1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Оқ фотиҳа

Бир шогирд узоқ фурсат машҳур рассомнинг қўлида таълим олибди ва касб маҳоратини эгаллаб олгач, устозидан оқ фотиҳа беришни сўрабди.

- Ижозат берсангиз, мен ҳам мустақил иш бошласам, ўрганганларимни амалда тадбиқ этсам…

Устоз жавоб берибди:

- Сен менинг энг яхши шогирдимсан, жуда кўп нарсани ўргандинг. Аммо мустақил иш бошлашингдан олдин сўнгги маслаҳатим бор. Бунинг учун боргин-да, энг яхши расмингни чизиб кел!

Шогирд устозининг олдидан мамнун ҳолда чиқиб, бор маҳорати билан зўр расм чизибди. Сўнг уни устозининг олдига олиб келибди. Устози расмни кўриб, шогирдига топшириқ берибди:

- Энди шу суратни шаҳарнинг энг гавжум жойига олиб бориб илиб қўй ва ёнига қизил қалам қўйиб, шу сатрларни ёз: «Расмга эътирози борлар қизил қалам билан ўша эътироз ўрнига белги қўйсин!»

Ўз расмининг мукаммаллигига шубҳа қилмаган шогирд устозининг айтганини бажарибди ва икки кундан сўнг кўз ёш билан қайтиб келибди:

- Устоз, мендан рассом чиқмайди! Қаранг, энг мукаммал деб ҳисоблаган расмим ҳам одамларга ёқмабди.

Устоз қараса расмнинг ҳамма жойига қизил билан чизиб ташланган, қизил қалам тегмаган жойи йўқ ҳисоби. Шунда шогирдини овутиш учун устоз яна битта топшириқ берибди.

- Энди қизил қаламларни ўчириб ташлагин-да, шу расмни ўша гавжум жойга яна илиб қўй, аммо бу сафар расмнинг ёнида қизил қалам эмас, мўйқалам билан ранглар идишини қолдир ва шу сатрларни ёз: «Расмга эътирози борлар мўйқалам билан ўша эътирозни тузатиб қўйсин!»

Шогирд чиқиб кетибди. Бир кун, икки кун, бир ҳафта, бир ой вақт ўтибди. Аммо расмга биронта одам ўзгартириш киритмабди. Шогирд буни тушуна олмай турганида устози унга сўнгги маслаҳатини илинибди:

- Кўрдингми! Одамлар шунақа, танқид қилиш сўралса ҳамма ўзини шу касб мутахассиси ҳисоблайди, аммо тузатишга келганда ҳаммалари жим бўлишади. Унутма, бирон нарсани танқид қилишдан аввал ўрнига нима бера олишинг мумкинлигини ўйла. Йўқса, танқид қилма!