1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мисрдаги хазина

Бағдодда катта меросга эга бир одам бор эди. Қисқа вақт ичида бутун бойлигини елга совурди, камбағал бўлиб қолди. Зеро, у бойликни ҳеч меҳнат-машаққатсиз қўлга киритган эди. Танг ҳолатда қолгач, Аллоҳ таолога ёлбориб, дуо-илтижолар қилди. Ниҳоят бир оқшом тушида: «Мисрга бор, у ерда катта хазинага эга бўласан», дейилди. Одам уйғонгач, вақтни ўтказмай Мисрга қараб йўлга тушди. Узоқ сафар чоғида очлик, ташналик, чарчоқ туфайли ниҳоятда қийналди. Бир неча кун Миср кўчаларида сарсон-паришон тентираб юрди. На бир бурда нон топди, на хазинанинг изини. Уялганидан кечалари тиланар эди. Ўша кунлари мамлакат бошшаҳри Қоҳирада ўғрилар кўпайганди. Миршаб уни тутиб олди, ўғри дея гумон қилиб роса калтаклади. Шунда уқувсиз тиланчи, бечора йўқсил: «Илтимос, урманглар, мен ўғри эмасман, бор ҳақиқатни айтаман» деб дод-фарёд солди.
– Қани айт-чи, ярим тунда нимани қидиряпсан? – деди миршаб. – балки мусофирдирсан, фақат ёлғон гапира кўрма, менга тўғрисини айт.
Бояги мусофир қасам ичиб, бошидан ўтган воқеаларни айта бошлади:
– Мен на ўғри, на кисавурман, бир ғариб бағдодликман, – дея кўрган тушини ва хазина қидираётганини айтди. Миршаб унинг гапларига ишонди ва:
– Ҳой инсон, сен қандай ақлсиз одамсан, бир тушга ишониб, хаёлга берилиб, шу ерларга келдингми? Неча йилдирки, мен Бағдодда фалон маҳалланинг фалон кўчасидаги уйнинг фалон жойида бир хазина яширилганини тушимда кўраман. Бунақа тушга ишониб бўларканми? Қани, тезда бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол-чи, акс ҳолда зиндонга ташлатаман, – деб бақирди.
Бу гапларни эшитган бояги бағдодликнинг қувончи ичига сиғмай кетди. Чунки миршаб айтган хазина кўмилган жой Бағдоддаги ўзининг уйи эди. У шоша-пиша шаҳрига йўл олди.