1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (с.а.в.) «Видолашув ҳажи»да аёллар хусусида қилган васиятлари

 

 

 

Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ҳажжатул­видаъ» – видолашув ҳажида, катта йиғинда аёллар хусусида гапириб, уларга яхшилик қилишга ва сабрли бўлишга васият қилади. Аёлларни эркаклар қўл остидаги асирларга ўхшатганлар. Инсон заиф асирга эҳсон, яхшилик қилиши вожибдир. Пайғамбаримиз шу ҳажларида Аллоҳ таолога ҳумду сано айтганлари ва бир мунча ваъз ва эслатмалар айтиб чиққанларидан кейин шундай дедилар:

Огоҳ бўлингки, аёлларга яхшилик билан панд­насиҳат қилинглар. Бас, албатта, улар ҳузурларингиздаги асирлардир. Мана шундан бошқа  ҳеч нарсага эга бўла олмайсизлар. Агар очиқ фаҳш бузғунчилик қилсалар, уларнинг ётоқларини тарк қилинглар ва азоблантирмайдиган қилиб уринглар. Сизларга итоат қилишса, улар устидан бошқа зулм қилманглар.

Огоҳ бўлингки, аёлларингиз устида ҳақланингиз бор ва аёлларингизнинг сизларнинг устингизда ҳақлари бор. Улар устидаги ҳаққингиз – ўрнингизга сиз ёқтирмайдиганларни киргизмасликлари ва уйларингизга сиз ёқтирмайдиганга изн бермасликларидир.

Огоҳ бўлингки, уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари уларга кийим­кечак ва озиқ­овқат эҳсон яхшилик қилишингиздир (Ибн Можа ва Термизий ривоят қилишган).

Муслим ривоятларида: «Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқинг, чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати билан олгансиз. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилиб олгансизлар. Сизнинг устингизда уларни яхшилик билан, ризқлантириш ва кийинишларини таъминлаш бордир» (Муслим ривояти). «Аллоҳнинг калимаси»дан мурод эр­хотин орасида бўладиган шаръий ақддир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нисо сурасининг 7-оятида айтади:

 «Улардан пухта аҳду паймон олдик» (Аҳзоб, 7)

Турмуш одоблари эркакнинг меҳрда содиқ, завжасига вафодор бўлиши ва у билан чиройли муомалада бўлиб суҳбатини ҳурмат қилишини талаб қилади. Чунки аёл унинг бир бўлагидир, хожасини хурсанд қиладиган нарса уни ҳам хурсанд қилади. Унга ёқмаган нарса, аёлига ҳам ёқмайди. Мана шу маъноларнинг ҳаммаси улуғ ва олий Яратувчи буюрган гўзал турмушнинг ичига киради:

 «Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар» (Нисо сураси, 19). 

 «Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин» (Нисо сураси, 19).

Улуғ йўлбошчи ва комил мураббий (с.а.в.) айтдилар: «Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшироғидир ва мен ўз аҳлига яхшироғи билан биргаман» (Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган).

Асарда келганки:  

«Аёлларни икром қилмади, магар икромли инсон,

Ва уларни хорламади, магар хор инсон»

Одобий ҳуқуқлардан эркалаш ва ҳазиллашишда Расулуллоҳ (с.а.в.)га иқтидо қилинса арзийди:

Пайғамбаримиз (с.а.в.) аёлларига нисбатан инсонларнинг энг ҳушчақчақи эдилар. Уларни эркалаб, улар билан ҳазиллашиб, ҳатто баъзилари билан мусобақалашиб югурардилар ҳам. Юқорида Набий (с.а.в.) Жобир бин Абдуллоҳ (р.а.) уйланаётганларида: «Бокирагами ё эрдан чиққангами?» деб сўраганларнинг маъноси ўтди. Жобир бин Абдуллоҳ саволга: «Эрдан чиққанга», деб айтганларида. Набий (с.а.в.): «Ахир бокира эмасми, сен уни ўйнатасан ва у сени ўйнатади, сен уни кулдирасан ва у сени кулдиради», деб марҳамат қилганлар («Фатҳул Борий»).

