Довуд «Сунан»ларида келтирганлар. Яъни, маҳрдан бўлган озгина нарса миқдорида бўлса ҳам, ҳаттоки, бир сиқим «савиқ» ё хурмо бўлса ҳам берса аёл олдига кириш ҳалол бўлаверади.

Абдуллоҳ ибн Омир ибн Робиадан ривоят қилинадики, Бани Фазорадан бўлган бир аёл икки наъл (орқаси кесик, шиппакка ўхшаш оёқ кийим) эвазига эрга теккан, яъни унинг маҳри оёғига кийиб олган бир жуфт наъл бўлган, чунки эри косиб эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: «Ўзингга шу икки наъл берилганига розимисан?» деб сўрадилар. У: «Ҳа», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) у бунга ижозат бердилар (Термизий ривояти). Яъни: Унга бу маҳрни жоиз деб никоҳлаб бердилар. Маҳр жуда кам, арзимас эди, лекин аёл бунга рози бўлгани учун Набий (с.а.в.) никоҳни бекор қилмадилар.

Бухорий, Муслим ва Насоий, Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилишади: «Абдураҳмон ибн Авф Мадинага келганларида Набий (с.а.в.) тавсияси билан Саъд ибн Рабиъ ал­Ансорий билан ака­ука тутиндилар. Саъднинг икки аёли бор эди. «Келинг, сизга молимнинг ярмини берай, икки аёлим бор, бирини талоқ қилсам, иддаси ўтиб бўлганидан кейин, унга уйланинг», деди у. Абдураҳмон айтди: «Аллоҳ сизнинг аҳлингиз ва молингизга барака берсин! Менга бозор қаердалигини кўрсатинг!» Абдураҳмон бозорда олди­сотди билан шуғулланиб, фойдасига бир оз пишлоқ ва озгина ёғ сотиб олди. Бир неча кундан кейин Набий (с.а.в.) у кишини кўрганларида унда яхшилик ва ширин ҳидни сездилар ва: «Нима бўлди?» деб сўрадилар. Насоий ривоятларида шундай дейилади: «Мени Расулуллоҳ (с.а.в.) кўрганларида уйланганимдан хурсанд эдим ва: «Эй Расулуллоҳ, ансорлардан бўлган бир аёлга уйландим», дедим. «Унга қанча (миқдорда) маҳр бердинг?»  деб сўрадилар. «Бир уруғ оғирлигича олтин», дедим. Шунда у кишига Расулуллоҳ  (с.а.в.): «Аллоҳ сенга барака берсин, бир дона бўлса ҳам чорва (қўй ва эчки) билан тўй қил», дедилар.

Шу никоҳдаги маҳруруғчалик олтин эди. Яъни унинг қиймати Ибн Асир айтганларига биноан беш дирҳам бўлган.

Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобалари ихтиёр қилган асосий яхши хулқ иймонли, содиқ биродарлик эди. Саъдга ўз биродари Абдураҳмонга мол­мулкининг ярмини тақсимлаб, икки аёлидан хоҳлагани унга никоҳлаб бериш учун уни ҳатто талоқ қилмоқчи бўлди. Иддаси тугагач, Абдураҳмонга никоҳланишни мақсад қилди. У киши бажарган иш оддий ҳол эмас. Балки у Аллоҳ учун биродарлик садоқатини ўз нафсидан ортиқ билди. Лекин Абдураҳмон ибн Авф Саъднинг таклифини қабул қилмадилар. Балки биродарининг ҳақларига дуои хайр қилиб ундан бозорни кўрсатишини сўрадилар. Уларнинг бу ишлари айни мардлик эди. Абдураҳмон ибн Авф бозорда, тижорат билан шуғулланиб, ҳатто бойиб кетдилар. Ансорий аёлларига берган маҳрлари эса уруғ вазничалик олтин бўлиб, унинг қиймати беш дирҳам эди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) унга, «валима» қилиб, ҳеч бўлмаса битта қўй ё эчки сўйишларини буюрдилар. У кишининг ҳақларига яхшилик ва барака сўраб дуо қилдилар. 

Маҳрда юмшоқлик ва енгиллик

Маҳр ишидаги пайғамбар (с.а.в.) кўрсатмалари юмшоқлик ва енгиллик бўлиб, аёлларнинг баъзи ҳожатларида ёрдам бўлган. Аллоҳнинг Расулига саловотлар бўлсин, у киши баъзиларни бир сиқим хурмога, баъзи саҳобийларни Қуръондан бир неча оятлар таълим бериши эвазига уйлантириб қўйдилар, Фотимаи Заҳро учун оддий бир жанг совутини маҳр қилиб бердилар. Саҳобаларнинг баъзисига: «Ҳеч бўлмаса бир дона темир узук қидириб кўр», дедилар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) олдиларига аёлининг маҳри хусусида ёрдам сўраб келган кишидан сўрадилар: «Унга қанча бердинг?» У киши: «Тўрт уқия, кумуш (яъни чорак кило – 250 гр кумуш) деган эди, Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг кўплигидан ғазабланиб айтдилар: «Тўрт уқия худди анави тоғдек кумуш кесиб олаётганга ўхшайсизлар» (Ҳадисни Абу Ҳурайра ривоятларидан Муслим «Саҳиҳ»ларида келтирганлар. Лафзи: Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб: «Мен ансорлардан бир аёлга уйланяпман, менга унинг маҳри хусусида маслаҳат беринг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Унга қарадингми? Ансорлар кўзларида бир нарса бор, яъни, кўз кичиклиги», дедилар. «Унга қарадим», деди. Сўрадилар: «Қанча (маҳр)га уйланяпсан?» Айтди: «Тўрт уқия … ва юқоридаги ҳадисни зикр қилди)

Ҳозирги кунда баъзилар маҳрни, турмуш қуришдан асосий мақсад қилиб, уни қимматлаштиришади, бу билан гердайиб, фахрланишади. Бу нарса турмуш қуриш йўлида ўтиб бўлмас тўсиқларга айланиб, йигитлар бўйинларига кишан бўлади. Ота қизи учун юз минг ё икки юз минг риёл маҳрга сўрайди, она тўй ҳаражатларига ундан кўпроқ маблағ талаб қилади. Шунинг учун йигитларда турмуш қуришдан бош тортиш, ёки унинг ҳақида ўттиз ё қирқ ёшгача, уйланмасдан юрганини кўрасиз. Баъзан эса Европа ёки Америка шаҳарларига ўқишга кетиб олдимизга бир яҳудий, ё насроний қизни етаклаб келади. Унинг номи, насл­насабини билиб бўлмайди.