1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Саодат уйи

Тарихнинг мумтоз саҳифаларида Ҳазрати Али ва Ҳазрати Фотима разияллоҳу анҳуларнинг оилаларининг ўз ўрни бор. Бу оиланинг барпо бўлишида, туй ҳозирликлари ва амалларида бир қанча ўрнак бўлишга арзигулик амаллар бор.
 Турмуш қуриш, ўйланиш инсон хилқатида бор нарса. Севги ва садоқат, ҳурмат каби ҳислар остида қурилган оилалар, жамиятнинг мустаҳкам буғинидир. Бундай оилаларда бир-бирларига ҳурмат, хотиржамлик ҳукм суради ва бу оилалар бошқаларга ибрат бўла олади. Шу каби оилалар ҳозирда ҳам мавжуд. Тарихда эса Ҳазрати Али ва Ҳазрати Фотиманинг саодатли оилалари шундайлар сирасига кирган. Биз бу ибратли оила билан яқиндан танишмоққа киришдик.

Саодат уйининг бекаси:

 Жаннат аёлларининг саййидаси, Ҳазрати Фотима онамиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наслларини давом этишига сабабчи энг кичик қизларидир. Ҳазрати Фотима Оламлар Анбиёси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олиб, ҳар амалда оталаридан ўрнак олганлар. Фотима онамизни кўрганлар нафақат ташқи кўринишлари, балки ҳаё, жўмартлик, марҳамат, сўзлашиши маданияти, юриш тарзлари ҳам оталарига ўхшаганлигии айтганлар. Улар ҳамма замон аёлларига ўрнак бўлишга лойиқ аёлдирлар. Ҳазрати Фотимага Расули акрам ва атрофидагилар тарафидан берилган сифатлар уларнинг ахлоқий устунлигини англатишга етарлидир. Ибодатга эътиборлари кучли бўлганлиги сабабли юзларидан илоҳий нур таралишидан “Заҳро”, виқор ва чиройли табиатли бўлганликларидан “Аёллар Саййидаси”, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга ахлоқий ва жисмоний ўхшашликлари сабабли “Бинту Анбиё”, яхши зеҳн ва хотираларидан “Заккия”, ҳеч кимни ранжитмасликлари ва атрофдагиларига қўлларидан келганча яхшилик қилишлари билан “Марзия” деб аташган.

 Саодат уйининг беки Али

 Ўрта буйли, кўзлари йирик-йирик, гўзал юзли бўлган Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу нафақат жисмоний гўзаллиги, балки жасорати, зеҳни ва одоби билан атрофдагиларни ҳавасини келтирган йигит эди. Али болалик давридан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбиятлари остида бўлиб, ҳар бир ишда у киши намуна олганлар. Бу тарбия эса ҳазрати Алини ахлоқ бобида юқори даражага кўтарганди. Ҳадича онамиздан сўнг, ўн ёш бўлишига қарамай Али катталарга хос виқор билан Исломни қабул қилган. Исломни қабул қилгандан эътиборан Али Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисоли кўланкалари бўлиб, дини ўрганишга, қўлидан келганча уларга ёрдам беришга ҳаракат қилган. Ҳижрат кечаси мушриклар Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлдиришига қарор қилганларида, ўз ҳаётини таҳликага қўйиб уларнинг ётоқларида тунни ўтказган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни жуда яхши кўрардилар. Бунга илова қилиб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг илк ойларида Маккаликлар ва Мадиналиклар орасида бирдамлик ва яқинликни сақлаш ниятида қардошлик аҳди тузганларида Али розияллоҳу анҳуга қарата: “Сен менинг дунёда ва охиратда қардошимсан” деганларини айтсак бўлади.