Яна бир ривоятда шу саҳобийга дедилар:

«Бокиралар ва уларнинг луъабларидан қаерда эдинг?»

Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи гўзалроғи ва аҳлига юмшоқроғи» (Термизий «Иймон»да келтирганлар)

Бошқа бир ривоятда: «Мўминларнинг иймони комили хулқи гўзалроғи ва сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшироғингиздир» (Термизий ривояти).

Оиша (р.а.), Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) масжидда ҳабашлар ўйинини кўрсатганлари ҳақида ривоят қиладилар. Пайғамбар (с.а.в.) аёлларининг ёнларида, уларга меҳрибонликлари туфайли, то Оиша тамошадан зерикиб кетиб қолмагунларича ёнларида бирга турдилар. Оиша (р.а.) дан келган ҳадиснинг мазмуни қуйидагича: «Мен масжидда ҳабашлар ўйинини кузатиб турганимда, то зерикмагунимча, мени Набий (с.а.в.) ридолари билан тўсиб турганларини кўрдим).

Аёлларига мулойим бўлишлари, уларнинг фаҳмларига қараб, илтифот қилишлари, шу сабабдан баъзи аёллари билан мусобақалашишлари пайғамбаримизнинг (с.а.в.) гўзал хулқларидан эди. Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир марта Оиша (р.а.) билан мусобақалашганлари ва улардан ошиб кетгани ва яна кунларнинг бирида мусобақалашганларида Оиша онамизнинг ўзиб кетганлар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Буниси аввалгиси билан баробар бўлди», деганларини ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ишларни саҳобалар аёллар билан чиройли турмуш қуришда учун тарғиб қилганлар. Кучли, қаттиқ ҳайбатли ва виқорли бўлган Умар (р.а.) айтар эдилар: «Эркак ўз аҳлига ёш болага ўхшаган қувноқ ва мулойим бўлиши керак. Агар одамлар орасида бўлса эркак бўлиши керак».

 Умар (р.а.) ва аъробий

Бир аъробий Умар (р.а.)га аёлининг ёмон хулқидан шикоят қилиш учун келди. Умар (р.а.)нинг уйларига келиб, эшигини қоққанида, аёлининг у кишига овозини кўтариб гапираётганини эшитиб қолди ва: «Эй, шўрим қурсин, агар мўминлар амирининг аҳволи шу бўлса, менинг аҳволим не?» деб орқаларига қайтаётганида, Умар (р.а.) чиқиб қолди. Аъробийни кетаётганини кўриб: «Сенга нима бўлди?» деб сўрадилар. Аъробий: «Эй амирул мўминин, ҳожатим бекор бўлди», деди. Умар (р.а.): «Бу ёққа кел ва мендан нима истаб келганингни айт», дедилар. У киши: «Эй амирул мўминин, сизга аёлимнинг ёмон хулқидан шикоят қилгани келувдим, аёлингизнинг ўзимнинг аёлим каби, балки баттароқ эканини кўрдим. Ўзимга ўзим агар бу амирул мўмининнинг ҳолатлари бўлса, мен ниа қиламан» дедим. Шунда Умар (р.а.) айтдилар: «Менда унинг ҳақлари борлиги учун бу ишларини кўтараман. Чунки у болаларимни тарбиялайди, овқатимни пишириб, кийимларимни ювиб, уйимни тозалайди. Устимда ҳақлари борлиги учун мен уни кўтараман» (Шайх Али Тантавийнинг «Умар ибн Хаттоб сийратлари» китобидан).

Бу Ҳазрати Умардек қаттиқ, ҳайбатли кишининг аёлларга бўлган муомалалари эди. У киши бу нарсаларни пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳидоят ва кўрсатмаларидан ўрганиб олганлар. Пайғамбаримиз комил эр намунаси бўлиб, аёлларига меҳр­муҳаббатли эдилар. Улар билан ўйнашиб­ҳазиллашиб юрардилар. Агар бирортаси журъат қилиб Набий (с.а.в.)га овозини кўтарса қуйидаги ҳодисага ўхшаб, уларни кўтарардилар.