1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Исломдаги жуфтларнинг (эр­хотинлик) ҳуқуқлари

 

 

 

Ҳаким ва Алим бўлмиш Зот эрга аёл устида қандай ҳақлар вожиб бўлса, аёлга ҳам эри устида шундай ҳақларни вожиб қилди. Шу ҳақ­ҳуқуқларининг асли, Аллоҳнинг қуйидаги сўзларида ўрин топган:

 «Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги (эрлари олдидаги) бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор» (Бақара, 228).

Эркакларда аёллар устидан ҳуқуқ ва вожиблар бўлганидек, аёллар учун ҳам эркаклар устидан ҳуқуқ ва вожиблар бордир. Аллоҳ бу нарсаларни шариатда билдириб қўйган.

Оятдаги «даража» сўзига келсак, у билан «ҳомийлик» ирода қилиняпти. Яъни эрнинг аёли устидаги ҳомийлиги бўлиб, у туғён (ҳаддан ошиш), истибдод (зулм) ҳомийлиги эмас, балки масъулият ва вазифа ҳомийлигидир. Чунки эркак оила раиси ва унинг бошқарувчисидир. Аҳли оиласининг ишлари ва аҳволларини бошқариб туради. Эрнинг якка ўзи ҳамма нафақалар – ейиш­ичиш, кийим­кечак ва турар жой учун жавобгардир. Аёл миллионларга эга бўлса ҳам, ё инсонларнинг энг бойи бўлса ҳам, нафақа қилишга жавобгар эмас. Зеро, Аллоҳ эркакга оила ҳомийлигини топширганида унга ҳамма нафақаларни кўтаришни бўйнига юклаган. Аллоҳ таоло айтади:

 «Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни, бойлигига ярашадиган) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (яъни, ўз ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни ўзи ато этган (ризқ­рўз)дан бошқа нарсага таклиф қилмас» (Талоқ сураси, 7). 

Бу масъулият ва шу аёл устидан ҳомийлик қилишни Аллоҳ таборака ва таолонинг қуйидаги сўзи билан баён қилди:

 «Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол­мулкларидан сарф-ҳаражат қилганларидир» (Нисо сураси, 34)

Ояти кариманинг маъноси: Эркаклар аёлларининг ишларини масъулият билан бошқарадилар, улар аёлларининг нафақаси ва уларни йўналтириб туришга жавобгардирлар. Бошлиқлар раиятига туриб берганидек, туриб берадилар. Бунга сабаб Аллоҳ уларга ақл ва тадбир, ишнинг кўзини билишни ато этди. Уларни шу хислатлар орқали касб ва инфоқ (яъни тирикчилик) қилишга буюрди. Демак, улар аёлларга ҳимоя ва риоя (бошқарув), инфоқ (боқиш) ва одобли қилишга (тарбиясига) ҳомийдирлар.

Мана шу эркакнинг аёлга ҳомийлиги маъносидир. Масъулият ва жавобгарлик ҳомийлиги Ислом душманлари таърифлайдиган истибдод ва хорлаш ҳомийлиги эмас. Эркак, аёл ва ўғил­қизлар бир оиладир. Ва ҳар бир оилада жавобгар мудир бўлиши шарт. Эркак эса Аллоҳ таоло унга яратиб берган мукаммал ақл, чиройли тадбир, жисмоний қувват, касб ва тирикчиликка қодир бўлгани учун раисликка ҳақдордир. Шу билан бирга бу шарафли масъулият эмас, балки жавобгарлик масъулияти ҳамдир.