 Туй тадориги

 Ҳазрат Али ва Фотима розияллоҳу анҳу бир-бирларини жуда яхши танирдилар. Фотима онамизга совчилар кела бошлаганда улар ўн беш ёшларда эдилар. У кишини нафақат пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари деб эмас, балки ҳақиқатан гўзал ахлоқ соҳибаси бўлганлари сабабли ҳам қўлларини сўровчилар кўп бўлган. Лекин Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада Алининг сўз очишини кутардилар ва сўровчиларга чиройли тарзда рад жавобини берардилар. Ҳатто бир кун: “Раббим! Қизимга ҳайрли бир қисмат насиб эт. Амакимнинг ўғли Али унга жуда мос келарди”, деб дуо қилганлари ривоят этилади. Али эса Фотима онамизга уйланишни орзу қилар, фақат бу орзуни руёбга чиқариш учун ўзида матонат топмасди. Кунлардан бир кун Фотиманинг қўлларини сўраш ниятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига чиқди. Бўладиган суҳбатнинг нозиклигини сезган Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бир эҳтиёжинг борми?”, деб сўраганлар Алининг ҳаяжондан тили айланмай қолди. “Фотиманинг қўлини сўрагани келдингми?”, дедилар. Ҳазрат Али фақат “Ҳа”, дея олдилар холос. Бу таклифни Фотима онамизга билдиришди. Улар рози бўлганларини сукут билан билдирдилар. Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавоблари: “Марҳабан ва ахлан” бўлди. Бу сўзлар уларнинг хурсандлигидан далолат берарди. Фотиманинг кўзларини эса севимли оталари билан айрилиқ ёшлари тўлдирди.
Ҳазрати Али бой эмасдилар. Қўлларида Бадр ғазоти ўлжаси тақсимотида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан берилган зирҳ бор эди. Бу зирҳни сотиб, туй ҳаражатларига сарфланди. Дастурхонга меҳмонлар учун гул суви, хурмо ва асал шарбати тортилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оила ҳақида гапирдилар. Меҳмонлар гувоҳлигида 400 дирҳам кумуш маҳр сифатида берилиб, никоҳ ўқилди. Никоҳ сўнггида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оиланинг ҳайрли бўлишини, туғиладиган фарзандларни аслзода бўлишларини тилаб дуо қилдилар. Али ҳам бу никоҳни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқиганларидан хурсанд бўлиб, Аллоҳга шукроналар айтди. Тўй тугагач, меҳмонларга хурмо ва асал шарбати икром қилинди. Меҳмонлар тарқалгач, тўй тугаганлиги ҳақида хабар бериш учун қизларининг ёнига кирар эканлар, суюкли аёллари Ҳадичанинг бу кунларни кўришга насиб етмаганини эслаб кўзлари ёшга тўлди. Берилган маҳрга уй учун энг керакли ашёлар олинди. Фотима онамизга сарпо сифатида хурмо барги тўлдирилган ёстиқ, қўл тегирмони ва теридан тикилган сув идиши бердилар. Бу ашёлар ўша замон учун ҳам жуда содда эди. Зеро, оила қурилишидан мақсад моддий афзалликлар эмас, балки икки ёшнинг бахтли ҳаёт кечириши эди. Севгили Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўйнинг энг яхшиси ҳаражати кам бўлганидир” деб марҳамат қилганлар. Бу ашёларни Фотима онамиз умрларининг охиригача ишлатганлари ривоят қилинади.

