1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Тоғ ҳақида эртак

Бир куни ота-ўғил тоққа сафарга чиқишибди. Анча йўл юриб, баланд жойга етганларида, боланинг оёғи тойилиб кетибди ва у тиззасини тошга уриб олиб, йиғлаб юборибди:

- АААааааааайййййй!!!

Қизиқ томони, тоғнинг қаеридандир худди шу овозга ўхшаш товушлар эшитилибди:

- АААааааааайййййй!!! ААааййй!

Бола йиғидан овунибди ва овоз келаётган томонга бақирибди:

- Ким гапиряпти?

Тоғларнинг бағридан келаётган овоз саволга жавоб қайтариш ўрнига боланинг ўзини саволга тутибди:

- Ким гапиряпти, Ким гапиряпти, Ким….

Бу жавобдан жаҳли чиққан бола сўкинишга тушибди:

- Қўрқоқ!!

Шу заҳоти жавоб эшитилибди:

- Қўрқоқ!! Қўрқоқ! Қўрқоқ!

Бу ҳолатга ажабланган бола отасини сўроққа тутибди:

- Нима унақа бўляпти, дада?

Ўғлининг ишларини кузатиб турган дадаси тушунтира бошлабди:

- Қара, ўғлим, ҳозир мен сенга бир нарса кўрсатаман!

Шундай деб у ҳам бор кучи билан бақирибди:

- Мен сени яхши кўраман!

Ҳалиги овоз бунга жавоб қайтарибди:

- Мен сени яхши кўраман! Мен сени яхши кўраман!

Ўғлининг хайрон бўлиб турганини кўрган ота яна бақиришда давом этибди:

- Сен зўрсан!

Ўша заҳоти жавоб эшитилибди:

- Сен зўрсан! Сен зўрсан! Сен зўрсан!!

Бола тоғдаги овознинг отасига бошқача жавоб қайтараётганига, ҳозиргина болани қўрқоқ деб ёмонлаган бўлса-да, отасини яхши кўришига ва зўр деб тан олаётганига ажабланибди.

- Бунинг номи акс-садо, деб тушунтирибди ота ажабланиб қараб турган ўғлига. - Лекин аслида буни ҳаёт деб атасак ҳам бўлаверади.

- Тушунмадим, дада,- дебди бола.

- Акс-садо сен нима гап гапирсанг, худди шуни ўзингга қайтариб беради. Ҳаётда ҳам биз худди шу акс-садо каби муносабатлар қуршовида яшаймиз. Бу ерда акс-садо сенинг қанақа гап айтаётганингга қараб худди шу гап билан жавоб қайтарса, ҳаётда сенинг қанақа иш қилаётганингга қараб атрофдагилар худди шунақа жавоб қайтаришади. Акс-садо «қўрқоқ» деб айтганингда «қўрқоқ» деб жавоб қайтарганидек, ҳаётда ҳам бошқаларга ёрдам кўлини чўзишдан қўрқоқлик қилсанг, вақти келганида бошқалар ҳам сенга ёрдам қўлини чўзишга қўрқоқлик қилишади. Атрофдагилардан қанақа муносабат кўришни хоҳласанг, ўзинг ҳам уларга шу муносабатни кўрсат, шунда акс-садоси ўзингга қайтади. Ўртоқларинг сени яхши кўришини хоҳлайсанми, сен ҳам ўртоқларингни яхши кўр. Танишларинг сени ҳурмат қилишини ёқтирасанми, сен ҳам танишларингга ҳурмат кўрсат. Бегоналардан ёрдам сўрамоқчимисан, аввало ўзинг бегоналарга ёрдам қўлини чўзиб, акс-садони бошлаб бер. Ҳаёт шу акс-садонинг ўзгинаси, нима берсанг, сенга шуни қайтариб беради.

Отанинг ўғлига берган маслаҳатларига эътибор қаратсангиз, бугунги мавзумиз ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўласиз. Аммо юқоридаги гапларга шуни ҳам қўшимча қилишни истардикки, бугунги ҳаётингиз тасодиф эмас. Бугунги ҳаётингиз ўзингизнинг аксингиз!