 Оиладаги баробарлик

 Бу оила ҳурмат, эъзоз асосида қурилган бўлиб, улар ҳаётини боғлаган икки дўст эдилар. Оила илм мажлиси эди гўё, кўп Қуръон ўқишар, ҳадисларни муҳокама қилишарди. Ҳазрати Али аёллари Фотимадан ривоят этган ҳадислари бунга далилдир.
 Бу икки дўст рўзада соим, ибодатда қоим эдилар. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳудан сўрадилар: “Қайси аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам га жуда суюкли эди?” “Фотима» дедилар Оиша розияллоҳу анҳу “Эркакларданчи?” дейишди, “Фотиманинг эри! Зеро Али кўп рўза тутади ва намоз ўқийди”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гўзал сифатларни суюкли фарзандларида кўриб севинардилар. Қизлари келсалар, уларни ўринларидан туриб, қўлидан ушлаб, ёноқларидан ўпиб эъзоз билан кутиб олардилар. Али намунали оиланинг раиси эди. Аёли ва болаларига нисбатан жуда марҳаматли ва меҳрибон бўлганлар. Улар тижорат билан шуғулланар, шу билан бирга Қуръон сураларини ёзишда котиблик қилар ва Ислом учун хизмат қилардилар.
 Оиланинг моддий аҳволи унчалик яхши бўлмасада Али ва Фотима қўлларидан келганча фақир ва мискинларга Аллоҳ йўлида ёрдам беришга жўмарт эдилар. “Молларини кеча ва кундуз, яширинча ва очиқ сарфлаган кимсалар…” (Бақара 274) оятининг Али ва Фотима розияллоҳу анҳулар ҳақида тушганлиги ривоят қилинади.
 Бу саодатли уйнинг азиз меҳмони Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Улар қизлари ва куёвларини икки ёнларига олиб, суҳбатлашар, насиҳат қилар ва ҳайрли ишлар қилишга чақирар эдилар.
 Улар ҳаётнинг аччиқ, тотли кунларида бир-бирларига тиргак бўлганлар. Али розияллоҳу анҳу Фотима онамизга уй ишларида ёрдам берар, сув ташиш, бозорга бориш ва шу каби кўча ишлари уларнинг зиммаларида эди. Али розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Фотима тегирмон қўлларини қавартириб, азоб бераётганидан шикоят қилиб, ўзига бир хизматкор сўраш мақсадида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда йўқ эканлар. Кейин шу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳуга айтдилар. Оиша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида Фотиманинг илтимосини етказдилар. Жаноб Расулуллоҳ уйимизга келдилар, биз ухлаб ётган эдик. Мен ўрнимдан турмоқчи бўлган эдим: “Қимирлама”, дедилар. Сўнг иккаламизнинг ўртамизга кириб ўтирдилар, ҳатто мен кўкракларимга тегиб турган оёқларининг совуққотиб кетганини ҳис қилдим. Кейин бизга: “ Бир хизматкорга эга бўлмоғингиздан кўра яхшироқ амални сизларга ўргатайми? Ўринга ётганингизда 33 марта “Алҳамдулиллаҳ” 33 марта “Субҳаналлоҳ”, 33 марта “Аллоҳу акбар”айтинглар, бу сизлар учун хизматкордан кўра яхшироқдир” дедилар. Улар бу ўгитга қулоқ тутиб, амал қилдилар.
Ҳазрати Али ва Фотима онамизнинг оилаларида бир кўнгилсиз воқеа рўй берганди. “Мисвар ибн Маҳрама ривоят қилади: “Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб: “Ҳишом ибн Муғира қабиласи аҳли ўз қизини Али ибн Абу Толибга бермоқчи бўлиб, мендан изн сўради. Мен рухсат бермайман, фақат Али ибн Абу Толиб қизимни талоқ қилиб, уларнинг қизига уйланишни истасагина рухсат бераман! Чунки қизим менинг бир бўлагимдир, уни шубҳага солган нарса мени ҳам шубҳага солади ва унга азият етказган нарса менга ҳам азият етказади!” дедилар. Шу билан бу кўнгилсизликка барҳам берилди. Али розияллоҳу анҳу Фотима онамиз оламдан ўтганларидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари олдида айтган гаплари уларга бўлган муҳаббатларини кўрсатади: “ Салом бўлсин сизга ё Расулуллоҳ! Сиздан айрилиш, сизнинг вафотингизни кўриш ва бунга сабр қилиш мен учун азоб эди. Энди эса қизингиздан айрилиш азобига сабр қилишим керак. “Ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтажакмиз”(Бақара, 151). Берган омонатингиз мендан олинди”.
Ҳазрати Али ва Ҳазрати Фотиманинг, Ҳасан, Ҳусайн, Муҳсин, Умму Гулсум ва Зайнаб исмли уч ўғил ва икки қизлари бор эди. Фарзандларининг ҳар бирини исломий аҳлоқ билан ўстирдилар. Тарихда улар етиштирган насллар жуда таниқлидир. Бу бахтли оила, бахтиёр баробарлик ҳаммамизга ўрнак бўлсин.

Мадина